Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:20

Андижонлик 77 яшар отахонга уйини бузган ҳокимият товон тўлашдан бош тортмоқда


77 яшар Маҳамаджон Маматқулов бузилган уйи ўрнида
77 яшар Маҳамаджон Маматқулов бузилган уйи ўрнида
Андижон туманининг Камолот кўчасида истиқомат қиладиган 77 ёшли Маҳамаджон Маматқуловнинг уйи ободонлаштириш дастури доирасида 2011 йилда бузиб ташланган эди. Орадан уч йил ўтган бўлса ҳам пенсионер уйига бульдозер солган ҳокимият товон пули ҳам, қурилиш материаллари ҳам бергани йўқ.

"Уйингизни бузамиз ва зарарни қоплаймиз"

Андижон вилоятининг Андижон туманидаги Камолот кўчасининг 1-уйида истиқомат қиладиган 77 ёшли Маҳамаджон Маматқуловнинг олти сўтихлик ҳовлисида ўн тўрт жондан иборат уч оила яшайди.

2011 йилнинг сентябрь ойида кўчани ободонлаштириш мақсадида Андижон тумани ҳокимияти қарорига биноан тўрт хонали уйга бульдозер солинган эди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Маҳамаджон отанинг айтишича, ҳокимият бузилган уйга товон пули тўлашга ваъда бердию аммо бажармади:

- Андижон вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси Ҳамидулла Халилович, Андижон тумани ҳокимининг муовини Турсунбой Хўжамбердиевлар “уйни бузинг бу ердан кўча ўтади, ўзимиз янги қуриб берамиз” деб ваъда беришган эди. Уйга бульдозер солишди. Лекин уйимнинг жойидан кўча ҳам, улар айтган "қизил чизиқ" ҳам ўтмади, бузилгани қолди, холос, дейди Маҳамаджон ота.

Суҳбатдош, ҳокимият фақат кўча томонга баланд девор қуриб берганини, бузилган уйни энди тан олмаётганини таъкидлайди:

- Ҳоким ўринбосари Турсунбой Хўжамбердиевга, туман ҳокимига жуда кўп мурожаат қилдим. Шикоятимга ҳеч ким қулоқ солмади. Вилоят прокуратурасининг тақдимномасини ҳам ҳокимият бир чақага олмади, дейди Маҳамаджон ота.

Прокуратуранинг ҳам "тиши" ҳокимиятга ўтмади

Маҳамаджон Маматқулов Андижон вилояти прокуратурасининг унинг шикоятига юборган жавоби нусхасини Озодликка тақдим этди. Бу жавобда ҳақиқатан ҳам прокуратура отахон уйининг бузилганини тасдиқлар экан, буни кўриб чиқиш учун туман ҳокимлигига тақдимнома киритилгани ёзилади:

Вилоят прокуратурасининг Маҳамаджон Маматқулов шикоятига жавоби
Вилоят прокуратурасининг Маҳамаджон Маматқулов шикоятига жавоби
“Сизнинг яшаш уйингиз ҳам шаҳарсозлик нормаларига мос келмаганлиги сабабли 4 хонали уй-жойингиз бузилиб, унинг ўрни девор билан ўраб берилган ва 4 хонали уй-жойингиз (бошқа уй назарда тутилган - таҳр.) ҳомийлар томонидан реконструкция қилиниб берилган. Шунга қарамасдан Андижон тумани ҳокимлигига тақдимнома қиритилиб, унда сизнинг 4 хонали уй-жойингизни бузилиши қайта кўриб чиқилиши қайд этилганини маълум қиламан”, деб ёзилади прокуратура жавобида.

Бироқ, вилоят прокуратурасининг туман ҳокимлигига киритган тақдимномасига қарамасдан, Маҳамаджон Маматқулов уйининг бузилиши қайта кўриб чиқилмади.

Маҳамаджон ота шу пайтгача на бир комиссия, на бир масъул шахс бузилган уйларнинг нархини хатлаганини айтади:

- Агар бир сўм товон пули чиқариб берганда, айтардим: “Ҳа менинг уйимнинг нархи бир сўм экан”, деб. Лекин товон пули ҳам чиқарганмас, зараримизни тўлаган ҳам эмас, деди Маҳмаджон Маматқулов.

Озодлик Маҳмаджон отанинг шикоятига муносабат олиш мақсадида Андижон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Турсунбой Хўжамбердиев билан боғланди. Ҳоким ўринбосарининг айтишича, ҳокимият барча зарарни тўлаган:

- Отахонга ҳамма ёрдам берилган, қўлига ҳам бердик. Отахон уй-жойининг олдидан ариқ ўтиб, ёрилиб кетганлиги учун ҳам ночорликдан бузганмиз, йўлга тушганлиги учун эмас. Кўча томонини архитектурага мос қилиб, деворларини уриб, краскаларини қилиб берганмиз, деди ҳоким ўринбосари Турсунбой Хўжамбердиев.

Ҳоким ўринбосари билан қилган суҳбатимиздан сўнг Озодлик яна Маҳамаджон ота билан боғланиб ҳокимиятдан конкрет қандай ёрдам олганини сўради:

- Бекорларни айтибди, ёлғончи у. Президентга ҳам ёзган эдим. Хат айланиб яна ҳокимиятга келиб тушибди. Ҳоким ҳам сизнинг уйингиз “қизил чизиқ”қа тушгани йўқ, шунга товон тўламаймиз деб жавоб берибди. Ўзлари бузиб, энди ўзлари тан олмаяпти. Барча гаплари ғирт ёлғон, деди Маҳамаджон ота.

Маҳамаджон ота ва унинг 14 жондан иборат оиласи ҳозир вилоят прокуратураси комиссияси 2012 йилда келиб кўриб тасдиқлаган авария ҳолатидаги уйда яшамоқда.

"Бузасан, қурасан ёки бўшатасан"

Сўнгги икки-уч йилдан бери Ўзбекистон шаҳарлари ва туман марказларининг марказий кўчаларини ободонлаштиришнинг ажабтовур усули қўлланилмоқда: уйингни бузасан, икки-уч қават қилиб қайта қурасан, кучинг етмаса бўшатиб қўясан.

Бундай сиёсат оқибати ўлароқ уйсиз қолган ўзбекистонликлар бузилган уйлари учун товон пули жуда кам тўланаётгани ёки умуман берилмаётганидан шикоят қиладилар.

Ўтган йилнинг февралида урганчликлар шаҳар марказидаги уйлар, xусусий дўкон ва ресторанлар бузилгани, уйи бузилган хонадон эгалари товон пули ололмаëтганидан шикоят қилган эди.

Апрелда Андижон вилоятининг Избоскан тумани Пойтуқ шаҳарчаси аҳолиси вакиллари уйлар ва тадбиркорлик объектлари бузилаётгани, товон пули ва ер участкалари берилмаётганидан шикоят қилган эди.

Жиззахда эса уйи бузилган фуқароларнинг давомли норозиликлари ортидан шаҳар ҳокимияти уйлари бузилган ҳар бир оилага ваъда қилинган товон пули ўтган йилнинг охиригача тўланишини ваъда қилган эди.
XS
SM
MD
LG