Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:20

Хивалик газчилар уч ойдан буён маошсиз қолмоқда


Хива шаҳар газ таъминоти идорасининг ишчиларига уч ойдан буён маош берилмаяпти. Идора ишчиларининг Озодликка айтишича, раҳбариятга бу ҳақда қилган такрор-такрор мурожаатлари натижасиз қолмоқда.


Озодликнинг электрон почтасига "Хива шаҳар газ таъминот" унитар корхонаси ишчиларидан уч ойдан буён ойлик маошини ололмаётгани ҳақида шикоят мактуби келиб тушди.

“Август ойидан бери маошсиз ишлаяпмиз. Ойликларимизни беринг деб бухгалтерияга кирсак бошбух елка қисиб бош чайқайди. Бошлиқни олдига кирсак сўкиб-сўкиб ҳайдаб солади. Ахир бизнинг ҳам бола-чақамиз бор, рўзғоримиз бор. Илтимос, ёрдам беринглар”, деб ёзилади мактубда.

Озодлик "Хива шаҳар газ таъминот" унитар корхонасининг бир неча ишчиси билан боғланди. Улар ҳақиқатан ҳам маошсиз қолиб, рўзғор тебратишда қийналаётганини айтди:

- Мана тўртинчи ойга қараб кетяпти. Ойлик беришмаяпти. Август, сентябрь, октябрнинг ойлигини олганимиз йўқ. Мана ноябрь ҳам ўтяпти, жимжитлик. Раҳбарлардан сўрасак билмаймиз, қачон пул келса берамиз, дейишяпти, - деди ишчилардан бири.

Озодлик суҳбатлашган бошқа бир ишчи ҳам уч ойдан буён маошсиз ишлаётганини айтар экан, ходимларнинг нима билан яшаб, қандай тирикчилик қилаётгани идора раҳбарларини умуман қизиқтирмаётганидан нолиди.

- Бизни сўрайдиган одам ҳам йўқ. Мана сиз сўраяпсиз, қандай тирикчилик қиляпсизлар, деб. Аслида буни раҳбар сўраши керак. Энди ҳар ким билганича кунини ўтказяпти. Кимдир боласини нафақасига яшаяпти, кимдир бировнинг хизматини қилиб беряпти, кимдир ота-онасининг пенсиясига яшаяпти. Югурамиз, еламиз, яшаймизда, бошқа на илож, - деди ишчилардан бири.

Озодлик ишчиларнинг маоши уч ойдан буён берилмаётганининг сабабини билиш мақсадида "Хива шаҳар газ таъминот" корхонасига боғланди.

Корхона бош инженери Анвар Нуруллаевнинг айтишича, ишчиларга август ойининг маошлари берила бошлаган.

- Бугундан бошлаб август ойи учун маошларни пластик карточкаларга тушириб беряпмиз. Ойликларнинг кечикаётганига бизнинг алоқамиз йўқ. Ойликни вилоятдан централизованний ташлашади, ташлаб беришса биз ҳам тарқатамиз, бўлмаса йўқ, - деди бош инженер Анвар Нуруллаев.

Ишчи ва хизматчиларнинг ойлик маошлари кечиктириб берилиши Ўзбекистонда кўплаб кузатилади.

Ўтган ойда "Косон нефть-газ қидирув экспедицияси" шўъба корхонасининг Озодликка боғланган ишчилари 3 ойдан буён ойликлари берилмаётганидан арз қилган эди.

Апрель ойида “Фарғона Азот” очиқ акциядорлик жамияти корхонасининг 7000 ишчисига икки ойдан буён меҳнат ҳақи берилмаётгани хабар қилинган эди.
XS
SM
MD
LG