Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:33

Twitterда пайдо бўлган "Нурик" Гулнора уни ўғирлаганини иддао қилмоқда


Гулнора Каримовага қарашли тузилмаларнинг ҳуфя бизнеси ҳисоб-китобини юритгани айтиладиган "Нурик" - Нурмуҳаммад Содиқов эканини иддао қилган фойдаланувчи Twitter тармоғида пайдо бўлди. @nurik_sadykov номи остида ёзаётган фойдаланувчи илк твитларидаёқ Гулнора Каримова уни ўғирлаганига оид айбловлар ростлигини даъво қилди.



Ўзини 2003 йилдан то 2013 йилга қадар Гулнора Каримовага қарашли тузилмалар таркибида менежерлик қилган 40 яшар Нурмуҳаммад Содиқов, деб иддао қилган фойдаланувчи 23 ноябрь куни Twitter тармоғида пайдо бўлди.

@nurik_sadykov 26 ноябрь куни эълон қилган фотосуратлардан сўнг унинг Гулнора Каримова "ҳуфя ҳисобчиси" деб кўрилаётган "Нурик" экани ҳақидаги иддаоси жамоатчилик эътиборини торта бошлади.
23 ноябрь куни @nurik_sadykov: "Мен узоқ сукут сақладим ва бу ишларга аралашишни истамадим, лекин Гулноранинг твитлардаги валдирашларини ўқигач, менда бошқа чора қолмади", мазмунида твит қолдиргач, уни саволларга кўмиб ташлашди.

"Сизни Гулнора Каримовага қарашли шахслар ўғирлагани тўғрими?", мазмунидаги саволларга у: "Ҳа, бу ҳақиқат, унинг (Гулноранинг - Таҳр.) кўрсатмаси билан мени 10 ойча ушлаб туришди", деб жавоб берди.


Шунингдек, бу фойдаланувчи ўзининг ўғирланиши тафсилотларини ҳозир очиқлай олмаслиги, чунки тергов бораётганини қўшимча қилди. Аммо, қийноқларга оид саволларга жавобан "бошига қоп кийдиришгани"ни ёзди.

Ҳозир қаерда экани ҳақидаги саволларга эса "қўл етмайдиган жойда, онаси ва оиласи билан бирга" деб ёзди. Ўзбекистонни тарк этмаганига ҳам ишорат қилар экан, бунга сабаб ўлароқ "оиласи ва унинг ҳужжатларини олиб қўйишганини" ёзди.

Бироқ, ўзини "Нурик"нинг қайноғаси, деб иддао қилган Анвар Махатов 11 ноябрь куни Нурмуҳаммад Содиқовнинг оиласига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва квартира қайтарилгани хабар қилган эди.


@nurik_sadykov сурат янги эканини исботлаш учун телевидение ва мобил телефонда акс этган санани ҳам суратга муҳрлашга уринган.
@nurik_sadykov сурат янги эканини исботлаш учун телевидение ва мобил телефонда акс этган санани ҳам суратга муҳрлашга уринган.
Ўзининг ноябрь ойи бошида ахборот воситалари диққатига тушган "Нурик" эканига исбот ўлароқ @nurik_sadykov фотосурат эълон қилди.

Саҳифа эгаси қўйган суратдаги қиёфа Нурмуҳаммаднинг қариндошиман, деб Озодликка боғланган Анвар Махатов берган суратлардаги қиёфа билан айнидир. (Озодлик Махатов сўровига биноан у берган суратларни эълон қилмаяпти. - Таҳр.)

Озодлик @nurik_sadykovдан интервью сўради, аммо сўровига ҳали жавоб олмади.

Сўнгра Озодлик Анвар Махатовга боғланди. Махатов @nurik_sadykov даъволарига муносабат билдира олмаслигини айтди.

- Ўзбекистондаги вазиятни яхши биласиз. Мен Twitter тармоғидаги бу фойдаланувчини куёвим Нурик, деёлмайман. Айни пайтда у эмас, деб ҳам айтолмайман. Менда бу ҳақда ҳеч қанақа маълумот йўқ. Синглим билан охирги марта гаплашганимда ҳеч қанақа янгилик йўқлиги, Нурикнинг тақдири номаълум қолаётганини айтган, бор гап шу,- деди Анвар Махатов 26 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Россиянинг Пенза шаҳрида истиқомат қилишини айтиб, 6 ноябрь куни Озодликка боғланган Анвар Махатов куёви Нурмуҳаммад Содиқов 2013 йилнинг январь ойида президентнинг қизига хизмат қиладиган Олег ва Рафиз исмли йигитлар томонидан ўғирлаб кетилганини иддао қилган.

Шунингдек, Анвар Махатов бу вақт ичида куёви ўзининг қийноққа солинаётгани ҳақидаги бир хатни хотинига етказганини ҳам айтган эди. Озодлик Махатовнинг бу даъвосини бошқа манбалар орқали тасдиқлашга ҳозирча муваффақ бўлгани йўқ.

Унинг мурожаати ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг ўша кезларда Twitter ижтимоий тармоғида фаол бўлган ва президентнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли, деб кўрилган @GulnaraKarimova саҳифада "Нурик"нинг ўғирланганига оид даъволар инкор қилинди.

@GulnaraKarimova Нурмуҳаммад Содиқовнинг унга қарашли одамлар ўғирлаганини инкор қилиб, буни “орган томонидан ўзига қарши қилинган ҳаракат” дея иддао қилди.

Бу иддао Гулнора Каримованинг "ҳуфя ҳисобчиси" деб кўрилган ва номи Ўзбекистон ҳукумати режими ҳақида МХХдаги манбаларига таяниб, мақолалар бериб келадиган, Усмон Ҳақназаров исмли номаълум муаллиф чиқишларида тилга олинган Нурмуҳаммад Содиқов шахсига қизиқишни янада кучайтирди.

7 ноябрь куни, кутилмаганда Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий сайтида Нурмуҳаммад Содиқов исмли шахснинг ўғриланганини тасдиқловчи расмий хабар берилди.

Бу тасдиқ бу шубҳали шахс тақдири ҳозир Ўзбекистонда кузатилаётган ички сиёсий ихтилофда ҳукумат учун курашаётган томонларнинг бир-бирига қарши қўллаётган воситаларидан бири сифатида кўрила бошлади.

Гулнора Каримова бизнесидаги ҳисоб-китобларга масъул шахслар орасида “Нурик” лақаби билан танилган Нурмуҳаммад Содиқов исмли шахснинг бўлгани ва унинг 2013 йил январда ўғирлаб кетилганига оид илк маълумот шу йилнинг февралида пайдо бўлган.

7 февралда Zamondosh сайтида Ғайрат Ўринов номи остида чиққан мақолада Содиқов билан бир вақтда ғойиб бўлгани айтилган яна бир шахс – Шуҳрат Акбаровнинг номи тилга олинган ва уларнинг Гулнорага қарашли шахслар томонидан ўғирланиб, қийноққа солингани иддао қилинган.

Кейинчалик апрель ойида Гулнора Каримованинг “яширин ҳисобчиси” деб таъриф берилган Нурмуҳаммад Содиқов номи Ўзбекистон ҳукумати режими ҳақида МХХдаги манбаларига таяниб, мақолалар бериб келадиган, Усмон Ҳақназаров исмли номаълум муаллиф чиқишларидан бирида тилга олинди.

2013 йилнинг 28 мартида эълон қилинган: “Хайр Америка ёҳуд Каримов Кремль шартларини қабул қилмоқда” деган сарлавҳали мақолада ёзилишича, Нурмуҳаммад гўёки Ўзбекистон Молия вазири Рустам Азимовнинг одами бўлган ва ўз вақтида Ўзбекистондаги кланлар тўқнашувида ишга солинган фигуралардан биридир.

"Ҳақназаров"нинг иддаосича, Гулнора Каримова ва Рустам Азимов ўртасида шу йилнинг апрелда низо пайдо бўлиши билан президентнинг қизи Нурмуҳаммадни ишдан бўшатган ва қисқа муддат ичида бу йигит Ўзбекистон МХХ хизмати тергов изоляторига ташланиб, Молия вазирига қарши компроматлар беришга мажбурланган.

Шунингдек, бу мақолада МХХ босими остида қийноқларга солинган Содиқовнинг МХХ Хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаевга қарши компромат бергани, шундан сўнг уни шахсан президент Каримов қабул қилгани ҳам даъво қилинган эди.
XS
SM
MD
LG