Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:47

Киселев янги "тарғибот-ташвиқот идораси" раҳбари сифатида


Путинпараст журналист Дмитрий Киселев бир томонлама репортажларию эфирда билдирилган мунозарали фикрлари билан ном чиқарган.
Путинпараст журналист Дмитрий Киселев бир томонлама репортажларию эфирда билдирилган мунозарали фикрлари билан ном чиқарган.

Россияда тузилажак янги ахборот агентлигига Кремл томонидан Ғарбда мамлакат “имижини” яхшилаш вазифаси қўйилмоқда. Кузатувчилар Russia Today номли халқаро хабар агентлиги тузилишини Владимир Путиннинг навбатдаги тарғибот ва ташвиқот лойиҳаси ўлароқ баҳоламоқда.


Россия Президенти Владимир Путин ҳафта бошида давлатга қарашли РИА Новости агентлигини ёпиб, ўрнида “Россия бугун” халқаро ахборот агентлигини ташкил этиш тўғрисида фармонга имзо чекди.

Янги радиотелекомпанияни ўзининг очиқчасига ёлғон ва монтаж қилинган репортажларию эфирда билдирилган мунозарали фикрлари билан танилган журналист Дмитрий Киселёв бошқарадиган бўлди.

Янги агентлик таркибига, шунингдек, “Голос России” давлат радиокомпанияси киритилиши маълум бўлди.

Ҳозирда ҳукумат буйруғи асосида Киселев бошқараётган ва 17 кишидан иборат ликвидация комиссияси тузилди.

Россиядаги энг йирик агентликлардан бири саналган РИА Новостини тарқатиш ва унинг негизида янги тузилмани ташкил қилиш – Кремлнинг хорижда, айниқса Ғарбда, мамлакат имиджини “яхшилашга” қаратилган ҳарақат ўлароқ баҳоланмоқда.

Россия президенти Интернет сайтида эълон қилинган фармонга кўра, РИА Новостига қарашли мулк Russia Today хабар агентлиги тасарруфига ўтказилади ва янги ташкилот Россия ҳукумати сиёсати ва жамоатчилик ҳаётига оид хабарларни бериб боради.

Янги тузилган “Россия бугун” давлат ахборот агентлигининг асосий вазифаларини унинг янги раҳбари Дмитрий Киселевнинг ўзи очиқлаб берди.

- Эзгу ниятларга эга жаҳоннинг нуфузли давлати сифатида Россияга бўлган адолатли муносабатни шакллантириш – мен бошқаражак янги тузилманинг асосий вазифаси шундан иборат, деди камтаринлик билан Дмитрий Киселев.

59 ёшли путинпараст журналист Дмитрий Киселевнинг янги компанияга раҳбар этиб тайинланиши унинг Украинадаги ҳодисаларига нисбатан қилган ўта салбий чиқишидан бир кун ўтиб эълон қилингани эътиборга молик.

Гап шундаки, Киселев “Россия 1” каналида олиб борадиган “Вести недели” дастури изчиллик билан, айниқса Украина ва Сурияда бўлаётган ҳодисаларга бир тарафлама ва очиқчасига ёлғон маълумотларни бериб бораётгани билан танилди.

Куни кеча, Россия оммавий ахборотларида Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларида бўлаётган ҳодисаларнинг бузиб кўрсатилаётганига жавобан “Россия 24” телеканалининг тўғридан-тўғри эфирида митингчилардан бири Дмитрий Киселевга “ёлғон ва бемаъни гаплар учун” “Оскар” ҳайкалчасини топширди.



Россия журналистлар иттифоқининг собиқ раиси Игорь Яковенко Озодлик билан суҳбатда янги агентлик “Геббельс услубидаги” ахборот узатишга мўлжалланишига ишонишини айтди.

- Бу амалларни мен бесамар ва ўта ахмақона дея баҳолайман, чунки бу аслида Дмитрий Киселевга хос пропаганда услуби – очиқчасига ёлғон тарқатишдир. Унинг Майдон (Украинанинг бош майдони-таҳр.) тўғрисида билдирган фикрларию Россия мухолифати тўғрисидаги бўҳтонлари – қоғозга ўралмаган ёлғондан бошқа нарса эмас. Ачинарлиси, бундай ҳолат қаттиқ цензура ва ахборотга бўлган монополия мавжуд шароитларда юзага келади, дея ўз фикрини билдирди журналист Игорь Яковенко.
XS
SM
MD
LG