Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:53

Хотинлар йўлни тўсганидан кейин Сартепада газ ўчмади


Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзесининг Хўжасоат маҳалласи хотин-қизлари 5 ноябрь куни газ ва чироқ йўқлигига норозилик тариқасида автомобил йўлини тўсгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди. Манбаларимизнинг маълум қилишича, аёлларнинг норозилигидан сўнг Сартепада газ ҳам, чироқ ҳам ўчмаган.

Озодликнинг WhatsApp манзилига 15 ноябр куни Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи муштарийдан қуйидаги мазмунда хабар келди:

“Сартепа мавзесида газ ва свет ўчмаётган экан. Хўжасоатлик танишимнинг айтишича, ўша куни хотинлар норозилик қилиб, йўлни тўсганидан кейин ва бу воқеа Озодликда ёритилганидан сўнг газ вариллаб ёняпти, чироқ ўчмаяпти экан. Ҳамма сизлардан миннатдор. Бизда ҳам свет ва газ ўчмаслигини хоҳлардим”, деб ёзади самарқандлик тингловчи.

Озодлик самарқандлик тингловчининг ёзганларига ойдинлик киритиш мақсадида Сартепа мавзесидаги Хўжасоат маҳалла фуқаролар йиғини билан боғланди.

Ўзини маҳалла фуқаролар йиғини раиси Убайдулла ака деб таништирган киши ҳақиқатан ҳам ўшандан буён газ ва свет ўчмаётганини тасдиқлади:

- Газ ва свет яхши бўлиб қолди, ҳаммаси яхши, деди Хўжасоат маҳалла фуқаролар йиғини раиси Убайдулла ака.

Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзеси Хўжасоат маҳалласининг юзга яқин аҳолиси 5 ноябрь куни мавзедан ўтадиган автомобил йўлини тўсиб қўйган эди.

Аҳоли уч кун электр энергияси ва газ берилмаганига қарши ўз норозилигини шу тарзда ифода этганди:

- Аҳолининг сабри сўнгги нуқтага етди. 5 ноябрь куни асосан хотин-қизлардан иборат норозилар катта кўчага чиқиб, йўлга ўтириб олди. Массивдан ўтадиган автомобил йўли бутунлай тўсилди. Одамлар свет ва газ беришни талаб қилдилар, - деган эди Озодлик манбаси.

Манбага кўра, шундан сўнг Самарқанд шаҳар ҳокимияти, электр тармоқлари ва газ идораларининг мутасаддилари зудлик билан воқеа жойига етиб келган.

- Шаҳар ҳокими Сафаров, вилоят ҳокими ўринбосари Салоҳиддинов, милиция бошлиқлари етиб келди. Уларнинг “ҳаммаси бўлади” деган ваъдасига ишонавермаган аҳоли жойидан жилмай ўтираверди. Бир соатдан кейин маҳаллага газ берилганидан сўнг хотинлар тарқалди, - деди манба.

Озодлик манбасининг айтишича, ўша кундан бошлаб маҳаллада газ ва чироқ ўчмаган.
XS
SM
MD
LG