Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:58

ABC News: Ғ.Раҳимов олимпиада учун Сочи танланишида қўли борлигини тан олди


АҚШдаги ABC News телеканали ўзбекистонлик криминал авторитет Ғафур Раҳимов 2014 йилги қишки олимпиада ўйинлари учун Россиянинг Сочи шаҳри танланишида қўли борлигини тан олганини хабар қилди. Телеканалнинг Дубайдаги мухбирига интервью берган Раҳимов бу ишга пора аралашганини рад этган.


ABC News телеканали 7 февралда бошланажак 2014 йилги Қишки олимпиада ўйинлари учун Россиянинг Сочи шаҳри танланишида ўзбекистонлик криминал авторитет Ғафур Раҳимовнинг қўли борлиги ҳақида хабар қилди.

Телеканалнинг Дубайдаги мухбири билан таржимон орқали суҳбатлашган ўзбекистонлик тадбиркор, айни дамда қидирувда бўлган Ғафур Раҳимов буни шахсан тан олгани айтилди.

Куни кеча намойиш қилинган "World News With Diane Sawyer" кўрсатувида Сочи олимпиадаси тайёргарлиги ортидаги коррупцияга оид иддаолар юзасидан суриштирув ўтказган ABC News мухбири Ғафур Раҳимовнинг таржимони сўзларидан шундай иқтибос келтирди:

" У (Ғафур Раҳимов - Таҳр.) бу одамлар билан жуда яқин алоқага эга бўлгани учун уларни бунга кўндирган. У жуда кучли таъсирга эга", дейди Ғафур Раҳимовнинг таржимони ABC News телеканалининг Дубайдаги мухбири билан телефон орқали қурилган суҳбатда.

АҚШ ва Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари қидирувига асосланиб, Ғафур Раҳимовни "россиялик сирли ишбилармон", "уюшган жиноий гуруҳ раҳбари ва наркобарон", деб таърифлаган АҚШ ахборот воситаси унинг порага оид айбловларни инкор қилганини ҳам келтирди.

"Раҳимов ўз таржимони орқали пора берганига оид иддаоларни рад этди. "Бунга зарурат йўқ эди", деди унинг таржимони", дейилди ABC News телеканали намойиш қилган ҳужжатли фильмда.

Сочи шаҳрида бўлиб, олимпиадага тайёргарлик жараёни ва бунга масъул мутасаддилар, шунингдек, олимпиада шаҳарчаси қурилиши танқидчилари билан бир-бир учрашган америкалик журналистнинг иддаосича, Ғафур Раҳимов қўлловисиз Сочи шаҳрининг қишки олимпиада учун танланиши жуда мушкул бўлар эди.

ABC News телеканали мухбири Сочида бўлажак олимпиадага ҳозирлик ортидаги криминалга оид бу каби иддаолар юзасидан Россия президенти Владимир Путин матбуот хизматига мурожаат қилгани ва у ердан бирор изоҳ ололмаганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.

Бунга қадар Россияда чоп этиладиган “Новая газета” нашри ҳам айни мазмундаги иддаоларни илгари сурган эди.

Газета ихтиёридаги маълумотларга асосланиб, 2007 йилда Халқаро Олимпия Қўмитаси аъзоларининг Сочи шаҳрини ёқлаб овоз беришида ўша пайтда Осиё Олимпия кенгашининг вице-президенти бўлган Ғафур Раҳимов муҳим рол ўйнагани ҳақида ёзди.

Нашр Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қидирувга берган Ғафур Раҳимовнинг Сочи Олимпиадасида ҳурматли меҳмон сифатида қатнашиши ва бунинг жанжалга сабаб бўлиши эҳтимолидан сўз очди.

2013 йил февралида Тошкент шаҳар ИББ Раҳимов Ғафур-Арслонбек Аҳмедовични ЎР ЖКнинг 165, 243 ва 228-моддалари (Товламачилик, Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда Давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосида айблаб, қидирувга берган.

Ундан бир йил олдин АҚШ Молия вазирлиги наркотрафик билан шуғуллангани айтиладиган “Биродарлик халқаси” (Братва) уюшган халқаро гуруҳи етакчилари рўйхатига Ғафур Раҳимовни ҳам киритган эди.

АҚШ Молия вазирлиги эълон қилган ҳужжатда:

"Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан биридир. У Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда", дейилди.

80-йиллардан бошлаб Ўзбекистон ва Марказий Осиëдаги криминал тўдалар ичида нуфузини кучайтириб келгани айтиладиган Ғафур Раҳимов Тошкент ҳукумати томонидан мамлакат спорти, хусусан, боксни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаëтган йирик тадбиркор сифатида эътироф этилган ва ўз вақтида шахсан президент Каримов томонидан олқиш ва мукофотларга сазовор кўрилган.

Бундан 12 йил муқаддам Сиднейдаги Олимпиада ўйинларида Осиë олимпия қўмитаси расмийси сифатида қатнашмоқчи бўлган Ғафур Раҳимов Австралия хавфсизлик идоралари томонидан “халқаро наркобарон” деган шубҳа остида мамлакатга киритилмаган ва бу шов-шувга сабаб бўлган эди.

Норасмий манбаларга кўра, 2008-2009 йиллар оралиғида мамлакатдаги бизнес мавқеини сақлаб қолиш учун президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан рақобатга киришганидан сўнг Ғафур Раҳимов ҳукумат, хусусан, Ислом Каримов марҳаматидан мосуво бўлган ва 2010 йилга келиб Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

2012 йил июнида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Раҳимовнинг вице-президентлик ваколатларини тўхтатгани ва Бокс миллий уюшмаси раҳбари лавозимидан ҳам четлатганини расман маълум қилган.

Шундан буён унинг Бирлашган Араб Амирликларида яшаб келаётгани айтилмоқда.

“Новая газета” нашрига кўра, шу кунларда Раҳимов Сочи Олимпиадасига оила аъзолари билан боришни ва хусусий уйда туришни режалаган.
XS
SM
MD
LG