Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:46

Ўзбекистон бозорларида жой пули қимматлади


13 январь куни Ўзбекистон бозорлари ва савдо мажмуаларида бир марталик йиғимлар, ижара ҳақлари ва кўрсатиладиган хизматлар учун олинадиган ҳақларнинг янги минимал миқдорлари жорий этилди.

Янги нархлар - ўтган йилгидан 10-15 фоизга қиммат.

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қўшма қарори билан жорий этилган янги нархлар тўғрисидаги бу янгилик, бир қарашда, одатдаги зерикарли бюрократик ҳужжат бўлиб кўриниши мумкин.

Бироқ савдогарларнинг сўзларига қараганда, мазкур зерикарли ҳужжат ортида анча қизиқ гаплар мавжуд.


Турли "вазн"ли бозорлар

Норма.уз сайти қарор тўғрисида хабар билан бирга бозорлар ва савдо мажмуаларида бир марталик йиғимлар, ижара ҳақлари ва кўрсатиладиган хизматлар учун олинадиган ҳақларнинг янги минимал миқдорлари акс этган батафсил таблицани ҳам эълон қилди.

Ҳужжат мазмунидан мамлакатдаги бозорлар ва савдо мажмуалари 3 категорияга: Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ва туман марказларига бўлингани аниқ бўлади.

Яъни пойтахт бозорларидаги жой энг қиммат, тумандаги энг арзон, вилоят маркази бозорларидаги жой нархи аввалги иккитасининг ўртасида.

Масалан, пойтахт бозорида маҳаллий мева сотувчи савдогар бир кунда 2500 сўм (ўтган йили 2200 сўм эди) жой пули тўласа, вилоят марказидаги савдогар 1800 сўм (ўтган йили - 1600), туман бозоридаги бир кунлик жой эса 1000 сўм (ўтган йили - 900) туради.

Мевафуруш маҳаллий эмас, импорт мевалар сотар бўлса, иш жойи учун кунига Тошкентда 7000, вилоятда 5000, туманда 2500 сўм тўлайди.

Хизмат ҳақи

Қарорга илова қилинган иккинчи таблицада бозор маъмурияти кўрсатадиган хизматларнинг минимал нархи белгилаб қўйилган.

Масалан, тарози ва унинг тошларини Тошкент бозорлар маъмурияти кунига 1250 сўмга беради. Бу рақам вилоятларда 800, туманларда 525 сўмдир.

Ижара ҳақи

Қарорга илова қилинган учинчи таблицада бозорлар ва савдо мажмуалари савдогарларга берадиган бинолар ва қурилмалар учун ижара ҳақларининг минимал миқдорлари белгилаб қўйилган.

Масалан, озиқ-овқат сотиладиган дўкон майдонининг ҳар бир квадрат метри учун бир ойлик ижара ҳақи Тошкентда 25000, вилоятда 11400, туманда 5700 сўм қилиб белгилаб қўйилган.

"Савдо жойи" нима?

Бозордаги “савдо жойи” тушунчасига аниқлама берилган: бир қулоч (1, 1,2 метр) кенглигидаги жой “бир савдо жойи”дир.

Жойдан жойнинг фарқи бор

Тошкентлик савдогар Миркомил аканинг дўкони бозорда ҳам, савдо мажмуасида ҳам эмас – шаҳар четроғидаги маҳалла ичида. Илтимосимизга биноан у қарорга илова қилинган таблицаларни ўрганиб чиқди.
Миркомил ака таблицада бозордаги жойлар бозорбоплигига қараб дифференциация қилинмаганига эътиборимизни қаратди:

- Масалан, бозорнинг дарвозаси олдидаги дўкондад битта пальто оламан десангиз, 100 минг туради. Худди шунақа пальтони чеккага бориб оладиган бўлсангиз, 70 мингга сотишга мажбур. Буни нотўғри ҳисоблашган. Менимча, бозорда ишлайдиган тадбиркорлар бу нарсани кўтариб чиқса маъқул бўларди, дер экан, Миркомил ака дарҳол “дефференциациясини бозорқўмларнинг ўзлари қилиб олади”, деб кулиб ҳам қўйди.

Унинг айтишича, бозорларда тушадиган пул “тўлалигича давлат чўнтагига тушмайди. 40 фоизи тушса ҳам катта гап!”.

Озодлик: Нима учун 30 ëки 50 эмас 40 фоиз деган рақамни айтаяпсиз?

- Масалан, бозордаги дўконни, одатда, битта одам ижарага олган бўлади, лекин ўша ерда 4-5та тадбиркор ўз молини олиб чиқиб сотаëтган бўлади. Кейин ўша 4-5та тадбиркордан ҳам “мана шунча квадратга пул тўлайсан” деб бозор маъмурияти ҳақ олади.

Озодлик: Ҳисобга олинмаган пулми у?

- Ҳисобга олинмаган пул. Бунақа дўконлар ҳамма бозорларда бор ва кўп
, дейди тошкентлик савдогар Миркомил ака.

Отингни сот, молингни сот - бозорқўм бўлми?

Бозорнинг гавжум қисми туманларда ҳам бозоргир. Ҳозирда Россияда ишлаб юрган Шокиржон Андижон вилояти туманларидан бири бозорида бир неча йил ишлаган. Унинг айтишича, бозордаги “яхши жой”нинг хуфя ҳақи ҳам “яхшигина”:

- Бозорнинг ичида аҳоли кўпроқ келадиган жойда 1000-2000 долларлик жойни оласиз.

Озодлик: Бир йилгами?

- Бир йилгамас, бу энди гаплашишингизга боғлиқ. Лекин паттасини тўлаб турасиз ҳар кун. Паттаси 1000 сўм.

Озодлик: 1000 сўм бу жой пули. Сиз 1000 доллар ҳам дедингизда...

- Сиз бозорга тўланадиган пулни айтаяпсиз ҳозир, 1000 сўм деб паттани айтаяпсиз. Агар бирорта бозор ходими, каттароқ одам билан гаплашиб пул берсангиз, олдинроқдан жой беради.

Озодлик: Тўланадиган 500 ëки 1000 доллар ҳақ бу патта эмас. Бозорқўмнинг чўнтагига тушадими у?

- Ҳа, худди шундай.

Озодлик: Квитанция бермайди-а?

- Йўқ. У жой сизга документалний бўлмайди,
деди андижонлик Шокиржон.

РЕАЛ ижара нархлари

Ўзбекистон бозорлари ва савдо мажмуаларида бир марталик йиғимлар, ижара ҳақлари ва кўрсатиладиган хизматлар учун олинадиган ҳақларнинг 13 январдан жорий этилган янги миқдорлари МИНИМАЛ миқдорлардир.

РЕАЛ миқдорлар ҳақида эса, Тошкентнинг Чорсу бозорида ишловчи Музаффарнинг айтганларидан бироз тасаввур ҳосил қилиш мумкин:

Бозорнинг гавжум қисмидаги бўйи 4, эни 3 метрли хусусий дўконнинг бир ойлик ижараси учун тўланадиган ҳақ - 800 доллар; четроқдаги 3X3 дўкон 250-300 доллар, бундан ташқари ойига 150-160 минг сўм атрофида коммунал тўловлар ҳам борки, бу пулни ким тўлаши қандай келишилганига боғлиқ.
XS
SM
MD
LG