Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:46

Жамшид Мухторов АҚШ судига шарт қўйди


Жамшид Мухторов.
Жамшид Мухторов.

АҚШда террорчиликка алоқадорликда айбланаётган ўзбекистонлик муҳожир Жамшид Мухторов ўз иши бўйича маҳкама чоғида Миллий хавфсизлик агентлигининг оммавий кузатув дастури ёрдамида йиғилган далил-исботлардан фойдаланмасликни талаб қилаяпти.


Бу борадаги талабнома Мухторовнинг иши кўриб чиқилаётган Денвер (Колорадо штати) федерал маҳкамасига айбланувчининг адвокатлари ва Нью Йоркдаги “Америка фуқаровий эркинликларни муҳофаза қилиш уюшмаси” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан топширилган.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлигининг хабар қилишича, судга йўлланган талабномада Мухторовнинг адвокатлари АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг суд томонидан рухсат олинмаган кузатуви айбланувчининг конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини бузганини таъкидлайдилар. Ҳуқуқ ҳимоячилари баёнотида ўзбекистонлик фуқаро хавфсизлик агентлигининг кузатув дастури таяниб ишлайдиган қонуннинг конституциявийлигига судда эътироз билдирган илк айбланувчи экани айтилади.

Жиззахлик 36 ёшли муҳожир Жамшид Мухторов Америка расмийлари томонидан Покистонда жойлашган “Исломий жиҳод иттифоқи” террорчилик ташкилотига ёрдам берганликда айбланмоқда. Мухторовнинг телефон орқали суҳбатларини тинглаган ва электрон почтасини очиб кўрган АҚШ махсус хизматлари, иддаоларга кўра, унинг учинчи шахслар орқали мазкур гуруҳ билан алоқада бўлиб тургани ва уларга ёрдам таклиф қилганини ўрганганлар.

Ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШ Адлия вазирлиги Мухторов иши бўйича судга “Хорижий разведкаларни кузатиш тўғрисида” 1978 йили қабул қилинган қонунга мувофиқ, ташқи истиҳборат хабарларини йиғиш жараёнида олинган маълумотларни тақдим қилишини билдирганди.

АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден фош қилмиш маълумотлар натижасида ўтган йили йирик сиёсий жанжал марказига тушиб қолган Миллий хавфсизлик агентлиги ҳам ўз махфий дастурларини шу қонун асосида амалга ошириб келади.

Эътиборли жиҳати шундаки, авваллари АҚШ Адлия вазирлиги ҳеч қачон бундай маълумотни ошкор қилмаган. Кузатувчилар тахминича, Адлия вазирлиги бу билан Миллий хавфсизлик агентлиги дастурининг америкаликлар ва иттифоқчиларни террорчиликка ўхшаган таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун нақадар муҳимлигини намойиш қилмоқчи бўлган бўлсалар керак.

Associated Press агентлигининг ёзишича, мазкур қонуннинг конституцияга нақадар мувофиқлиги юзасидан аввал билдирилган эътирозлар, даъвогарлар кузатув ҳадафига айланганини исботлай олмагани учун, АҚШ Олий суди томонидан рад этилган.

АҚШга қочқин ўлароқ келган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган Жамшид Мухторов 2012 йилнинг 21 январ куни Истанбул шаҳрига учиб кетмоқчи бўлган пайтда Чикаго халқаро аэропортида ҳибсга олинганди.

Қўлга олинган пайтда унинг ёнидан 2800 доллар, иккита янги iPhone қўл телефони, iPad ва GPS аппарати топилган.

АҚШ матбуотига кўра, “Исломий жиҳод иттифоқи”га ëрдам кўрсатишда айбланаëтган Жамшид Мухторов ўзига қўйилаëтган айбловларни инкор қилган.

Дастлаб Ўзбекистонда ташкил этилгани айтиладиган “Исломий жиҳод иттифоқи” 2004 йили Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчихоналари ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратураси биносига ҳужумлар уюштирганликда айбланган.

Ҳужумлардан сўнг АҚШ Давлат департаменти “Исломий жиҳод иттифоқи”ни халқаро террорчи гуруҳлар рўйхатига киритган.

Агар Жамшид Мухторовга қўйилаëтган айблар маҳкамада ўз тасдиғини топса¸ у 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG