Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:00

Пахтачи тумани ҳокими ҳибсга олинди


Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокими Ҳусниддин Жўраев ҳибсга олинди. Вилоят прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, ҳоким айни дамда вилоят ИИБ ҳибсхонасида қолмоқда. 130 мингдан ортиқ аҳолиси бўлган Пахтачи тумани ҳокими лавозими ҳозирча бўш қолмоқда.


Самарқанднинг Навоий вилоятига туташ қисмида жойлашган Пахтачи туманига ҳокимлик қилаётган Жўраев Ҳусниддин Норбўтаевич ҳибсга олинди.

Пахтачи тумани прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, ўтган ҳафтада ҳибсга олинган ҳоким ҳозир Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида сақланмоқда.

"Вилоятда ушлаб туришибди. Конкрет айбловларини билмаймиз", деди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган прокуратура ходими.

Самарқанд вилоят прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, ҳоким устидан жиноят иши очилган ва унинг тергови вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

"Бизда катта терговчи бор, шу киши олиб бораяпти терговни. Кейин зам прокурор бор. У киши курировать (назорат-таҳр.) қилаяпти", деди вилоят прокуратураси ходими.

Пахтачи тумани ва Самарқанд вилояти прокуратуралари ҳоким нимада айбланаётгани ҳақида маълумот беришдан бош тортди. Шунингдек, бу идоралар ходимлари ҳокимнинг айнан қайси куни ҳибсга олинганига ҳам аниқлик киритмади.

Озодликнинг Пахтачи туманидаги манбаси Ҳусниддин Жўраев 28 ноябрь куни эрталаб ҳокимиятдаги иш ўрнида ҳибсга олингани ҳақида ёзди.

Унинг мактуби ўзгаришсиз чоп этилмоқда:

"28- kuni ertalab samarqand viloyati paxtachi tumani hokimi va uning ōrinbosari hokimiyat binosidan kuppa kunduzi boshiga qop kiygizilgan holatda xuddi kinolardagidek qop qora mashinaga solib olib chiqib ketilgan. Hatto odamlar kōz ōngida. Bu voqea qaysi organ tomonidan qilingani va uning sabablari shaxsan menga malum emas".

Ҳоким Ҳусниддин Жўраевга қўшиб, унинг бир ўринбосари ҳам ҳибсга олингани ҳақидаги маълумот ҳозирча мустақил манбалар орқали тасдиқлангани йўқ.

Пахтачи туманида истиқомат қиладиган яна бир манбанинг Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ҳокимни "20-, 21-, 22-ноябрь кунлари олишган".

Шу тариқа, ҳибсга олингани турли манбалар томонидан тасдиқланган ҳоким Ҳусниддин Жўраев нимада айбланаётгани номаълум қолмоқда.

Норасмий манбадан олинган маълумотга кўра, ҳокимни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳибсга олган.

"Сўнгги пайтларда йиғилиб қолган тажрибага қаралса, бунақа ушланганда амалдорларда коррупцияга оид жиноятларни бўйнига қўйишади", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Самарқандлик манбалардан яна бири.

Пахтачи тумани Самарқанд вилоятининг Навоий вилоятига туташ қисмида жойлашган, аҳолиси сони 130 мингга яқин бўлган кичиккина тумандир.

Ҳоким Ҳусниддин Жўраевнинг ишда эмаслигини тасдиқлаган Пахтачи тумани ҳокимлиги мутасаддиси ҳозир ҳоким лавозими бўш турганини айтди.

"Ҳали ҳеч кимга И.О. (Вазифасини бажарувчи - таҳр.), деб буйруқ чиқмади. Ҳоким қачон қайтиши номаълум. Ҳозир бизда ҳоким йўқ. Лекин нима масала бўлса, биринчи ўринбосари - Бурхон Бобохоновга мурожаат қилаверинг", деди туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими.

Самарқанд вилояти ҳокимлигининг ташкилий масалалар бўйича мутасаддиси ҳам: "Бу масалада ҳеч нарса деёлмаймиз, Пахтачи ҳокимининг қачон қайтиши номаълум. Ҳали янги ҳоким қўйилгани йўқ", деб жавоб берди.

Ўзбекистонда туман ва вилоят ҳокимлари лавозимдан кетиши билан ёки кетишидан сал олдин ҳибсга олиниши кейинги пайтларда тез-тез учрайди.

19 ноябрь куни Жиззах вилояти Зомин тумани ҳокими 50 яшар Азимов Ускан Бўрибоевич порага қўй олаётган пайтда ҳибсга олингани ва коррупцияга оид бир қатор жиноятларда айбланаётгани маълум бўлди.

11 октябрь куни Каттақўрғон шаҳар халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шаҳар ҳокими Саидаҳмад Раззоқов танқидлар остида истеъфога чиқди, ўрнига Шуҳрат Раҳмонов ҳоким лавозимига тасдиқланди.

5 октябр куни Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида ҳам ҳоким алмашди.

29 августда Зарафшон шаҳар кенгаши депутатлари мажлисида шаҳарга янги ҳоким қилиб Муҳиддин Бозоров тайинланди, эски ҳоким Илҳом Эшмирзаев эса МХХ томонидан ҳибсга олинди.
XS
SM
MD
LG