Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:46

Шифокорлар далада, вазирлик буни рад этмоқда


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари шифокор ва ҳамшираларнинг мажбурий тарзда пахта теримига олиб чиқилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Озодлик боғланган ўзбекистонлик шифокорларнинг аксари эса¸ ўзларининг айни кунларда далада эканини билдиришди.


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари Podrobno.uz мухбирига республикадаги барча 5090 та тиббий муассаса белгиланган тартибда ишлаётганини айтишган.

Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази раҳбари Абдуҳаким Ҳожибоев ҳам ўз ходимлари пахтага чиқарилаётгани ҳақидаги хабарларни асоссиз деб атади.

- Ҳар хил сайтларда ким қанақа хабарни бермасин, марказимизда ҳеч бир жарроҳлик амалиёти бекор қилингани йўқ, ҳар доимги тартибда ишлаяпмиз. Мамлакатда бошланган пахта терими ҳеч бир шаклда шифокорларимизнинг касбий фаолиятига таъсир қилгани йўқ, деб айтган Ҳожибоев Podrobno.uz сайтига.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вакиллари ҳам, Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази раҳбари Абдуҳаким Ҳожибоев ҳам айни гапларни Озодликка гапиришни исташмади.

Ўзбекистонда давлат хизматчилари, жумладан ўқитувчи, ҳамшира, шифокорлар ишдан бўшатилиш, маошдан мосуво этилиш таҳдидлари остида пахта теришга мажбурланаётгани ҳақида қатор мустақил нашрлар, жумладан Озодлик радиоси ҳам хабар бериб келмоқда.

Жумладан, ўтган ой Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг ўз исмини айтмаган ходимларидан бири Озодлик мухбирига марказ ҳамшираларидан тортиб етакчи мутахассис ва жарроҳларгача пахтага олиб чиқилаётгани билдирган эди:

- Пахтага ҳам бориб келaяпмиз, беморларга ҳам хизмат кўрсатаяпмиз, деб айтган эди тиббий марказ ходими.

Озодлик мухбири Тошкент ва вилоятлардаги бир қатор тиббий муассасаларга телефон қилиб, ўзбекистонлик ҳамшира- шифокорларнинг ўз касбий фаолияти қолиб, далада пахта тераётганини аниқлади.

Тошкентдаги 16-сон шаҳар касалхонасининг ўз исмини айтмаган ходими ҳозирда шифохнанинг етмишдан зиёд ходими далада эканини билдирди:

-72 та одам берганмиз,улар ҳамшира, врачлар, санитаркалар. Яъни умумий ходимларимизнинг 10 фоизи пахтада ҳозир, деди касалхона ходими.

Тошкентдаги 5-сон касалхонаси шифокорларининг ҳам ўрни ҳозир пахта даласида:

- Врачларимиз Дўстлик туманида (Жиззах вилояти) пахта теришaяпти. Нормани ҳар куни бажаришaяпти. Норма 70 кило, дейди 5-сон касалхона ходими.

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги Травматология касахонаси шифохонаси ходимларининг деярли ярми пахтада:

- Пахтага бориб териб юрибмиз, мени ўзим кеча келдим. Коллективимиз кичкина, шунда ҳам кўпчилигимиз чиқaяпмиз, уч кундан смен алмашиб кетиб турибмиз, илож йўқ, нима қиламиз, давлатнинг буйруғи, дейди янгийўллик травматолог.

Кузатувчиларга кўра, мажбурий болалар меҳнати боис халқаро босимлар остида қолган Ўзбекистон ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига оммавий жалб этмасликка ҳаракат қилмоқда.

Болалар ўрнига ҳукумат пахтани қўлда териб олиш жараëнига давлат бюжетидан молияланадиган корхоналар, жумладан шифохона ходимлари ва мактаб ўқитувчиларини мажбур этмоқда.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилги пахта мавсумида бир миллиондан ортиқ фуқаросини, жумладан ўқитувчи, шифокор ва ҳамшираларни оғир шароитда пахта теришга мажбур қилган.

Шу кунга қадар дунёнинг юздан зиёд чакана савдо ширкати мажбурий меҳнат эвазига етиштириладиган Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотлардан воз кечган.
XS
SM
MD
LG