Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:47

Қишлоқ мактабларида синф хоналари кўча совуқлигида қолмоқда


Ўзбекистондаги қишлоқ мактабларининг куни яна қадимги "буржуйка"ларга қолди
Ўзбекистондаги қишлоқ мактабларининг куни яна қадимги "буржуйка"ларга қолди
Ўзбекистонда қишнинг қаттиқ келиши қишлоқ мактаблари ўқитувчи ва ўқувчиларини танг аҳволда қолдирди. Газ таъминотидан батамом узилган мактабларнинг ўқувчилари совуқдан азоб чекмоқда. Баъзи туманларда, синфхоналарни иситиш учун ўқувчилар навбат билан ўтин олиб келишга мажбур бўлмоқда.

"Ташқарида +5, синфхонада ҳам +5"

Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг 79, 12, 59, 82- мактаб синфхоналарида ўқувчилар дарс пайтида устки кийимлари билан ўтиришга мажбур.

Бу ҳақда исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган ўқитувчилардан бири синф хоналари совуқлигидан ручкалар ҳам ёзмай қолаëтганини айтади:

- Мана олдимда термометр турибди. Ҳарорат зўрға +5га етаяпти. Болалар куртка ва пальтоларида ўтиришибди, ўзимиз ҳам шундай. Синфхоналар жуда ҳам совуқ, печкалар умуман қизимайди, дейди ўқитувчи.

Суҳбатдош, мактаб қозонхонаси аслида газ билан иситишга мўлжаллангани, бироқ газ йўқлиги боис кўмир билан иситишнинг уддасидан чиқилмаганини айтади:

- Энди бу қозонхонага кўмир ёқишга ҳаракат қилишди. Батарейкалар илимади ҳам. Кўмирнинг ўзи сифатсиз, тўрттдан уч қисми қум, тупроқ. Бўлмади, кейин музлаб ёрилиб кетмасин деб, батарейкалардаги сувларни тўкиб ташладик. Энди синфхоналарга оддий печка ўрнатиш вазифаси синф раҳбарларига топширилди, деди ўқитувчи.

Қамаши туман Халқ таълими бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда юқорида келтирилган мактабларда синф хоналарининг умуман иситилмаëтганини рад қилди:

- Ҳамма мактаблар ўзларига тегишли кўмир нормасини олган. Мактаблар иситилаяпти. Шу пайтгача бирор мактабда болалар совқотиб қолибди¸ деган гапни энди сиздан эшитяпман, деди туман Халқ таълими бўлими мулозими.

"Ўқитувчилар мактабга ўтин сотиб оляпти"

Айни пайтда қамашилик ўқитувчи тасвирлаган ҳолатнинг мамлакатдаги бошқа қишлоқ мактабларида ҳам кузатилаëтгани айтилмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида истиқомат қиладиган муштарийлардан бири Озодликнинг “Одноклассники” саҳифасида ўзи ўқиётган мактабдаги аҳвол ҳақида шундай деб ёзди:

“Ҳар жойда ҳар хил бу иситиш тизими. Мен Тўрткўл туманида яшайман. Бизнинг мактабда ҳам газ йўқ. Ўқувчилар муздай синфларда қалтираб ўқишади. Кўмир ёқамиз, лекин бутун бошли мактабни кўмир билан қизитиш жуда қийин. Бунинг учун кечаю кундуз кўмир ёқиш керак, аммо бизда кўмир запаси йўқ. Бизнинг мактаб кўмир йўқлигидан икки машина ўтин сотиб олди. Бир машина ўтин 700 минг сўм. Ўқитувчиларнинг ойлигидан ушлаб қолинган”, деб ёзади тўрткўллик Озодлик муштарийи.

Тўрткўл туманида истиқомат қилувчи 43 ёшли Аваздурди ҳамшаҳари ëзган бу гапларни тасдиқлар экан, мактабларни иситиш учун ўтин сотиб олиш вазифаси ўқитувчиларга юклатилганини айтади:

- Тўрткўлнинг 9-мактабида ўтин ва кўмир сотиб олиш учун ўқитувчилар маошларининг 30 фоизи ушлаб қолиняпти экан. Бу ҳақда менга ўқитувчилардан бири айтиб берди, дейди Аваздурди.

"Ўтин топмасанг дарсга келма"

Агар Тўрткўлда мактабларни иситиш вазифаси ўқитувчиларга юклатилаётган бўлса, Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида ўзлари ҳақида “ғамхўрлик” қилиш ўқувчиларнинг ўзларига қолди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда оқдарëлик Раҳима:

- Оқдарё туманидаги 45-мактабда ўқийдиган синглимнинг айтишича, уларга мактабга ўтин олиб келиш бўлиб берилган экан. Ҳар куни навбат билан ўқувчилар ўтин кўтариб боришади. Печкалар синфхонанинг ичига ўрнатилган экан. Ўтинлар ҳўл бўлса яхши ёнмай, синфхона тутун бўлиб кетар экан, дейди оқдарёлик Раҳима.

Ўзбекистон туманларида газ таъминоти тақчиллиги сабабли, аксарият мактаблар иситишнинг ибтидоий усулларига қайтмоқда.

Ҳатто энг замонавий типда қурилган мактаблар синфхоналарига ҳам ўтин ва кўмир ёқиладиган печкалар ўрнатилмоқда.

Ўзбекистон қишлоқлари табиий газ таъминотидан узилганича қолаëтган бир пайтда¸ мамлакат хориж¸ хусусан¸ Хитойга газ сотиш ҳажмини кўпайтирмоқда.

Ўзбекистонда 4-5 триллион кубометр газ захираси борлиги, йилига 60-70 миллиард кубометр газ қазиб олинаётгани айтилади.
XS
SM
MD
LG