Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:53

Каримовни Прагага Чехия президенти Милош Земан таклиф этмаган


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни Прагага Чехиянинг ҳозирги президенти Милош Земан таклиф этмаган. Бу ҳақда Чехия Президентининг матбуот котиби Иржи Овчачек Озодлик радиосига маълум қилди.

Айни пайтда Прага шаҳри мэри Томаш Гудечек Украина Президенти Януковичнинг Чехияга ташрифига қарши эканлиги тўғрисида баёнот берди.


Чехия Президентининг матбуот хизмати раҳбари Иржи Овчачек Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон раҳбари Каримов Прага шаҳрига Чехиянинг собиқ президенти Вацлав Клаус таклифига кўра келаётганини айтди.

– Ўзбекистон раҳбарини собиқ президент Вацлав Клаус таклиф этган ва анъанага кўра Земан ўзидан аввалги Президент таклиф этган давлат раҳбарларини қабул қилиши керак, - деди Овчачек.

Ўтган ҳафта Human Rights Watch ташкилоти Чехия Президенти Милош Земанни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан шу ой охирига белгиланган Прагадаги учрашувини "Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятда конкрет ўзгаришлар бўлмагунча кечиктириб туришга" чақирган эди.

Халқаро майдонда нуфузли саналган Human Rights Watch ташкилотига кўра¸ демократия ва инсон ҳақларига ҳурмат асосий қадриятлардан саналган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, хусусан, Чехия Ислом Каримов каби авторитар давлат раҳбарлари билан учрашар экан, бундай учрашув муайян шартлар асосида амалга оширилиши лозим.

Чехия президенти матбуот котиби Иржи Овчачекнинг Озодлик мухбирига айтишича, Ислом Каримов билан Прагада бўладиган музокараларда давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик, икки давлат ўртасидаги виза тартиби, ўзбекистонлик талабаларнинг Чехияда билим олишлари билан боғлиқ масалалар муҳокама этилади.

Жаноб Овчачек Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари мавзуси икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги алоҳида консультациялар доирасида кўриб чиқилажагини айтди.

- Ўзбекистонлик талабаларни Чехияда ўқитиш дастурини кенгайтириш, икки мамлакат фуқароларининг ўзаро борди-келдилари учун виза тартибини енгиллаштириш каби масалалар кўриб чиқилади. Ўзбекистон, шунингдек, халқаро террорчиликка қарши курашда ҳам муҳим давлат ҳисобланади, - деди Овчачек.

Каримовнинг Прага сафари 21-23 февралга белгиланган.

Кутилаётган ташриф Ўзбекистон раҳбарининг Чехия Республикасига иккинчи ташрифидир. Ислом Каримов илк бор Чехияга 1997 йил январь ойида сафар қилган эди.

2001 йилда Прагада ҳибсга олинган Ўзбекистон мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳни Тошкентга экстрадиция қилишдан Чехия ҳукуматининг бош тортиши икки мамлакат ўртасига совуқчилик солган эди.

Чехиянинг ўша пайтдаги Президенти Вацлав Ҳавел Ўзбекистон билан муносабатлардаги иқтисодий манфаатларни четга суриб, Муҳаммад Солиҳни Прага қасрида қабул қилган эди.

21 феврал куни Чехия президенти Милош Земан айни қасрда дунёдаги энг қаттол диктаторларнинг бири экани айтиладиган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни қабул қилиши кутиляпти.

Айни пайтда Чехиялик фаоллар президент Милош Земандан Киевда намойишчиларга куч қўлланилишига масъул, деб кўрилаётган Украина президенти Виктор Януковичнинг Прагага ташрифини бекор қилишни талаб этмоқда.

Прага шаҳри ҳокими Томаш Гудечек ҳам Януковичнинг Чехияда нон-туз билан кутиб олинишига қарши эканини айтиб, бунинг ўрнига Киевдаги намойишлар давомида жабрланганлар учун ярим миллион чех кронаси (25 минг АҚШ доллари) миқдорида ёрдам пули ажратиш ташаббуси билан чиқди.

– Айнан президент Януковичнинг самолёти Вацлав Ҳавел номи билан аталувчи аэропортга қўниши абсурддир, - деди Томаш Гудечек. Президент Земан ўтган йил Киевга сафари чоғида украиналик ҳамкасби Януковични Прагага таклиф этган эди. Ташриф апрел ойига белгиланган.
XS
SM
MD
LG