Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:42

Тожикистон ва Қирғизистон отишма бўлган ҳудуддан ҳарбийларини кўчирмоқчи


Қирғиз-тожик чегарасидаги жанжалга қурилаётган мазкур йўл сабаб бўлди.
Қирғиз-тожик чегарасидаги жанжалга қурилаётган мазкур йўл сабаб бўлди.

Тожикистоннинг Исфара шаҳрида 15 январь куни кечга яқин якунланган Қирғизистон –Тожикистон расмийлари музокарасида икки кун ичида 11 январда отишма содир этилган чегара олдидаги аҳоли пунктларидан ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш ҳақида таклиф киритишга келишиб олинди.

Расмий маълумотларга қараганда, Исфарадаги учрашувда қирғиз томонидан Қирғизистон ҳукуматининг мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот бўлими бошлиғи, генерал-майор Алик Мамиркулов, Қирғизистон Чегара хизмати бош штаби бошлиғи полковник Искендер Мамбеталиев қатнашган. Тожик томонидан эса Тожкистон мудофаа кенгаши котиби Абдурахим Қаҳоров, Тожикистон Чегара қўшинлари қўмондони генерал-лейтенант Ражабали Раҳмонали ва бошқа расмийлар иштирок этган.

-Учрашувда икки томон ҳамкорликда ишлайдиган комиссия ташкил қилиш протоколини имзолади. Бу комиссия икки кун ичида воқеа содир бўлган чегара ҳудудига жойлаштирилган ҳарбийлар сонини текшириб чиқади. Шундан сўнг ҳар икки тараф ўз раҳбариятига қайси ҳудудда қанча ҳарбийни қолдириш мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида таклиф киритади. Бу таклиф асосида учрашув ўтказилиб, икки кундан кейин ортиқча ҳарбийларни чегарадан олиб чиқиб кетиш ҳақидаги шартнома имзоланади, -деди Қирғизистон чегара хизмати штаби расмийси Сайитжан Эратов.

Шу билан бир қаторда қирғиз расмийлари 11 январь куни қирғиз ва тожик чегарачилари ўртасида отишма содир бўлган чегара ҳудудида вазият мураккаблигини, аммо назорат остида эканини эътироф этмоқдалар. Қирғизистон Чегара хизмати 14 январь куни тарқатган баёнотида Қирғизистон ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, жумладан, эҳтимолий қуролли тажовузга жавоб бериш учун барча чора-тадбирлар кўрилганини маълум қилган. Бундай баёнотлар ортидан 11 январь кунги отишма содир бўлган қирғиз-тожик чегарасидаги аҳоли ўртасида ваҳима кайфияти пайдо бўлган. Тожик матбуоти воқеа жойидан тожикистонликлар вақтинча бошқа ҳудудларга чиқиб кетаётгани ҳақида хабарлар тарқатган эди.

-Биз кечаси билан ухламай чиқаяпмиз. Бунинг сабаби, кеча “10 соат ичида бу ердан чиқиб кетинглар” деган буйруқ олган тожикистонликлар кўчиб кетишаётган эмиш, уруш бўлар эмиш, деган миш-мишлар тарқалди. Одамлар “кўчиб кетсакмикин”, деган ваҳимада юрибди, -деди отишма содир бўлган ҳудуд яқинидаги Қирғизистоннинг Кўктош қишлоғи раиси Разия Ўсўрова.

11 январь куни тушдан кейин Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғи ва Тожикистоннинг Ворух эксклави чегарасида қирғиз ва тожик чегарачилари ўртасида отишма содир бўлган, бунинг оқибатида Қирғизистоннинг беш нафар, Тожикистоннинг уч нафар чегарачиси ярадор бўлган эди. Қирғизистон томони тожик чегарачилари минемётлардан ўқ отгани ҳақидаги далилларни эълон қилган.

Воқеада ҳар икки томон бир-бирини айблаган эди. Отшима тожик чегарачилари Қирғизистон томони “Кўктош-Оқсой-Тамдиқ” автойўлини ноқонуний тарзда баҳсли ҳудудда қураётганини иддао қилиши ортидан бошланиб кетган. Қирғизистон томони эса йўл қурилаётган ҳудуд Қирғизистонга тегишли эканини айтиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG