Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:51

WhatsApp Пахтакор: "Тонгги 7 яримдан даладамиз, норма 60 кило"


Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Андижон, Наманган, Қашқадарё вилоятларидан Озодликка ёзаётган блоггерлар сони ортмоқда. Хабарларга кўра, терим эрталаб соат 6-7 дан кечки соат 7 гача давом этмоқда. Норма эса 60 дан 85 килограммгача. Бундан буён пахтазордан ёзаётган муштарийлар битикларини “WhatsApp Пахтакор” блогида ўқиб боринг! WhatsApp + 420 608 549 460


"Нормани бажариш мажбурий"

Андижон вилоятининг Бўз туманида пахта тераётганини ёзган муштарий саҳар соат 7 дан то кечга қадар пахтазорда экани, кундалик нормани бажариш мажбурий экани ҳақида ёзди.

"...Andijonni Bo'zidamiz 7 yarimda tushyapmiz 60 kg norma..." деди Озодликнинг “WhatsApp Пахтакор” блогига ёзган муштарий.

Ушбу суратда 17 сентябр куни бир неча теримчи тушга қадар териб олган бир неча этак пахта акс этган.


"Самарқанд коллежлари 18 сентябрдан пахтада"

“WhatsApp Пахтакор”га ёзган яна бир муштарий бу вилоятдаги коллеж ўқувчиларига 18 сентябр куни пахтага жўнатилиши маълум қилинганини айтди.

"... Самарканд вилояти хукумати барча муассасаларга 18 сентябрдан пахта терим эълон килди. Бугун 17 сентябр барча коллеж 2-3-курс укувчиларига уйига жавоб берилди. Ва кечга кайтиб келиш шарти.Эрта сахардан пахта..."


"Пахтага бормаган коллеж ўқувчиси дипломдан айрилади"

“WhatsApp Пахтакор” блогига муштарийлардан келган мактублардан бирида Тошкент вилоятидаги туманлардан биридаги коллеж ўқувчилари пахта теримига чиқишга мажбурланаётгани айтилди.

Икки сатрда мактуб ёзган муштарий ўзининг коллеж ўқувчиси экани ва пахтага чиқмаса, дипломи берилмаслигидан огоҳлантирилгани ҳақида ёзди.

Қуйида ўша мактуб ўзгаришсиз келтирилмоқда:

"... ман колеж окувчисиман агар пахтага бормасен дипломингни бермимиз курсдан курсга колдирамиз дийишвоти шунга хаклиги борми колеж мамуриятини..."


"Мактаб ўқувчиси ўрнига ота-онаси пахтага чиқиб берсин!"

Ўзининг Самарқанд вилоятидаги эканини айтган, аммо исмини очиқламаслигимизни сўраган муштарий мактаб ўқувчилари ҳам пахтага ҳозирланаётгани ҳақида ёзди.

Мактубда айтилишича, вилоятдаги бир неча мактабда ўқувчи ўрнига ота-онасидан пахтага чиқиш сўралмоқда.

Қуйида ўша мактуб ўзгаришсиз чоп этилмоқда:

"... Samarqandni ... tumanida 53-55-100 maktablarda paxta boshlanmagan bulsa ham maktabda uqiydigon har bir bolani oylasidan mehnatga yaroqli otasi yoki onasi paxtaga chiqib berishi majburlanyabdi! Undan tashqari hali maktablarga paxta deb aytilmagan bulsada lekin har bir maktab uchun kunlik norma 3 tonani tashkil qiladi bu digani 1 telichka paxta!

14.09.2013.. 55-maktab 8 sinf uquvchisidan olingan malumat!"


"Коллеж ўқувчиларги яна бир тилхат ёздирилмоқда"

WhatsApp орқали Озодликка боғланган яна бир муштарий коллежда ўқийдиган укаси директор номига тилхат ёзишга мажбурлангани ҳақида ёзди.

Исмини сир сақлашимиз шарти билан ёзган муштарийга кўра, ўқувчилардан "умрида пахта теримига чиқмагани", "ака-укаси ҳам чиқмагани" ҳақида тилхат ёзиб бериш талаб қилинмоқда.

Қуйида унинг мактубини ўзгаришсиз чоп этаяпмиз:

"... Yana bu yil paxtaga chiqmasa kursdan qoldirilishga roziligi haqida yana bitta xat yozib berishipti Bugun kollejda o'qiydigan ukam gap topib keldi. Uni aytishicha har bir o'quvchidan umri davomida paxtaga chiqmaganligi, akalari ham paxtaga chiqmaganligi, faqat SSSR davrida o'qigan yaqinlarigina paxtaga chiqqanligi haqida xat yozdirtirib olishipti..."

Озодлик бу муштарийдан тилхат нусхасини кутмоқда, тилхат олиниши билан ушбу саҳифада чоп этилади.


"Пахтага чиқмасам, курсдан қолдиринг"

Бунга қадар Самарқанд вилоятидаги коллежлардан бирида ўқувчилардан пахтага чиқишмаса, курсдан қолдирилишига розилик битилган тилхатга қўл қўйиш талаб қиланаётгани ҳақида мактуб келди.

Озодликнинг электрон почтасига келган мактубда шундай дейилди:

“Шу бугун бизнинг коллежда учинчи курсларни йиғиб директор мажлис ўтказди. Директорнинг айтишича, биз пахта теримига тайёр бўлиб туришимиз керак экан. Кўрпа-тўшак, раскладушка, фартукларни тайёрлаб қўйишимиз керак экан. Ҳокимиятдан “старт” бўлиши билан кетамиз экан. Биз ҳаммамиз "пахтага борамиз"¸ деб тилхат ёзиб бердик”.

Бу тилхат Самарқанд Ижтимоий иқтисодиёт коллеж директори А.А.Носиров номига ёзилган.

Озодлик мухбирининг аниқлашича¸ ўқувчилардан пахта теримига чиқиш ҳақида шу мазмундаги тилхат олиш амалиëти биргина Самарқанд Ижтимоий иқтисодиёт коллежида эмас¸ балки вилоятдаги бошқа коллежларда ҳам кузатилмоқда.


Теримчилар халқаро ташкилотлар сўровига тайёрланмоқда

WhatsApp орқали Озодликка боғланган Шоҳрух пахта теримига жўнатилаётган ишчиларга, мабодо чет элликлар сўраб қолса, теримга юртига "фидокорона меҳнат қилиш учун" ўз ихтиёри билан бораётганини айтиш тайинланаётгани ҳақида ёзди.

Ўтган йили Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида пахта терган ва бу йил ҳам шу туманга ётоққа ҳозирланаётган бу йигит йўллаган мактубни қуйида ўзгартиришсиз чоп этаяпмиз:

"...Salom mani ismim Shoxrux. Ozodlik maqolasida xalqaro mehnat tashkiloti o'zbekistonga kelgani va kuzatuv olib borishi haqida o'qigandim. Bizni ham ohirhi 3 yildan beri djizzaxga paxtaga olib borishmoqda. Kimlar borishi va qachon borishi ro'yhatlari tuzilgan. Xalqaro tashkilotlar so'rovnoma olib borishi haqidayam aytib o'tishdi... Hatto ularning savollariga qanday javob berishimiz haqidayam ko'rsatmalar berishdi. Yani biz paxtaga o'z hohishimiz bilan, davlatimizga yordam berish, iqtisodini ko'tarish maqsadida fidokorona hizmat qilishimiz uchun chiqqanligimizni aytishimiz lozim.

... Faqat sizdan iltimos, mani ismimni yozsangiz ham, ishhonamiz nomini ovoza qilmang...

Shoxrux"


“WhatsApp Пахтакор” блогига Сиз ҳам ёзинг!

Ўқиганингиз, Озодлик муштарийси “WhatsApp Пахтакор” блогига йўллаган мактуб. Ушбу блогда тилга олинган маълумотлар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Аммо, бундай мактубларни чоп этиш ва сиз муштарийни ҳам бунга чақиришдан мақсад блоггерлардан келган маълумотларга имкон қадар аниқлик киритиб, асл вазиятни ўрганишдир!

Марҳамат, мактуб ёзинг, Ўзбекистон пахтазорларидаги воқеъликни аниқ, холис ва ўз вақтида ёритишда Озодлик билан ҳамкорлик қилинг!


Манзилларимиз:

WhatsApp + 420 608 549 460
E-mail:
ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org
Skype: Ozodskype, issakovab
Twitter:@BarnoAnvar
Mоб: +420 602 612 713 (SMS ва қўнғироқлар)
Факс: +420 2 2112 6604
XS
SM
MD
LG