Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:20

Наргиза Зокирова "Голос" телетанловида иккинчи ўринни олди


Ўзбекистонлик хонанда финалда афсонавий қўшиқчи Фредди Меркюрининг "Show Must Go On" қўшиғини ижро этди. Сўнгги дақиқаларда томошабинлар бошдан бери эҳтимолий ғолиб кўрилаётган Наргизани эмас, классик қўшиқ ижро этган Сергей Волчковни танладилар.


"Финал учун оғир қўшиқ танлади"

Россиянинг "Первый" телеканалидаги “Голос” лойиҳасида иштирок этган ўзбекистонлик хонанда Наргиза Зокирова финалда рақиби Сергей Волчковга ғалабани бой берди.

Александр Градский гуруҳидан финалга чиққан иштирокчи Волчков "Tu, ca nun chiagne" ариясини ижро этди ва томошабинлар овозининг 75 фоизини қозонди.

Шу кунга қадар "Голос" саҳнасидаги ҳар бир ижроси гулдирос қарсаклар остида олқишланган Наргиза Зокирова эса ҳал қилувчи чиқишида афсонавий қўшиқчи Фредди Меркюрининг "Show Must Go On" қўшиғини куйлади.

Рус матбуотининг ёзишича, Наргизанинг мағлубиятига сўнгги чиқиши учун жуда оғир қўшиқни танлагани сабаб бўлган. Унинг финалдаги ижросига "шу кунга қадар Фредди Меркюри қўшиғини оригиналга яқинлаштириб ҳеч ким қайта куйлай олмаган" қабилида баҳо берилди.





Ню Йорк клубларидан "Голос" саҳнасига қадар

Наргиза Зокирова бунга қадар Ню Йорк шаҳридаги клубларда қўшиқ куйлаган ва ижоди давомида бир қанча йўналишларда имконини синаб кўрган.

Мисол учун, унинг АҚШда чиқарган илк альбоми 2001 йилда ёзилган этно услубидаги “Олтин қафас” номли альбом эди.

Бундан сўнг клубларда қўшиқ куйлаб юрган хонанданинг фавқулодда кучли овозини пайқаган маҳаллий продюссерлар уни турли гуруҳлар таркибида бирга ишлашга таклиф қила бошладилар.

Ўша кезда Наргиза аввалига pop, кейин эса pop rock ва охир-оқибат, hard rock, heavy metal услубларида ҳам қўшиқлар ижро этган.

Мисол учун, rock гуруҳларидан бири таркибида heavy metal услубида ижро этган “The Evil One” қўшиғи дунёнинг собиқ биринчи рақамли террорчиси Усама Бин Ладиннинг қўлга олинишига бағишланган.

Аста-секин тажриба ва мухлис орттирган Наргиза яккахон қўшиқчилик услубига ўтган.

Асли ўзбекистонлик хонанда 1971 йилда Тошкентда туғилган ва у ўзбекистонлик машҳур санъаткорлар – Зокировлар оиласига мансубдир.

Онаси – Луиза Зокирова 1960-70 йилларда собиқ иттифоқда танилган эстрада хонандаси бўлган. Отаси – Пўлат Мордухаев қайин укаси Ботир Зокиров ансамблида ижрочи бўлган.

Оғир хаста бўлган отаси 2012 йилда вафот этишидан сал аввал ҳам Наргиза 2012 йилги “Голос” лойиҳаси кастингида иштирок этиш учун Россияга борган ва отасининг вафоти боис ортга қайтган эди.

Уни илк бор 4 яшарлигида саҳнага олиб чиққан устози айнан отасидир. Ўшанда у собиқ иттифоқ ҳудудидаги биринчи рақамли хонанда бўлган София Ротарунинг “Я, ты, он, она” қўшиғини куйлаган эди.

15 ёшида эса у “Унутма мени” қўшиғи билан собиқ иттифоқ давридаги машҳур теле-шоу – “Юрмала”-86 танловида иштирок этиб, томошабин олқишига қозонган хонанда совринини олган.

Маълумоти бўйича Наргиза Зокирова эстрада хонандасидир. У Тошкентдаги Цирк санъати ўқув-таълим муассасининг Эстарада бўлимини тамомлаган.

1995 йилда ота-онаси билан АҚШга кўчиб кетган Наргиза айни дамда Ню Йоркда турмуш ўртоғи Филип Бальзано ва фарзандлари билан истиқомат қилмоқда.

"Первый" телеканалидаги “Голос” лойиҳаси илк бор 2010 йилда Нидерландияда телеэфирга узатилган "The Voice of Holland" шоусининг русча вариантидир.

Бунга қадар бу лойиҳада ўзбекистонлик икки хонанда Севара Назархон ва Светлана Саъдиевалар иштирок этган.
XS
SM
MD
LG