Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:42

Ўзбекистонликлар Наргиз Зокированинг "Голос"даги чиқишини кўролмади


Наргиз Зокированинг сочи қирилган ва юз-қўли татуировкаланган аҳволда чиқиши Интернетда баҳсу-мунозара уйғотди.
Наргиз Зокированинг сочи қирилган ва юз-қўли татуировкаланган аҳволда чиқиши Интернетда баҳсу-мунозара уйғотди.

Ўзбекистонда Россиянинг аксарият телеканалларини тўғридан - тўғри узатиш тўхтатиб қўйилгани боис, кўпчилик томошабинлар Россиянинг "Первый" телеканалида ўз ватандоши Наргиз Зокированинг чиқишини кўра олишмади. Кабел телевидениелари ҳам “Голос” кўрсатувини трансляция қилмади.


Россиянинг "Первый" телеканалида бир неча ҳафтадан бери “Голос” телелойиҳасининг иккинчи фасли намойиш қилинмоқда.

Ўтган жума куни қўшиқ танловининг навбатдаги сонида 42 ёшли Наргиз Зокирова афсонавий “Scorpions” гуруҳининг “Still Loving You” қўшиғини айтиб, жюри аъзоларни қойил қолдирди.

Зокирова қўшиқ айтаётганида тўртала ҳакамнинг бари уни ўз гуруҳига олишни истади. Лекин, Наргиз россиялик қўшиқчи Леонид Агутин билан ишлашни танлади.

Айни пайтда ўзбекистонликларнинг кўпчилиги бу танловда ўз ватандошининг чиқишини эртаси куни Интернетдан кўришди.

Томошабинларнинг Озодликка айтишларича, жума оқшомида Ўзбекистондаги кабел телевидениелари “Голос” кўрсатувини трансляция қилмаганлар , ўрнига "Вышка" кўрсатуви берилган.

- ОРТни кўрамиз, лекин ўша куни “Голос”ни кўролмадик. Унда Наргиз Зокирова қатнашаётганини эртаси куни, Facebook тармоғида тарқалган видеолардан кўрдик, - дейди исмини айтмаган тошкентлик томошабин.

Айни пайтда ўзбекистонликлар орасида “Голос” лойиҳасида Наргиз Зокирова чиққани боис у Ўзбекистонда кўрсатилмади, деган гап-сўзлар ҳам тарқалди.

Ўзбекистондаги йирик кабел студияларидан бири UZDIGITAL TV вакили бу гап-сўзларни рад этишди.

UZDIGITAL TV сутдиясининг Озодлик суҳбатлашган ходими “Голос” кўрсатуви "Первый" телеканалининг Ўзбекистонга узатилаётган пакетида йўқлигини айтди.

– Еттита ОРТ бор. Ҳар хил регион учун ҳар хил кўрсатув беради. Бизда Ўзбекистон региони учун мўлжалланган каналлар берилади. Биз Осиё мамлакатлари учун мўлжалланган спутникдан оламиз сигнални, бошқа кабел телевидениелари ҳам шундай ишлайди,- дейди UZDIGITAL TV ходими.

"Голос" лойиҳаси матбуот вакили Владимир Смирнов Озодлик билан суҳбатда мазкур лойиҳа Россия Федерацияси аудиторияси учун мўлжаллангани ва шу боис Ўзбекистонга трансляция қилинмаётганини айтди.

- Бу лойиҳа фақат Россияни ичкариси учун мўлжалланган. Лицензияни талаби шу. Ўзбекистонда берилмаётгани шу билан боғлиқ, - деди Смирнов.

Кўп йиллардан буён саҳнада кўринмай қолган Наргиз Зокирова 27 сентябр куни “Голос” телелойиҳасида сочи қирилган ва юз-қўли татуировкаланган бир алфозда пайдо бўлди.

"Татуировкаларга қарамай мен ҳам ҳамма қатори одамман", деди Зокирова телеканалга берган интервьюсида.

1971 йилда Тошкентда туғилган Наргиз 19 йилдан буён АҚШнинг Ню Йорк шаҳрида яшайди.

Тўрт ёшидан қўшиқ айтишни бошлаган Наргиз Зокирова саксонинчи йилларда суратга олинган "Водиллик келин" филми учун тоғаси Фарруҳ Зокиров саундтрек сифатида ёзган “Унутма мени” қўшиғи билан танилган эди.

Наргиз Зокирова таниқли опера солисти Карим Зокировнинг невараси, машхур хонанда Ботир Зокиров ҳамда Ялла гуруҳининг асосчиси ва солисти Фаррух Зокировнинг синглиси Луиза Зокированинг қизи бўлади.

Наргиз Зокирова "Голос" лойиҳасида қатнашаётган биринчи ўзбек қўшиқчиси эмас.

Бундан олдин таниқли қўшиқчи Севара Назархон ҳам айни лойиҳада қатнашган эди.

Ўзбекистонлик томошабинларнинг эса бу кўрсатувда ўз ватандошларининг чиқишини томоша қилиш имкони йўқлигидан хафсаласи пир.

- Ўзбекистон телеканали шу лойиҳани трансляция қилиб олиб берса бўладику. Ахир бу лойиҳада иккинчи қўшиқчимиз қатнашяпти. Олдин Севара Назархон ҳам қатнашган эди. Ҳозир Наргиз Зокирова ўзининг жарангдор овози билан жюриларни лол қолдирди,- дейди тошкентлик томошабин.

Ўзбекистонда Россиянинг аксарият телеканалларини тўғридан-тўғри узатиш 1990-йиллар ўрталаридаёқ тўхтатилган, аммо кейинроқ кабел телевидениелари ўз тармоқлари орқали ёйинлашни бошлаган эди.

2012 йил бошида “Муҳташам юз йил” турк сериалини намойиш этиб келадиган Россиянинг "Домашний" телеканали кўрсатувлари берилиши ҳам Ўзбекистонда тўхтатиб қўйилганди.

Айни пайтда Наргиз Зокированинг сочи қирилган ва юз-қўли татуировкаланган аҳволда чиқиши Интернетда ўзбекистонликлар орасида баҳсу-мунозара уйғотди.

"Уни танаси картинная галерея бўлиб кетибдику. Бу ўзбекчиликка, мусулмончиликка тўғри келмайдику. Таниқли сулола вакиласининг татуировкалар билан чиқиши маданиятимизга ҳам мос келмайди", деб ёзди Facebook ижтимоий тармоғида Диёр Расулов деб таништирган Интернет фойдаланувчиларидан бири.

Бухоролик Малика Азизова эса: "Наргиз Зокировадан фахрланаман. Ҳамюртларимиз Россияда қора ишчи бўлиб ишлаб юрибди. Наргиз Зокирова, бундан олдин эса Севара Назархон "Голос"да ўзбеклар обрўсини кўтаряпти", деб ёзди.
XS
SM
MD
LG