Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:34

HRW: Каримов инсон ҳақлари вазиятини яхшиламагунча¸ Прагага келмасин!


Human Rights Watch ташкилоти Чехия президенти Милош Земанни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан келаси ой охирига белгиланган Прагадаги учрашувни мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятида конкрет ўзгаришлар бўлмагунча¸ кечиктириб туришга чақирди.

Халқаро майдонда нуфузли саналган Human Rights Watch ташкилотига кўра¸ демократия ва инсон ҳақларига ҳурмат асосий қадриятлардан саналган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар¸ хусусан¸ Чехия¸ Ислом Каримов каби авторитар давлат раҳбарлари билан учрашар экан¸ бундай учрашув муайян шартлар асосида амалга оширилиши лозим.

Озодлик билан суҳбатда Human Rights Watch ташкилотининг Марказий
Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов бу талабни шундай изоҳлайди:

- Бу ташриф демократия ва инсон ҳуқуқлари тимсоли бўлган Чехия Республикаси обрўсига жиддий зиён етказади. Президент Земан учун бу ташрифни қолдиришга ҳали ҳам вақт бор. Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш йўлида конкрет қадамларни қўймагунича Чехия президенти Каримовни Прага қасрида қабул қилмаслиги керак, дейди Свердлов.

Чехия президенти маъмурияти ва мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган маълумотга кўра¸ 2014 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон президентининг давлат ташрифи билан Прагага келиши кутилмоқда.

Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра¸ Каримовнинг Прага сафари 21-23 февралга белгиланган.

Президент Ислом Каримовнинг Прагага ташрифи амалга ошса¸ бу унинг 2005 йилги Андижон фожиасидан кейин Европа Иттифоқи мамлакатларига учинчи расмий сафари бўлади.

Андижонда юзлаб тинч намойишчининг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилиши ортидан Европа Иттифоқи Ўзбекистон расмийларига виза чекловлари ва қурол эмбаргоси жорий этган эди. Аммо бу санкциялар 2009 йилда Ўзбекистон ҳукумати қўйилган шартлардан бирортасини бажармагани ҳолда¸ бекор қилинган эди.

- Европа Иттифоқи 2010 йилда Ўзбекистон билан алоқаларни қайта тиклаш учун Тошкент ҳукуматига қатъий талабларни қўйган эди. Бу талаблар орасида барча сиёсий маҳбусларни озод этиш, ноҳукумат ташкилотлари, журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг Ўзбекистонда фаолиятига изн бериш, БМТ идоралари, жумладан БМТнинг қийноқлар бўйича маърузачиси билан ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистон қамоқхоналарига киришига рухсат бериш, мажбурий меҳнатдан воз кечиш, пахта саноатида болалар меҳнатига чек қўйиш бор эди. Каримов шу талабларни бажармагунича¸ Европада мўътабар меҳмон бўлишга лойиқ эмас, дейди Свердлов.

Ўзбекистонни қарийб 25 йилдан бери бошқариб келаëтган Ислом Каримов 1997 йилда расмий ташриф билан Прагага сафар қилган эди.

2001 йилда Чехия ҳукуматининг Прагада ҳибсга олинган Ўзбекистон мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳни Тошкентга экстрадиция қилишдан бош тортиши икки мамлакат ўртасига совуқчилик солган эди.

Чехиянинг ўша пайтдаги президенти Вацлав Ҳавел Ўзбекистон билан муносабатлардаги иқтисодий манфаатларни четга суриб, Муҳаммад Солиҳни ўз қароргоҳида қабул қилган эди.

- Чехия президенти Земан ўз мамлакатининг Ўзбекистон билан алоқалари ўтмишидан сабоқ чиқариши керак. Чехия собиқ президенти, марҳум Вацлав Ҳавел 2001 йилдаёқ диссидент ва мухолифат намаяндаларини Ўзбекистонга топширмаслик кераклиги, бу мамлакатда қийноқлар хавфи борлигини тан олган эди. Ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳ Прагада ҳибсга олинган пайтда у бу ҳақда таъкидлаган эди. Чехия шунингдек, андижонлик қочқинларнинг бир гуруҳини ҳам ўз бағрига олган мамлакат. Чехия демократия ва инсон ҳуқуқлари қадриятларидан чекинмаслиги керак, дейди Свердлов.

Чехия расмийлари Ўзбекистон президенти билан муҳокамалар марказида асосан иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари бўлиши¸ айни пайтда¸ ўзбек ва чех расмийлари Каримов сафари давомида инсон ҳақлари¸ матбуот эркинлиги¸ хусусан¸ сиëсий мухолифатга нисбатан муносабат мавзулари ҳам кўтарилажагини билдирганлар.

“ЕИ аъзоси бўлган Чехия ҳукумати бу борада Ўзбекистонда мавжуд вазиятни мунтазам кузатиб боради ва бу муаммоларни очиқ муҳокама қилишдан ҳамма учун¸ хусусан¸ ўзбек мухолифати учун ҳам наф етади”¸ дея таъкидлади ўз исми очиқланишини истамаган чех расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда хорижда яшайдиган ўзбекистонлик фуқаровий жамият фаоллари Ислом Каримов ташрифи куни Прагада норозилик намойиши ўтказишни режаламоқда.
XS
SM
MD
LG