Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:47

Ўзбек-қирғиз расмийлари ойига уч мартадан учрашади


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш юзасидан давлатлараро комиссия бундан буён ҳар ойда бир марта йиғилади ва бу комиссиялар иши икки давлат бош вазирлари ўринбосарлари даражасида мувофиқлаштирилади.

Қирғизистон бош вазири ўринбосари Тўқун Мамитовнинг айтишича, 2013 йил декабрь ойининг охирларида Тошкентда ўтган ўзбек-қирғиз давлатлараро комиссияси музокаралари чоғида мана шундай қарор қабул қилинган.

-Ҳар ойда музокаралар ўтказиб туриладиган бўлди. Ҳар ойда учта комиссия учрашади. Яъни чегарани аниқлаш ва бошқа масалалар юзасидан Ўзбекистон ва Қирғизистон томони ҳар 10 кунда йиғилиш ўтказиб туради, -деди Тўқўн Мамитов.

Ўзбекистон ва Қирғизистон мустақилликка эришганидан буён ўтган 22 йил мобайнида чегаралар делимитацияси бўйича 8 та учрашув ўтказган. Бироқ бу музокараларда чегарадаги баҳсли ҳудудлар бўйича келишувга эришилмаган.

Ўзбек-қирғиз чегараси қарийб 1400 километрни ташкил қилади. Ҳозирги пайтда унинг 354 километри аниқланмай қолмоқда. Бу ерда 50 дан ортиқроқ баҳсли ҳудуд жойлашган.

Қирғизистон расмийсининг айтишича, чегарани аниқлаш юзасидан давлатлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши 20-25 январь оралиғида ўтказилади.

-Учта комиссиянинг барчаси чегара масаласи юзасидан учрашади. Биринчи комиссияга бош вазир ўринбосарлари раҳбарлик қилади. Иккинчи комиссия эса Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш ва белгилаш давлатлараро ишчи гуруҳидир. Учинчи комиссия эса вазирликлар вакилларидан иборат бўлади. Сўнгги икки комиссия бош вазир ўрибосарлари раҳбарлигидаги гуруҳга ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб масалалар юзасидан ҳужжатларни тайёрлайдилар, - деди Тўқон Мамитов.

Қирғизистон расмийларининг билдиришича, декабрь ойи охирларида Тошкентда ўтган учрашув давомида Ўзбекистондан сотиб олинадиган газ масаласи ҳам ҳал этилган.

Қирғизгаз ташкилоти раҳбари ўринбосари Куралбек Наскеевнингг айтишича, 2014 йилнинг 1 – чорагида Ўзбекистондан 25 миллион кубометр газ сотиб олинади. Ўзбекистон томони ҳар минг куб метр газ нархини 290 доллардан белгилаган.

Ўзбекистондан олинадиган газ асосан Қирғизистон жанубидаги Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятларига берилади. Қирғизистон шимолий вилоятлари учун газ Қозоғистондан сотиб олинади. Қозоғистон 100 миллион куб метр газнинг ҳар минг кубометрини Ўзбекистонга қараганда анча арзон нархда, яъни 224 доллардан беришга рози бўлган.

Айтиб ўтиш лозимки, Қирғизистон ҳукумати Қирғизгаз ширкатини Россияга 1 доллар эвазига сотган эди. Қирғизистон ҳукумати бунинг эвазига Россия Қирғизистонни арзон газ билан таъминлашини билдирган эди.

Ҳозирча Қирғизгазни сотиш юзасидан шартнома Россия Думасида ратификация қилингани йўқ. Шу муносабат билан Қирғизистон яна газ масаласида қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистонга муролжаат қилишга мажбур бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG