Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:35

Ангренда ўзини эркак билган гермафродит эркак сифатида тан олинмади


42 яшар ангренлик Озодлик мухбири билан суҳбатда ўзининг ҳам эрлик, ҳам аёллик жинсий белгилари билан туғилгани, балоғатга етгунича қиз бола сифатида кийингани, лекин бир умр ўзини эр ҳисоблаганини айтиб берди.

Ўзини йигит, деб биладиган ва бир йил муқаддам уйланган ангренлик шахсини тасдиқловчи ҳужжатларида “аёл”, деб юритилиши боис никоҳини расмий қайддан ўтказа олмаяпти.



Халқ тилида “хунаса” деб юритиладиганлар тоифасига кирадиган Салоҳиддин Юсупов (қаҳрамонимиз илтимосига биноан исм-фамилиясини ўзгартирдик) Озодлик саволларига жавоб берар экан, "ўзимни бир умр ўғил бола ҳисоблаганман", деди алам билан.

Телефон алоқаси ўта ёмонлигига қарамай, суҳбатдошимиз овозию гапириш оҳанги эркакча эканига гувоҳ бўлдик.

Паспортида аёл сифатида қайд этилган, лекин ўзини эркак, деб биладиган бу шахс тўғрисида биринчи бўлиб Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти хабар қилди.

Жамият вакили, Салоҳиддин Юсупов билан юзма-юз учрашиб, унинг муаммоларини яқиндан ўрганган Абдураҳмон Ташанов Озодликка у ҳақда мана буларни айтиб берди.

- Ўзининг айтишича Салоҳиддин Юсупов бир йил аввал турмуш қурган ва ҳозирги кунда ЗАГСдан ўтиш учун унга ҳозирда паспорти халақит бераяпти. Унинг паспортида жинси аëл сифатида келтирилган. Исми-шарифи ҳам аëл кишиники. Ҳозирча хотини билмайди.

Салоҳиддин Юсуповни унинг маҳалладошлари ҳам эркак сифатида тан олади.

- Бу шахс ўзи яшовчи маҳаллада тўйлару жанозаларга қатнашиб юради. Уни маҳалла аҳли эркак, деб топган, жанозалар, маъракаларда иштирок этиши тўғрисида ҳатто тегишли справкалар ҳам берган. Керак бўлса ҳар хил суд жараëнларида ë бошқа идораларга борганда у кишининг эркаклиги тўғрисида гувоҳликлар ҳам берган, деди Абдураҳмон Ташанов.

Маълум бўлишича, шахсий ҳужжатларидаги “аёл” сўзи ўрнига “эркак”, деб ёздириш ва натижада никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома олиш имконига эга бўлиш учун Салоҳиддин Юсупов йиллар давомида дўхтирма-дўхтир югуришга мажбур бўлган.

Дўхтирларга бориши учун эса, Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туман суди экспертиза тайинлагани сабаб бўлган.

Озодлик ўз ихтиёридаги бир неча экспертиза хулосаси билан танишиб чиқди. Уларда Салоҳиддин Юсуповнинг эркаклик белгилари бир талай эканлиги тан олинсада, пировард хулосада у аёл деб тан олинган.

Ўзбекистон Републикаси Оила кодексининг “Жинс ўзгарганда далолатнома ёзувига тузатишлар киритиш”, деб номланувчи 229-моддасида бундай дейилган:

“Жинс ўзгарганда далолатнома ёзувига тузатиш киритиш фақат соғлиқни сақлаш органлари хулосасига асосан амалга оширилади”.


Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туман суди мазкур моддага биноан Салоҳиддин Юсуповнинг уни эркак, деб тан олиш тўғрисидаги аризасини рад этган.

Ўзбекистонлик адвокат Руҳиддин Комилов воқеа тафсилотлари билан танишар экан, Оҳангарон суди Салоҳиддин Юсупов бўйича қарор чиқарар экан, қонун доирасида иш қилганини эътироф этди.

Бироқ, деди у, дўхтирлар Юсуповни кўрикдан ўтказар экан, фақат тиббий кўрсаткичлардан келиб чиқиб тор маънода хулоса чиқариб қўйган бўлиши ҳам мумкин, шунинг учун шунинг учун бу фуқаро бошқатдан комплекс экспертиза ўтказишни талаб қилиши мумкин.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик жамияти” ўзининг Салоҳиддин Юсупов тақдирига оид хабарномасида юқори инстанция судларини бу шахс иши бўйича адолатли тўхтамга келишга чақирган.

Шуни айтиш керакки, кўп йиллик тажрибага эга адвокат Руҳиддин Комилов Озодлик билан суҳбат чоғида Салоҳиддин Юсуповникига ўхшаш ишни биринчи марта эшитаётганини эътироф этди.

Унинг айтишича, бундай тақдирли кишилар одатда бир умр ўз ёғига ўзи қовурилиб юради ва натижада жамият бундайлар тақдири устида бош қотириб ўтирмайди.
XS
SM
MD
LG