Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:53

Ўзбекистонни 24 йил бошқарган Рашидов вафот этганига 30 йил тўлди


Совет Ўзбекистонини 24 йил бошқарган Шароф Рашидов оламдан ўтганига 30 йил тўлди.

1959 йилдан то 1983 йилгача Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлган Шароф Рашидовнинг ўлими тафсилотлари ҳақида турли зиддиятли маълумотлар мавжуд.

Расмий маълумотларга кўра, Шароф Рашидов 1983 йил 31 октябрида Ўзбекистоннинг шимолига сафари давомида, Нукусда оламдан ўтган.

Шариф Рашидовнинг ўлими ҳақида хозиргача турли тахминлар ҳам мавжуд. Бу тахминларда Рашидовнинг ўз жонига қасд қилгани ëки ўлдирилгани борасида иддаолар ҳам илгари сурилади.


Шароф Рашидовни ўлими арафасида - икки кун олдин кўрган собиқ марказқўмнинг мафкура котиби Раъно Абдуллаеванинг Озодликка айтишича¸ ўша пайтдаги Совет Иттифоқи Министрлар Совети раиси ўринбосари Ҳайдар Алиев шарқ мамлакатларидан бирига учиб кетаëтиб, Тошкент аеропортида тўхтаган.

Аэропортда Ҳайдар Алиев Шароф Рашидов билан қисқа суҳбат қуриб, уни Ўзбекистон раҳбарлари устида қора булутлар қуюқлашганидан огоҳлантирган.

Бу суҳбатдан бир неча кун ўтиб, Шароф Рашидов Ўзбекистон шимолида сирли тарзда оламдан ўтди.

1983 йил 31 октябрида Шароф Рашидов оламдан ўтганидан сал ўтиб, унга қарши танқидий материаллар Ўзбекистон газеталарининг бош мақолаларига айланди.

Бу мақолаларда Шароф Рашидов порахўр, қўшиб ëзувчи ва коррупционер раҳбар сифатида танқид қилинди.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Совет Иттифоқи Бош Прокуратурасида ишлаган ҳуқуқшунос Николай Ивановга кўра, айнан ўша пайтда Ўзбекистондаги барча жиноятлар марҳум Шароф Рашидовнинг зиммасига юкланди.

Шаҳар марказига дафн қилинган Рашидов жасади қабрдан олиниб,Чиғатой қабристонига кўмилди.

- Рашидов билан бирга ишлаган Иномжон Усмонхўжаев Ўзбекистон Компартиясининг 16-пленумида: "Биз у кишининг гипнози остида бўлганмиз", деб айтишгача борди, дейди Николай Иванов "Рашидовни дафн қилиш" деган ҳужжатли фильмда.

Марказқўмнинг мафкура котиби Раъно Абдуллаева Усмонхўжаевнинг бу гапини истеҳзо билан ëдга олди.

- Арслон ўлганида унга шоқоллар ташланишади. "Арслон" тирик бўлганида бу "шоқоллар" бўйнини қисиб юришган. Бу энди мажозий маънода. Жиддий айтадиган бўлсак, Рашидовнинг ëрдами боис лавозим соҳиби бўлганларнинг у киши ўлганидан кейин ëмонлаши менда салбий таасурот қолдирган эди, дейди Раъно Абдуллаева Озодлик билан суҳбатда.

Орадан йиллар ўтиб Ўзкомфирқа биринчи котиби марҳамати боис лавозимга кўтарилган давлат арбобларидан бири Рафиқ Нишонов ўз китобида Рашидов ҳақида мақтовли сатрлар ëзди.

