Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:40

Ўш мэри Мелис Мирзақматов ишдан бўшатилди


Мелис Мирзаақматов 2010 йилги Ўш хунрезлигини тўхтатиш учун етарли чора кўрмаганликда айбланиб келган.
Мелис Мирзаақматов 2010 йилги Ўш хунрезлигини тўхтатиш учун етарли чора кўрмаганликда айбланиб келган.
Қирғизистон Бош вазири Жантўрў Сатибалдиевнинг матбуот котиби жанубий пойтахт ҳокимини лавозимидан четлатиш тўғрисидаги буйруқ пайшанба куни имзоланганини эълон қилди.

Мирзақматов собиқ президент Қурманбек Бакиевга яқин алоқаси бўлган ва 2010 йили Бакиев ҳокимиятдан ағдарилганидан буён юқори лавозимда қолаётган ягона мулозим эди.

Мелис Мирзақматовнинг ишдан олинишини айрим сиёсатчилар унинг 2 декабрь куни Ўшда ўтказилган митингда сўзлаган нутқи билан боғламоқдалар. Ўшанда Мирзақматов коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинган депутат Ақматбек Келдибеков тарафдорлари бўлмиш митингчилар олдида ҳукуматни қаттиқ танқид қилганди

- Бу коррупция эмас. Мана, “Қирғизгаз”ни 65 депутат бир долларга сотиб юборди. Мана шу коррупция. Бугунги кунда Қумтор масаласини ҳал қилишмаяпти, эл фойдасига ишлатишмаяпти. Шу – коррупция. Кейин терс гапирганларни, айбини юзига айтганларни қамашаяпти. Бу коррупцияга қарши кураш эмас, - деганди, жумладан, Мелис Мирзақматов.

Қирғизистон парламентидаги “Ата Мекен” фракцияси раҳбари Ўмурбек Текебаев ҳам Мелис Мирзақматовнинг ишдан бўшатилишини Ўшдаги митинг билан боғлайди.

- Ўш шаҳридаги митингда айрим фуқаролар тўнтариш қилиш ва конституциявий тузумни куч билан ўзгартириш каби чақириқларни тўғридан-тўғри митинг ўтказилаётган жойда ва оммавий ахборот воситалари орқали айтишган. Гап билангина чекланиб қолмай, у ерда ҳокимият биносини босиб олишга ҳаракатлар, куч ишлатиш ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувлар ҳам бўлди. Мэрнинг вазифаси буларга йўл бермаслик, қонунни бузган ва давлат хавфсизлигига таҳдид қилган ҳамда ноқонуний чақириқлар билан чиққан одамларга чора кўриб, уларни қонунга мувофиқ равишда жавобгарликка тортиш эди. Балки “Мирзақматов ўзига қўйилган ўша талабларни бажаролмади, давлат манфаатлари ва хавфсизлик деган тушунчаларга тўғри баҳо бера олмади” деган фикр бош вазирни ана шундай қарор қабул қилишига туртки бўлгандир, - деди Ўмурбек Текебаев.

Қирғизистон ҳукумати анчадан бери Мирзақматовни ҳокимиятдан четлатишга уриниб келган. Ўш шаҳрининг собиқ мэри 2010 йили этник ўзбеклар билан қирғизлар ўртасидаги хунрезликни тўхтатиш учун етарли чора кўрмаганликда айбланиб келган.

2010 йил июн воқеаларида 400 дан ортиқ одам, асосан ўзбеклар ҳалок бўлган ва минглаб одам ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Ҳукуматнинг Мирзаақматовни ишдан олиш ҳаракатлари, унинг тарафдорлари норозиликлари туфайли шу пайтгача самара бермаётганди.

Мелис Мирзақматов муддати битгани туфайли бу йилдан “шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи” бўлиб қолганди. “Ўш шаҳри мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши бир неча маротаба ортга сурилиши натижасида шаҳар ҳокими сайлови муддати ҳам ноаниқ бўлиб қолаётганди. Яқинда Қирғизистон парламенти бу қонунни қабул қилиб, имзолаш учун президентга юборган.

Депутат Ўмурбек Текебаев бўлажак сайловда Мелис Мирзақматов ютиб чиқиб, яна мэрликка қайтиб келиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмайди.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Марс Сариев фикрича эса, Мелис Мирзақматов мэрликдан бу лавозимга қайтиб келиш учун кетган.
- Мирзақматов билан марказий ҳокимият муросага келиб олди. Мирзақматов сиёсатчи сифатида вазиятни жуда яхши тушуниб турибди. У ҳозир Ақматбек Келдибеков билан тандем тузиб, биратўла мухолифатга қўшилиб кетса, ютқазиб қўйишини билиб турибди. Ундан кўра бироз кутиб, Ўш мэри сайловида ўз номзодини қўйиб, сайловда ютиб чиқиб, қайтиб келиши мумкин. Чунки ундан бошқа номзод бу сайловда ютолмайди, деб ўйлайман. Ҳозирги вазиятда марказий ҳокимият ютгандай бўлиб турибди, - деди сиёсатшунос Марс Сариев.

Мелис Мирзақматов бу сайловда ўз номзодини қўйиш-қўймаслигини ҳозирча очиқлагани йўқ. Бироқ у мазкур лавозимга асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилади.

Мавжуд қонунчиликка кўра, Ўшда ҳокимни шаҳар кенгаши сайлайди. Шаҳар кенгашида эса Мелис Мирзақматовга қарашли экани айтиладиган “Улуттар биримдиги” партиясидан сайланган депутатлар кўпчиликни ташкил этади.

Қирғизистон бош вазирининг буйруғига кўра, Ўш мэри вазифаси вақтинча вице-мэр Алимжан Байгазаков зиммасига юклатилган.

Мелис Мирзақматов ишдан олингани ҳақида хабар тарқаганидан кейин Ўш мэрияси олдига икки юз чоғли одам йиғилиб, расмийлардан бу борада изоҳ талаб қилди, аммо милиция уларни мэрия биноси ичига киритмади.

Вақтинча Ўш мэри вазифасини бажарувчи бўлиб тайинланган Алимжан Байгазаков Мелис Мирзақматовнинг ўзи эртага одамлар билан учрашиб, ҳаммасини гапириб беришини айтганидан кейин йиғилганлар тарқаб кетди.
XS
SM
MD
LG