Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:30

Шифокор ёллаган мардикор пахтазорда ўлиб қолди


Қашқадарë вилоятида ҳашарчилар учун қурилган муваққат лагер.
Қашқадарë вилоятида ҳашарчилар учун қурилган муваққат лагер.
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида пахта тераётган сурхондарёлик 31 яшар мардикор тутқаноғи тутиб, пахтазорда ўлиб қолди. Озодликнинг ишончли манбаларига кўра, бу мардикор йигитни Тошкентдаги 49-поликлиника дўхтири ўз ўрнига ёллаб, пахта теримига жўнатган. Пул ишлаш истаги устун бўлган мардикор йигит эса касалини яширган.


Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Калламозор қишлоғида яшаган 31 яшар Хайрулла Норматов 4 октябр куни Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги пахтазорда жон таслим қилди.

Хайрулла Норматовни Тошкентнинг Юнусобод туманидаги 49-поликлиника жарроҳи Дўстмурод Абраев ўз ўрнига мардикор сифатида ёллаб жўнатган.

Дўстлик туманидаги Озодлик манбасига кўра, Хайрулла Норматов пахтазорда ўлиб қолган.

- Булар обеддан кейин идишларини ювгани ариққа борган. Икки шериги идишларини ювиб кетибди, Хайрулла қопти. Кейин у ҳеч келавермагач, шериклари қайтиб келиб кўрса ариқ бўйида чўзилиб ётганмиш. Тутқаноғи тутиб уже жони чиқиб кетган экан, - деди Озодлик манбаси.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 49-поликлиниканинг ўзини таништирмаган шифокори Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ҳақиқатан ҳам Хайрулла Норматовни жарроҳ Дўстмурод Абраев ўрнига пахта теримига жўнатганини тасдиқлади.

- Бу раҳматли йигит жарроҳимизнинг ҳамқишлоғи бўлган экан. Унинг тутқаноқ касали борлигини ҳеч ким билмаган. Ўзи ҳам яширган буни. Учта боласи бор экан, бир-икки сўм ишлаб олай деганда, шўрлик, - деди поликлиника шифокори.

Шифокорга кўра, бу воқеа юзасидан жиноят иши очилмаган.

Ҳар йили пахта теримига жалб этилган ҳашарчилар орасида ўнлаб қурбон қайд этилади. Жорий йилда Озодликка маълум бўлган "Пахта-2013" қурбонлари сони олти нафарни ташкил қилади.

Нукус шаҳридаги 1-Тиббиёт коллежининг 2-курсида таҳсил олган Ембергенова Малика Дарёбоевна 23 сентябр куни Тахтакўпир туманидаги ётоқда ўз жонига қасд қилди.

Сентябр ойининг охирида Дўстлик туманида фермерлик қилаётган Абдуғани Жумабоевнинг келини пахта тераётган пайтда ўлиб қолган эди.

15 сентябр куни Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Нарчоқ қишлоғида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига теримчилар терган пахта тагида бўғилиб ўлган.

Қарши Давлат университети Тарих факултети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини 16 сентябр куни пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди.

9 сентябр куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2 босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG