Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:40

Бухоролик ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов тўрт йилга кесилди


 Бобомурод Раззоқов.
Бобомурод Раззоқов.
24 сентябр куни Бухоро вилоятининг Жиноят ишлари бўйича Жондор туман суди “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар фермер Бобомурод Раззоқовни тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарди. Суд Раззоқовни одам савдосида айбдор деб топди.

Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаолининг ўғли Шуҳрат Раззоқов маълум қилди.

Суд ҳукмига кўра, “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар фермер Бобомурод Раззоқов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддаси иккинчи қисми, “а”, “е” бандларига мувофиқ одам савдосида айбдор деб топилган.

“Эзгулик” жамиятига кўра, Бобомурод Раззоқов устидан жиноят иши Гулшан Каримова деган аёлнинг шикоят аризаси асосида очилган. Бу даъво аризасига кўра, гўё Бобомурод Раззоқов Гулшан Каримовани Дилфуза Равшанова исмли аёлга мажбурлаб бериб юборган, у эса Гулшан Каримовани эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган.

“Эзгулик” жамияти бунга қадар ёйинлаган баёнотида одам савдосидек қалтис айблов Бобомурод Раззоқовнинг касбий фаолияти ва сиёсий қарашлари эвазига уюштирилган провокация экани таъкидлаган.

“Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроилжон Ризаев фикрича, Бобомурод Раззоқовнинг қамалиши ортида сиёсий буюртма турибди:

- Бобомурод Раззоқовнинг қамалишини Ўзбекистонда сўнгги йилларда ҳуқуқ ҳимоячилари, эркин сўз айтгувчиларга нисбатан ҳукумат олиб бораётган курашнинг давоми сифатида қабул қилиш керак. Мана куни-кеча хоразмлик ҳуқуқ фаоли Сергей Наумов ҳибсга олинди. Булар ҳаммаси янаги йил бўладиган парламент сайловларигача жуда ҳам кам қолган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларни, умуман эркин фикрловчи одамларни тозалашга киришилганидан дарак беради, деди ҳуқуқ фаоли Исроилжон Ризаев.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Озодлик билан суҳбатда ташкилот Бобомурод Раззоқовнинг тақдиридан жуда хавотирда эканлигини айтди:

- Бир неча куни олдин Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Акмал Саидов Женевада ўтказилган БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси ишчи гуруҳининг 16-сессиясида Ўзбекистонда сиёсий маҳкумлар йўқлиги ҳақида гапирган эди. Бобомурод Раззоқовнинг тўқима айблар билан қамалиши эса жаноб Саидов айтган гапларини пучга чиқаради.

Биз ўнлаб инсон ҳуқуқи фаоллари, ёзувчилар, журналистлар айнан ўзларининг фуқаролик фаоллиги учун ҳам Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтирганини яхши биламиз. Шунингдек минглаб одамлар диний эътиқодлари учун маҳкум этилган ва улар қийноқлардан жабр кўрмоқда. Биз Ўзбекистон ҳукуматидан Бобомурод Раззоқовнинг иши қайта кўриб чиқилишини, у ишончли адвокатлар билан таъминланиб қамоқдан озод қилинишини талаб қиламиз, деди ҲРУ ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар фермер Бобомурод Раззоқов Бухоро вилояти ИИБ томонидан шу йилнинг 10 июл куни ҳибсга олинган.
XS
SM
MD
LG