Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:36

Ҳуқуқ фаоли Неъматжон Сиддиқов озодликка чиқди


Бувайдалик ҳуқуқ ҳимоячиси Неъматжон Сиддиқов.
Бувайдалик ҳуқуқ ҳимоячиси Неъматжон Сиддиқов.

Ўтган йилнинг май ойида Фарғона суди томонидан олти йилга озодликдан маҳрум этилган бувайдалик ҳуқуқ ҳимоячиси Неъматжон Сиддиқов Янги йил арафасида қамоқдан озод этилди.


Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаоли Шуҳрат Рустамов маълум қилди.

- 31-число куни соат ўн ярим ёки ўн бир яримда уйга кириб келганлар. Гапларига қараганда, амнистия туфайли озодликка чиқарилибдилар. “Қарорни олдингизми?” деб сўрасам, “Эртами-индин бориб оламан”, дедилар, - деди Шуҳрат Рустамов.

Хабар ортидан Неъматжон Сиддиқов билан боғланган Озодлик мухбирига ҳуқуқ фаоли қамоқдан озод бўлиш ўзи учун ҳам кутилмаган ҳол бўлганини айтди.

- Ҳозирги ҳолатда қандай чиққанимни ўзим ҳам тушунганим йўқ. Мен 2000 йили бир амнистия билан чиқиб кетгандим. 2002 йили яна бир ишлар бўлиб, қамалиб чиққандим 8 ойга. Бу ерда бизга: “Қамоқда ўтирганларга амнистия теккан бўлса, яна тегаверади, ташқарида бўлса, тегмайди”, деди, - деди Неъматжон Сиддиқов айни пайтда саломатлиги жойида эканини қўшимча қиларкан.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) ва 104-моддаси (Киши баданига қасддан оғир шикаст етказиш) бўйича айбланган Неъматжон Сиддиқов ва унинг ўғли Содиржон ўтган йилнинг 22 май куни Фарғона шаҳар суди қарори билан олти йилга қамалганди. Суд қарорига кўра, Неъматжон Сиддиқовнинг яна икки ўғли ҳам шартли равишда уч йилданга озодликдан маҳрум қилинган.

2013 йилнинг 2 июль куни Фарғона вилоят судида бўлиб ўтган апелляция коллегияси мажлисида мазкур қарор ўз кучида қолдирилган.

Янги йил арафасида уйга қайтган Неъматжон ака айни пайтда Тоштурмада жазо муддати ўтаётган ўғли Содиржоннинг ҳам озодликка чиқиб қолишидан умидвор бўлаётганини яширмайди.

Фарғоналик ҳуқуқ фаолининг ҳамкасблари Неъматжон Сиддиқовнинг ноҳақ қамалганини, бу жазо аслида ҳуқуқ фаолига ўзбек-қирғиз чегарасида контрабанда билан шуғулланган гуруҳ фаолиятини фош этишга урингани учун берилганини таъкидлайдилар.

Уларга кўра, Неъматжон Сиддиқов қамалишидан аввал ярим йил мобайнида Ўзбекистонга Қирғизистондан айланма йўллар билан Хитойнинг арзон моллари, Ўзбекистондан Қирғизистонга эса қувур, селитра ва бошқа ашёлар олиб ўтилаётганини мониторинг қилиш билан шуғулланган.

Бу борадаги материаллар эълон қилинганидан кейин, Сиддиқовнинг ҳамкасбларига кўра, унинг уйига ўтган йилнинг 5 феврал куни контрабандачи сифатида талқин қилинган бир неча киши бостириб борган ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси ва унинг ўғилларини калтаклаб кетишган.

Эртаси куни ҳуқуқ фаолининг уйига яна уч киши келиб, Сиддиқов билан жанжаллаша бошлаган. Можаро чоғида ташрифчилардан бири тан жароҳати олган. Бу эса Неъматжон Сиддиқов ва унинг ўғилларини ҳибсга олиш учун асос бўлган.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаоли Шуҳрат Рустамов фикрича, Неъматжон Сиддиқов қамоқдан амнистия асосида эмас, балки айбсизлиги учун тўла оқланиб чиқиши лозим эди.

- Бу кишининг ҳукми юқорида, Олий судда кўриб чиқилиб, бекор қилиниши керак. У киши ҳеч қанақа жиноят содир этмаган. Буларнинг ҳаммаси уюштирилган, туҳмат гаплар бу киши учун. Бу ҳукм бекор қилиниши керак ва амнистиясиз – оқлов ҳукми билан тугатилиши керак бу иш, - дейди Шуҳрат Рустамов.

Фарғоналик Неъматжон Сиддиқов бу йил инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган халқаро ташкилотлар, хусусан, Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистонда озод этилиши лозим бўлган сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритилмиш ҳуқуқ фаолларидан бири эди.
XS
SM
MD
LG