Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:52

Гулнора Каримова бошқараëтган Фонд Форум текширилмоқда


Озодлик манбалари Гулнора Каримованинг бизнес-империясида саросима бошлангани ҳақида гапирмоқда.
Озодлик манбалари Гулнора Каримованинг бизнес-империясида саросима бошлангани ҳақида гапирмоқда.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова раислик қиладиган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасида кенг кўламли текширув бошланган. Озодликнинг Тошкентдаги манбасининг билдиришича¸ “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми”га оид молиявий ҳолат Ўзбекистон Прокуратураси ва Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси тарафидан текширилмоқда.



Тошкентдаги мустақил журналистлардан бирининг Озодликка айтишича¸ жамғарма фаолиятини текширишда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши бўлими тафтишчилари ҳам иштирок этмоқда.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг ўз манбаларига таянган ҳолда айтишича¸ жамғармага ташқаридан келган валюта тушумларининг мақсадли сарф қилингани текширилмоқда.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича¸ “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси (Фонд Форум)ни текширган тафтишчиларда ташқаридан ҳомийлик ëрдами ўлароқ келган маблағ талон-тарож қилингани ҳақида фактлар мавжуд.

2004 йилнинг февраль ойида ташкил топган Фонд Форум маҳаллий илм-фан, маданият, маориф ва спортни қўллаб-қувватлаш учун бирлашган фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг ихтиёрий ўз-ўзини бошқарувчи очиқ нодавлат бирлашмаси сифатида қайддан ўтган.

Жамғарма васийлик кенгаши раиси Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовадир.

Гулнора Каримовага яқин бўлган тошкентлик журналистнинг исми айтилмаслик ва овози эфирга узатилмаслик шарти билан Озодликка билдиришича¸ жамғармадаги тафтиш Гулнора Каримовани жиловлаш мақсадида қилинаëтган умумий тадбирнинг бир қисмидир.

Суҳбатдошга кўра¸ бундан 4 кун олдин эфирдан бир кунда олиб ташланган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканалларининг фаолияти ҳам шу кунларда ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан жиддий тафтиш қилинмоқда.

Тошкентда битта бино ичида жам бўлган ва 21 октябрь эрталаб соат 10да эфирдан тўсатдан ғойиб бўлган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS каналлари раҳбариятига "лицензион шартларга риоя қилмаганлиги ва қайд қилинмаган пул оқимини ташкил этгани" юзасидан айбловлар илгари сурилган.

TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканалларининг муассиси бўлган Terra group масъулияти чекланган жамиятининг молия бўлими ходимаси Озодлик билан суҳбатда телеканалларда жиддий тафтиш кетаëтганини хабар қилган эди.

Ҳужатларда "нодавлат телеканал", дея юритилган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS каналларининг асл эгаси Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова экани иддао қилинади.

Телевидениелар раҳбарияти вакилларига кўра, “профилактика учун ëпилган” телеканалларнинг "мамлакатдаги энг юқори лавозимли кишининг сиëсий иродаси билан ëпилганини" Тошкентдаги телереклама агентликларидан бирининг ўзини Нора, деб атаган вакили Озодликка маълум қилди.

Суҳбатдошга кўра, Гулнора Каримованинг “бизнес-империясида саросима бошланган ва Каримованинг тан қўриқчилари бошлиғи мамлакатдан қочиб кетган."

Суҳбатдошимизнинг бу иддаолари ҳақиқатга яқин экани 25 октябр куни "Олтин гепард" кинофестивалининг ëпилиш тантанаси куни ҳам билиниб турди.

Тантанада давлатга оид оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этмади.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жмағармасининг расмий сайти 23 октябрдан бери фалаж ҳолатда турибди.

Бу сайт ишини яқиндан билган Ўзбекистон ëзувчилар уюшмаси аъзосининг Озодликка айтишича¸ Каримовага яқин бўлган ижодкорларнинг ҳам ишдан қўли совуган.

Гулнора Каримовага яқин бўлган мамлакат ичидаги манбанинг Озодлик билан ўзаро суҳбатда айтишича, "кейинги бир-икки ой ичида Гулнора устида пайдо бўлган қора булутларнинг" бугун эрта ариши қийин:

"Фонд Форум ва телеканаллардаги тафтишларга ўхшаш муаммолар илгари ҳам бўлар эди. Гулнора Каримова одатда бу тахлит муаммоларни президент дарвозабонлари бўлган икки шахс кўмагида ҳал қилар эди. Бу шахслардан бири Татяна Акбаровна Каримова (президентнинг рафиқаси) бўлса¸ иккинчиси Зелимхон Ҳайдаров (Оқсарой иш бошқарувчиси) эди. Ҳозир мана шу икки шахс Гулнорадан масофалашган. Бугун Фонд Форумда ва телеканалларда бўлаëтган тафтишлар Гулнорани жиловлаш тадбирининг бир қисмидир. Бу тадбир давомида Гулноранинг сиëсий истқиқболига деярли нуқта қўйилди"¸ дейди суҳбатдош.

Бундан олдин Гулнора Каримовага яқин бўлган тошкентлик журналист “шу кунларда Гулнора Каримованинг ҳар бир қадамини МХХ кузатмоқда” деган иддаони айтган эди.
XS
SM
MD
LG