Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:39

МТС Ўзбекистонга қайтиш юзасидан музокараларни давом эттирмоқда¸ аммо ҳозирча натижа йўқ


Айни кунларда ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида “26 январь куни МТС Тошкентда қайта иш бошлайди” деган хабар энг қизғин муҳокама қилинаëтган мавзу бўлиб қолмоқда. Озодлик билан суҳбатда МТС расмийлари¸ ўзбек бозорига қайтиш-қайтмасликка оид саволлар юзасидан изоҳ бермасликларини билдирдилар.

Асосий акциялари Россиядаги “Система” акционерлик-молия компаниясига қарашли МТС (МобильныеТелеСистемы) ўзбек мобил алоқа бозорига қайтиб¸ иш бошлаш юзасидан музокараларни давом эттирмоқда.

Бу музокараларда “Система” АФК директорлар кенгаши раиси Владимир Евтушенковнинг шахсан ўзи иштирок этмоқда.

Ўтган ой Россиянинг “Ведомости” нашрига берган интервюсида Евтушенков¸ 2012 йил ëзида Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган МТСнинг Ўзбекистонга қайтиш эҳтимоли реал мавжуд экани ва бу борада Тошкент билан бораëтган музокараларда шахсан ўзи қатнашаëтганини билдирган эди.

“Ҳа¸ бу музокараларда шахсан қатнашаяпман¸ аммо ҳозирча ҳеч қандай прогноз йўқ. Бу музокаралардан бир натижа чиқса яхши; чиқмаса ҳам яхши. Бугун бу биз учун тарихга айланди. Албатта¸ қайтишимиз ҳам МТС¸ ҳам Ўзбекистон учун яхши бўлади. Аммо¸ айтганларидек¸ иблис тафсилотларга бекинган бўлади¸ шунинг учун....” деган эди бу суҳбат давомида маъноли қилиб Евтушенков.

Афтидан¸ ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган МТС 26 январдан Ўзбекистонда расман иш бошлайди¸ деган хабар билвосита Евтушенковнинг ана шу баëнотига асосланади.

Айни шу баëнотни дастак қилиб Қирғизистон расмий ахборот агентлиги 16 январь куни МТСнинг ўзбек мобил алоқа бозорига қайтиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди ва бу ҳам ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни қизитмай қолмади.

22 январь куни Озодлик мухбири суҳбатлашган МТС матбуот котиби Дмитрий Солодовников¸ ширкатнинг Ўзбекистонга қайтиш-қайтмаслиги борасида шарҳ беришдан сақланажаги ва Евтушенков айтган гапга қўшимча ахборот бера олмаслигини билдирди.

Айни пайтда¸ Озодликнинг МТСга яқин манбаси¸ ўз шахсияти очиқланмаслиги шарти билан музокараларнинг кўпдан давом этаëтгани¸ аммо 26 январь куни Ўзбекистонга қайтиш ҳақидаги гап-сўзларда асос йўқлигини таъкидлади.

“Ўзбекистондаги сиëсий вазият беқарор бўлиб турган ҳозирги шароитда¸ музокараларнинг қандай натижа билан тугаши ўта мавҳум. Тошкентдаги бу борада бугун қарор берувчилар МТС Ўзбекистонга қайтсин¸ деган тўхтамга келган тақдирда ҳам¸ бир марта оғзи куйган МТС муайян кафолатлар истайди.
Чунки МТС Ўзбекистонга қайтса¸ станцияларни қайта ишга тушириш учун уларни таъмирлаш¸ янги асбоб-ускуналар ва янги компютер дастурлари сотиб олишга мажбур бўлади. Бу эса ўнлаб¸ балки юзлаб миллион доллар харажат деганидир. Бу сармоя хавфсизлигини ким ва қандай кафолатлайди? Айниқса¸ Ўзбекистонда парламент ва президент сайловлари ўтадиган йилда¸ ҳокимият алмашинуви пайти яқинлашаëтган бир даврда МТС ўзини яна бир марта ўтга ташлашдан сақланади”¸ деди Озодликнинг МТСга яқин манбаси.

Айни манбанинг таъкидича¸ МТС ва Ўзбекистон раҳбарияти Ўздунробита ишини қайта тиклаш юзасидан расмий келишувга эришган тақдирда ҳам¸ мобил алоқа операторининг ўз мижозларига хизмат кўрсатишни бошлаши учун камида тўрт ой муҳлат керак бўлади.

“Бутун мамлакат бўйлаб станцияларни қайта ишга тушириш¸ одамларни ишга ëллаш ва уларни тайëрлаш энг тез бўлганда ҳам камида 3-4 ой вақт талаб қилади. Шунинг учун МТС Ўзбекистонда 26 январь куни иш бошлайди¸ деган хабар ўзбекистонлик мижозлар орзуси холос”¸ дейди МТС-Ўзбекистон музокаралари вазиятидан хабардор манба.

МТС нинг Ўзбекистонда "Ўздунробита" номи остида фаолият олиб борган шўъбаси 2012 йил ёзида расмий Тошкент қарори билан фаолиятини тўхтатган эди. Ўзбекистон расмий идоралари "Ўздунробита" ширкатига йирик миқдордаги даромадни солиқдан яшириш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш каби айблар қўйган.

Тошкентнинг МТС фаолиятини тўхтатиши оқибатида мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа оператори бўлган "Ўздунробита"нинг 10 миллионга яқин мижози бир кунда алоқасиз қолган эди.

Тошкент ҳукуматини Ўзбекистондаги мўмай даромад келтирадиган бизнесларини тортиб олишга уринишда айблаган МТС ўзига қўйилган айбларни рад қилган ва Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказ(ICSID)га Ўздунробита лицензиясининг бекор қилиниши юзасидан шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилиши ноқонуний бўлгани, бунинг оқибатида 1 миллиард 80 минг АҚШ долларли соф даромаддан қуруқ қолгани ҳақда даъво аризаси киритган МТС раҳбарияти ўтган ой ўз мол-мулки қайтарилиши учун охирига қадар курашиш қарорида қатъий эканини баëн қилган эди.
XS
SM
MD
LG