Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:20

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ГК твитларининг навбатдаги нишонига айланди


Абдулазиз Комилов.
Абдулазиз Комилов.
Ўз твитларида шу пайтгача асосан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ва зобитларини фош қилиб келаëтган Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова навбатдаги твит зарбасини Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга қаратди.

Гулнора Каримова ўз твитларида Абдулазиз Комиловнинг ўғли мавжуд чекловларни айланиб ўтиб¸ қўш фуқароликка эга бўлганини иддао қилди.

Гулнора Каримова 8 январь куни қолдирган твитидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов МХХ ходимлари орқали Женева дипломатик полициясига сўров юборгани тушунилди.

ГКнинг ëзишича¸ бу сўров Женевадаги уйни қоровуллаëтганларнинг легал эканлигини текшириш ва бу қоровулларнинг виллани қачон тарк этишини билиш ҳақидаги саволлардан иборат бўлган.

ГК ўз твитларида Абдулазиз Комиловнинг бу сўровини БЕСПРЕДЕЛ! (бедодлик) деб атади.

Гулнора Каримова Тошкентда.
Гулнора Каримова Тошкентда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Женевадаги дипломатик полицияга мактуб ëзган-ëзмаганлиги ҳақида маълумотни расман тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Ўтган йил охирида Гулнора Каримованинг Женевадаги уйини изнсиз ишғол қилган инсон ҳуқуқлари фаоли Сафар Бекжоннинг айтишича , Женевада полиция иккига бўлинган. Дипломатик дахлсизлик мақомига эга бўлган уйлар назорати дипломатик полиция зиммасида бўлади.

Уйни изнсиз ишғол қилган пайтида Сафар Бекжон билан учрашган дипломатик полиция вакили Гулнора Каримованинг уйи дипломатик дахлсизликка эга мулклар рўйхатидан чиқарилганини айтган.

Сафар Бекжоннинг диппломатик полиция вакилидан иқтибос келтиришича¸ дипломатик мавқедан мосуво бўлган уйлар ичида дипмоматларга оид мулклар қолиб кетган пайтида¸ истисно ўлароқ, дипломатик полиция бу уй билан шуғулланиши мумкин.

Сафар Бекжон Гулнора Каримованинг Женевадаги уйини изнсиз ишғол қилган пайтида Ўзбекистоннинг БМТдаги ваколатхонаси ходимлари вилладан иккита BMW автомобили ва бир дона бўш сейфни олиб чиқиб кетишгани айтилган эди.

Ўзбек дипломатлари бу мулкларни Ўзбекистоннинг БМТдаги ваколатхонасига тегишли эканига оид ҳужжатни ташқарида турган полицияга кўрсатишганини ҳам Озодликка Сафар Бекжон билдирган эди.

Гулнора Каримова уйнинг калити кимда эканлигини иддао қилди

Ўз твитларида Гулнора Каримова қандай қилиб Комилов (Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири) ва МХХ тарафидан уйга киритилган псевдо ҳуқуқ ҳимоячиси (Сафар Бекжон назарда тутилади) фақат СБП (Служба безопаcности президента ) ходими Денис Макаровга маълум бўлган калит ва сигнализация кодларини ола олди¸ деган саволни ҳам қўяди.

ГК ўз твитларида бу ҳолатни ўғирланди дея шовқин солинган “ëлғон дурдона картиналар” ҳикояси воситасида “оилани шарманада қилиш учун қилинди” деб иддао қилади.

Комиловнинг қўшфуқаро ўғли

ГК ўз твитларида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг оиласига оид баъзи маълумотларни эълон қилади.

Гулнора Каримова иддаосича¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг укаси Бахтиëр Комилов Швейцарияда МВЭС (Министерство по внешним экономическим связям ) вакили сифатида ишлаган.

“Министр Комиловнинг Газпромбанкда ишлаган ўғли эса Швейцарияда узоқ тентиради...яширилмаган ўғирлиги боис ишини йўқотганидан сўнг” деб ëзғирди ГК ўз твитларида.

Каримова ўз твитларида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониëр бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон ва Россия фуқароси эканини иддао қилади.

Каримова ўз твитларида бир шахснинг икки давлат фуқароси бўлиши Ўзбекистон қонунларига зид эканлигини писанда қилади.

“Қандай қилиб суверен республика Ташқи ишлар вазирининг ўғли Россия гражданлигига эга бўлиши мумкин?! Бу сирлар сизиши билан хавфсизликк таъсир қилмайдими?! Бунга қўшимча у ноқонуний тарзда Ўзбекистон фуқароси ҳамдир. Россия фуқароси бўлган ўғил ҳақида президентга лом-мим дейишмаган" деб таъкидлайди ГК ўз твитларида.

Гулнора Каримова иддаосича¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониëр расман Россиядаги Газпромбанк директорлар кенгашига муассислари рўйхатига киритилган.

Гулнора Каримова бунга исбот сифатида “Газпромбанк” ҳиссадорлари йиғилиши баëнномасини интернетга илиб қўйди.


Uzbekistan - list of Board of directors of Gazprombank, photo taken from Gulnara Karimova's twitter
Uzbekistan - list of Board of directors of Gazprombank, photo taken from Gulnara Karimova's twitter
Бу ҳужжатнинг асл ëки қалбаки эканини Озодлик бошқа бир манбадан тасдиқлай олмади.

Швейцарияда сиëсий қочқин сифатида яшаëтган ўзбекистонлик 52 яшар сиëсий фаол Сафар Бекжон Гулнора Каримовага тегишли Швейцариянинг Женева кантони, 1223 ch Chemin de la Prévôté 7 кўчасидаги виллага 23 декабр куни кундуз соат 12 да изнсиз кириб олган эди.

Ана шундан кейин Гулноара Каримованинг Женевадаги уйи жамоатчилик¸ матбуот ва давлат идоралари назарига тушиб¸ турли муҳокамаларга мавзу бўлди.
XS
SM
MD
LG