Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:46

Бувайда электросеть: Биз предоплатани тўхтата олмаймиз!


Фарғона вилояти Бувайда тумани Электр тармоқлари унитар корхонаси маъмурияти аҳолидан электр токи учун аввалдан ҳақ йиғиб олинишини тўхтатиш ҳаққига эга эмаслигини тан олди. Расмий маълумотга кўра, айрим давлат ишчилардан корхонанинг қарзи миллион сўмга яқинлаб бораётган бўлса-да, уларнинг иш ҳақи ва пенсияларидан ойига 200 киловатт электр энергия учун мажбурий чегирма ушлаб қолинишига туман, вилоят ва шаҳар молия бошқармалари масъулдир.


"Фарғона вилояти электр тармоқлари" унитар корхонасининг Бувайда туманидаги филиали маъмурияти аҳолидан электр учун аввалдан ҳақ йиғиб олинишини тўхтатиш ҳаққига эга эмаслигини тан олди.

Ташкилот раҳбари Раҳмонали Мамасолиевнинг мухбир билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, унинг ташкилоти фақат электр токини сотишга масъул.

"Бизда предоплатани (Электр учун аввалдан йиғиб олинадиган ҳақ - Таҳр.) тўхтатишга ваколат йўқ. Уни ўша ҳақдор ишчига қайси ташкилот ойлик ёки пенсия бераётган бўлса, ўша ташкилотнинг ўзи ҳал қилади. Биз фақат электр токини сотадиган ташиклотмиз", деди "Фарғона вилояти электр тармоқлари" унитар корхонасининг Бувайда туманидаги филиали раҳбари Раҳмонали Мамасолиев.

Электр тармоқлари идорасида 300 минг сўмдан 1 миллион сўмга қадар ҳақи йиғилиб қолаётган бўлса-да, аввалдан ойлик тўлов ундирилишини тўхтатолмай сарсон бўлаётган бир гуруҳ фуқаро номидан бувайдалик бир тингловчи Озодликка боғланди.

Бувайда туманининг Қўнғирот қишлоқ фуқаролар йиғинидаги кексалар номидан боғланган ва ўзини шартли равишда Холисбек, деб номлаган тингловчи ҳақдор фуқаролар электр токи учун олдидан ҳақ олишни тўхтатиш ҳаракатида эканини айтди.

- Бизнинг оилада менинг пенсиямдан ва келинимиз ўқитувчи - унинг ойлигидан у ёқ бу ёғи 60 минг сўм ушлаб қолади. Ҳар ойда шундай. Ҳозир бизнинг электросетдаги пулимиз 700 минг сўмдан ошиб кетган. Шунга мен предоплатани вақтинча тўхтатиб туринглар, десам: "Биз фақат қарзи бор деган қоғоз берамиз, предопталани тўхтат, деган қоғоз бермаймиз, деб сарсон қилаяпти булар. Ҳа свет жонивор уч ойдан бери тайинли берилмайдику?! - дея норози бўлди бувайдалик Холисбек бува.

Унинг айтишича, у яшайдиган маҳаллада жами 240 хонадон ва шу хонадонларда яшайдиган бюджет ташкилотлари ходимларининг аксарияти электросетдан ҳақдор.

Бу ҳолатни тан олган мутасадди Раҳмонали Мамасолиев мухбир билан микрофонсиз суҳбатда ҳақдор фуқароларга бир йўл билан ёрдам бериши мумкинлигини айтди:

"Биз қарздорлик ва ҳақдорлик ҳақида справка беришимиз мумкин. Улар шу ҳақдорлик ҳақидаги қоғозини олиб бориб, ойлик ёки пул берадиган ташкилотни бухгалтерига беради. Лекин, ушлаб қолишни тўхтатиш-тўхтатмасликни уларнинг ўзлари ҳал қилади. Бунга бизнинг алоқамиз йўқ, улар бошқа ташкилот", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда Бувайдадаги электросет раҳбари.

Фарғона вилоятидаги Электр тармоқлари идорасининг бир неча филиалидаги навбатчи ходимларнинг айтишича, ҳатто ходимларнинг ўзи ҳам корхонадан ҳақдор.

"Менинг ўзим ҳам 360 минг сўмлик ҳақдорман. Лекин, барибир ойига 200 киловатт мажбурий предопалата бор менда. Энди тартиб шунақада, молия бошқармалари предопалатани олади. Энди бу системага биз жавобгармас. Ҳокимиятга чиқинг, ҳокимиятнинг молиясига чиқинг", деди Фарғона вилояти электр тармоқлари унитар корхонаси ходимларидан бири.

Давлат бюджетидан ойлик маош ва пенсия оладиганлар ҳақидан ойлик равишда 200 киловат электр токи учун олинаётган ҳақ, расмий маълумотларга кўра, туман, вилоят ва шаҳар молия бошқармалари ҳисобига тушмоқда.

Кейинги суршитирувларимизда бу маблағ борадиган манзилини суриштиришга уриниб кўрамиз.

Озодлик бу йил янада кучайган энергетик тақчилликка оид мурожаатлар, шикоятлар ва хабарларни ZIMISTON-UZ блогига жамлашга киришди.

Бизга боғланинг, хабарларингизни йўлланг! Биргаликда муаммо кўламини аниқлаш ва ечимини топишга уриниб кўрамиз!

Ozodskype, @ozodlik, ozodlikmail@gmail.com, WhatsApp + 420 608 549 460
XS
SM
MD
LG