Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:41

Бутунроссия “Ёшлар” ҳаракати Ўзбекистон элчихонаси устидан арз қилди


Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Россиядаги ўзбек ёшларининг “Ёшлар” ҳаракати раиси Махсуд Абдужабборовга кўра, Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхонаси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ҳимоялаш йўлидаги ўз бурчини мутлақо бажармаяпти.

Ҳаракатнинг элчилик фаолиятидан норозиликлари Ўзбекистон Президенти номига битилган очиқ хатда акс этган.


Ўзбекистон Президентига арз қилишга мажбур қилган омиллар тўғрисида Озодликка гапирар экан, Махсуд Абдужабборов бундай деди:

- Россия Федерацияси ҳудудида ФМС, ИИВ ва бошқа куч ишлатар идоралар томонидан Ўзбекистон фуқароларига қарши ўта хунук сиёсат олиб борилмоқда, мигрантлар улар учун мўмай пул манбаига айланиб қолди, дейди Махсуд Абдужабборов.

Халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, деб давом этди у, Россия ҳудудида Ўзбекистон, яъни чет эл фуқароси куч ишлатар идора томонидан ушланар экан, бу ҳақда Ўзбекистон консуллигига маълум қилиниши лозим. Бу меъёрга Россия маъмурлари амал қилмаяпти, Ўзбекистон элчиси ва консулининг эса, бу билан иши ҳам йўқ, деди Махсуд Абдужабборов.

Бутунроссия “Ёшлар” ҳаракати Ўзбекистон Президентига ёзган очиқ хатда, жумладан бундай дейилган:

“4 ноябрги байрам давомида Петербургда скинхедлар 2 ўзбекни ўлдирди, 20 нафарини калтаклади. 14 киши пичоқланди. Бирюлёвода (Москва) содир бўлган тўполон чоғида бир ўзбек ўлдирилди, лекин бунга биров эътибор бермади. Владивостокда ўзбекистонлик аёлни туғруқхонага киритишмади – у касалхона остонасида, итга ўхшаб туғишга мажбур бўлди. Россияда истиқомат қилаётган ўзбеклар бу фактларнинг биронтаси юзасидан ҳам элчи ўз позициясини билдирмаганидан ғазабда. Наҳотки ўзбекларнинг ҳимоя қиладиган ўз давлати йўқ?” дейилган хатда.

Ушбу лавҳа тайёрланаётган соатда Россиянинг Набережние Челни шаҳридан яна бир ўзбекнинг ўлими тўғрисида хабар келди.

Сурхондарё вилояти, Шўрчи шаҳрилик 36 яшар Равшан Ҳайдаров 18 октябрь куни номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган.

- Орқасидан ҳужум қилишган, қандайдир қаттиқ жисм билан зарба бошига уришган, деди марҳумнинг опаси. Унинг арз қилишича, ҳуқуқ-органлари мазкур жиноятни амалга оширганларни изламаяпти.


Бутунроссия “Ёшлар” ҳаракати Ўзбекистон Президентига ёзган очиқ хатда мана бундай маълумотлар ҳам бор:

“Шу кунда Россия Федерацияси изоляторларида 8 000 нафар атрофида ўзбекистонлик ушлаб турилибди. Улар ватанга қайтиб кетиш учун зарур бўлган ҳужжатларини (сертификатлар) Элчихона жўнатишини кутмоқда. Элчихона шошаётгани йўқ. Ҳар бир ҳужжатнинг расмийлаштирилиши учун бир ярим йилгача вақт кетиши мумкин. Ўзбеклар ҳужжат келгунича изоляторда кутиб ўтиришга мажбур бўлмоқда”, дейилган мактубда.

Хатда айтилишича, Элчихона тилга олинган ҳужжатларни тайёрлаш ишини ўзбеклар номидан тузилган айрим ташкилотлар учун сердаромад бизнесга айлантириб берган.

“Ёшлар” ҳаракати Ўзбекистон Президентидан Москвадаги элчихона ишига “зудлик билан аралашишни ва унинг фаолиятини ислоҳ қилишни” сўраган.

Ҳаракат ўз мактубига шу кунда Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирларининг имзоларини йиғмоқда. Махсуд Абдужабборовнинг айтишича, мактуб Ўзбекистон Президентига 25 ноябрь куни жўнатилади.

Ўзбекистон раҳбарига “Ёшлар” ҳаракатининг мактуби етиб боргач, Москвадаги элчихона ишида ўзгариш юз берадими-йўқми – бир нарса дейиш қийин. Чунки Ислом Каримов жорий йил ёзида қтлган чиқишида Россияда ишлаб меҳнат муҳожирларини “дангасалар”, леб атаган эди.

Махсуд Абдужабборовнинг айтишича, у раислик қилаётган Бутунроссия “Ёшлар” ҳаракатига асос солинганига бир ярим йил бўлди. Ёши 19 дан 30 гача бўлган ўзбекистонлик талаба ёшлар унинг аъзоларидир
XS
SM
MD
LG