Москвада тақдим қилинган хотира китобида "Ўзбекистонни узоқ вақт бошқарган раҳбар Шароф Рашидов шахсига алоҳида тўхталгани" тўғрисида ўтган йилнинг декабрида Озодликка берган суҳбатида айтган эди Рафиқ Нишонов:

- Менинг кўп ишларга кўтарилишимда Шароф Рашидовичнинг роли катта.
Рашидов жуда катта эътибор билан менга қараган ва ўша кўтарилиш учун мен Шароф Рашидовичдан, албатта, қарздорман. У кишини улуғ одам деб ҳисоблайман. Ўзбекистон учун кўп хизмат қилган. Унинг характерида бир хил камчиликлари бўлган. Улар тўғрисида озгина ëзганман. Лекин Ўзбекистон учун унинг қилган хизмати жуда катта.. Уларнинг ҳаммасини эсга олдим, деган эди Рафиқ Нишонов.

Шароф Рашидов билан бир неча марта учрашган шоир Омон Матжон уни "қолоқ аграр ўлка бўлган Ўзбекистонни Совет шарқининг энг ривожланган ўлкасига айлантирган тирик сиëсий арбоб", деб билади.

Озодлик билан суҳбатда бўлган Омон Матжон мулоҳазасича, "тийнатида миллий руҳ яширинган Шароф Рашидов Совет Иттифоқи хазинасини иложи бор қадар Ўзбекистонни юксалтиришга йўналтирган улуғ ватанпарвардир".


Рашидов даврида Ўзбекистонда рус тилига катта эътибор берилган
Рашидов даврида Ўзбекистонда рус тилига катта эътибор берилган
Ўтган асрда Совет Ўзбекистонида ижод қилган Рауф Парфи бошчилигидаги ҳурфикр шоирлар Шароф Рашидовни руслаштириш сиëсатини олиб борганликда айблашган.

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло қамоқдан чиққанидан кейин Шароф Рашидов ғамхўрлигини марҳаматига нойил бўлганини мамнуният билан эслайди.

- Қамоқдан кейин у киши мени қабул қилиб моддий ëрдам кўрсатган, китобларим чоп қилинишига кўмакчи бўлган, деди адиб.

Шукруллога кўра, Компартиянинг 16-пленумидан кейин ëзувчилар Шароф Рашидовни "ëмонлаш пойга"сига тушган.

Рашидов даври ҳақидаги тадқиқот муаллифи, россиялик тарихчи Максим Токарев ўз китобида "Шароф Рашидов Совет Иттифоқидаги порахўрлик тизимидан ўз мамлакатини ривожлантириш учун фойдаланганини" ëзади.

Тошкент метроси ва телеминора Шароф Рашидов ташаббусига кўра барпо қилингани айтилади.

Шароф Рашидов 1959 йил март ойидан то умрининг охирига қадар Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлиб ишлади.

Шароф Рашидов сиëсат тарихига 1965 йилда Хиндистон ва Покистон ўртасидаги низони бартараф қилишга ҳисса қўшган арбоб сифатида кирган.

Рашидов Совет мафкурасини мадҳ қилган бир неча роман ва қиссалар муаллифи.

Бу асарлар рус¸испан¸араб ва инглиз тилига таржима қилинган.

Шароф Рашидов ëзган “Кашмир қўшиғи “ (Наргиз-Наргиз..)шеъри Ўзбеккистонлик таниқли қўшиқчи Шерали Жўраев ва “Садо” мусиқий гуруҳи тарафидан ижро қилиниб эл оғзига тушган эди.

Рашидов қаламига мансуб "Икки дил достони" ва "Ғолиблар" романлари асосида кино суратга олинган.

Ўзбекистонда Шароф Рашидовнинг номи абадийлаштирилган. Рашидов туғилган Жиззах вилоятида унга мармар ҳайкал ўрнатилган.

Шароф Рашидовнинг мармар ҳайкали
Шароф Рашидовнинг мармар ҳайкали
Шароф Рашидовнинг қизи Сайëра Рашидова Ўзбекистон республикаси Омбудсмени сифатида фаолият юритиб келади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонни 24 йил бошқарган Шароф Рашидовнинг куëвидир.
XS
SM
MD
LG