Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:25

OzodlikOnline: Бу йилги пахта мавсумига оид ҳақиқат ва ëлғон нима?


Ўтган ҳафта Женевадаги БМТ қўмитасида Ўзбекистондаги инсон ҳақлари¸ хусусан болалар меҳнатига оид вазият хусусида ҳисобот берган Тошкент расмийси бу йилги пахта мавсумининг аллақачон ниҳоясига етгани ва унда бирорта ўқувчи-талаба қатнашмаганини стол муштлаб иддао қилди. 4 ноябрь куни Тошкент вақти билан 21:05 да OzodSkype OzodlikOnline орқали пахта мавсумининг ҳақиқий манзарасини сарҳисоб қилдик.

Расмий баëнотга кўра¸ Ўзбекистонда жорий йилда 3 миллион 350 минг тонна пахта хом ашёси териб олинди. 25 октябрь куни пахта режаси бажарилгани муносабати билан пахтакорларни табриклаган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳосилнинг 90 фоизи “биринчи нав” ли деб топилгани, шу сабабли ҳам жорий йилда пахтадан кўриладиган даромад ўтган йилга нисбатан 23 фоизга кўп бўлишини таъкидлади.



Пул ҳисобида 2013 йил пахта ҳосилидан кўриладиган ялпи даромад миқдори¸ президентга кўра¸ 1,12 миллиард долларни ташкил қилади.

Ўзбекистон раҳбари бу йилги ўз табригида анъанага кўра¸ пахта режасини бажарган “барча фидоийларни” “бағрига босиш”ни унутмади:

“Бугунги хурсандчилик кунда сиз, фидойи деҳқон ва фермерларни, сувчи ва механизаторларни, агроном ва селекционерларни, мутахассис ва мутасаддиларни, Ўзбекистонимизнинг юксак пахта хирмонига муносиб ҳисса қўшган барча инсонларни бағримга босиб, яна бир бор табриклар эканман, сизларга қалбимда, юрагимда бўлган ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман”, дейилади Ислом Каримовнинг табригида.

Президент ўз табригида бутун мамлакат бўйлаб мажбуран далага ҳайдалган коллеж ва олийгоҳ талабаларию шифокордан тортиб муҳандисга қадар касб эгаларини тилга олишга арзитмади.

Бу эса¸ кузатувчилар томонидан¸ 2013 йилда ҳокимиятнинг миллионлаб фуқарони мажбурий меҳнатга жалб қилганини инкор этиш тактикаси сифатида баҳоланди.

Президент билвосита қилган бу инкор БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассислари Ўзбекистондаги қарийб икки ойлик мониторинг жараëнини якунлаб¸ Женевага ҳисобот ҳозирлаш учун қайтиши арафасида айнан БМТ минбаридан туриб бевосита янгради.

БМТ қўмитаси аъзолари билан мулоқотда Ўзбекистон расмий делегацияси раҳбари бу йилги пахта теримининг 35 кун ичида тугагани ва унда бирорта ўқувчи-талаба иштирок этмагани ҳақида БМТ минбаридан туриб баëнот берди:

-Ўзбекистонда 2012 йили 4 миллион 350 минг 30 ўқувчидан бирортаси пахтага чиқмади. Буни ЮНИСЕФ ëзаяпти¸ биз эмас. Сиз 1¸5 миллион ўқувчи-талабанинг пахтага чиқарилгани ҳақидаги гапни қаердан олдингиз? Гўëки Ўзбекистонда пахта мавсуми уч ой давом этармиш. Бу ëлғон. Бу йил биз пахтани 35 кун ичида териб бўлдик. Ўтган йили 30 кунда пахта тугади¸ деди БМТ экспертларига ўдағайлаган Ўзбекистон расмий делегацияси раҳбари Акмал Саидов 29 октябрь куни Женевада.

Бундай иддао баробарида 2013 йилги пахта мавсумида коллеж ва лицейларнинг 15-17 яшар талабаларининг вилоятларда ëппасига пахтага чиқарилгани Ўзбекистон давлат назоратидаги оммавий ахборот воситаларининг ўзи бир неча бор (билвосита) тасдиқлади.

Ўзбекистон вилоятларидан Озодликка келаëтган хабарларга кўра¸ бу йилги пахта мавсуми бошланганига 60 кун тўлгани ва республика пахта режаси расман бажарилди¸ деб эълон қилинганига қарамай¸ айни кунларда минглаб ўқувчи-талаба яна пахта термоқда.

Ўзбекистондаги 2013 йилги пахта мавсуми ҳақида бу каби бир-бирига тамоман тескари бўлган маълумот тарқатилаëтгани сабаби нимада?

Сизнинг атрофингизда 18 ëшга тўлмаган лицей ва коллеж ўқувчилари пахта тердими (тераяптими)?

Пахта-2013 кампаниясининг Сиз кўрган асл манзараси қандай бўлди?


Бу ва бошқа қатор саволлар атрофида Сиз билан OzodlikOnline жонли¸ интерактив дастурининг душанба¸ 4 ноябрь куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган янги сонида суҳбатлашамиз. OzodlikOnline, OzodSkype каби Skype манзиллари орқали Сиз ҳам бу мулоқотда бевосита иштирок этинг.

Ўз мулоҳазалари билан суҳбатга қўшилиш истагидаги муштарийларимиз OzodlikOnline манзилига сўров юборишлари ва Skypeдаги дўстларимиз сафига қўшилишлари мумкин. OzodlikOnline Сиз учун 24 соат давомида очиқ!





OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG