Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:49

Россия АҚШдан кейин муҳожирлар энг кўп борадиган давлатга айланди


БМТнинг Ижтимоий ва иқтисодий масалалар департаменти чоршанба куни чиқарган янги ҳисоботда келтирилишича, бугунги кунда дунёда 232 миллион одам муҳожирликда яшамоқда.

Бу рақам йил сайин ортиб бормоқда. 2000 йилда дунёда муҳожирлар сони 175 миллионни, 1990 йилда эса 154 миллионни ташкил этган.

БМТ маълумотларига кўра, халқаро муҳожирларнинг учдан икки қисми Европа ва Осиёнинг ривожланган мамлакатларида яшайди - ҳозирги кунда Европада 72 миллион¸ Осиёда эса 71 миллион муҳожир бор.

Муҳожирларни қабул қилиб олувчилар¸ асосан шимолдаги ривожланган мамлакатлар бўлиб қолмоқда.

Дунёдаги муҳожирларнинг деярли ярми дунёдаги асосан ўн давлатда макон топишган.

Муҳожир қабул қилиб олувчи мамлакатлар орасида Қўшма Штатлар етакчилик қилишда давом этмоқда. БМТ мутахассисларига кўра¸ бу давлатда 45.8 миллион муҳожир бор ва дунёдаги ҳар беш муҳожирнинг биттаси АҚШда яшайди.

Муҳожирларни қабул қилиб олиш бўйича Россия иккинчи ўринда. БМТ эълон қилган янги рақамларга кўра, ҳозир Россияда 11 миллиондан ортиқ муҳожир бор.

Кейинги ўринларда Германия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Франция, Канада, Австралия, Испания турибди.

БМТ мутахассисларига кўра, сўнгги йилларда ишчи кучига муҳтож бўлган Жанубий Осиёнинг бир қатор ривожланган ва ривожланётган давлатлари, жумладан Малайзия, Сингапур, Тайланд каби мамлакатларда ҳам муҳожирлар сони кўпайган.

БМТнинг аҳолишунослик бўйича мутахассисларига кўра, муҳожирлик ҳозирги кунда дунёда қашшоқлик ва ишсизликни камайиши учун хизмат қилаётган муҳим омил бўлиб қолмоқда.

"Дангасалар"

Меҳнат муҳожирлари маҳаллий аҳоли бажаришни хоҳламаган, маоши кам ишларга рози бўлиб, уйларига пул жўнатади. Бу билан улар нафақат ўзи ёки оиласи равнақи учун хизмат қиляпти, балки ўзлари келган мамлакат ва қабул қилиб олувчи давлат иқтисодиётини ҳам қўллаб-қувватлаяпти¸ дейилади БМТ ҳисоботида.

Бугунги кунда Россиядаги меҳнат муҳожирларининг энг катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил этади.

Улар ўз мамлакатига пул жўнатиш бўйича ҳам собиқ иттифоқнинг бошқа мамлакатларидан келган муҳожирлар орасида пешқадам.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра¸ миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожири томонидан жўнатилаётган бу пуллар Ўзбекистон иқтисодиётининг 20 фоизини ташкил этиши мумкин.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов шу йилнинг май ойида қилган маърузасида Россияда ишлаётган ўзбек муҳожирларини дангасалар деб атаган ва ҳамюртларининг Москва кўчаларини супуриб юриши ўзида жирканиш ҳиссини уйғотишини билдирди:

- Ўзбекистонда ҳеч ким очдан ўлаётгани йўқ, деб танбеҳ берган эди Жиззахдаги учрашувда Каримов.

Ўзбекистонлик муҳожир ишчилар Ўзбекистондаги ишсизлик ва ночорлик уларни ўзга давлатларга етаклаётганини айтишади:

- Иш бўлса, ишлаганинга яраша ойлик берса бу ерларга келмас эдик, бола-чақани ёнида бўлар эдик. Биз ҳам хотин, бола-чақани ёнида бўлишни хоҳлаймиз, ноиложликдан шу ерда ишлаяпмиз¸ дейди Москвада қорувул бўлиб ишлайдиган қашқадарёлик Ихтиёр.

БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда ер юзида ички мигрантларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда¸ қарийб бир миллиард муҳожир қайд этилган.

Улардан 700 миллиони ички муҳожир (ўз мамлакати ичида ҳаракатланувчи ишчилар) 232 миллиони эса ташқи меҳнат муҳожиридир.

Дунёда муҳожирлар сони шу зайлда ортишда давом этса¸ 2050 йилга бориб улар сони 400 миллиондан ортиб кетиши мумкин, дейилади БМТ ҳисоботида.

Муҳожирларга нисбатан эҳтиëжни кучайтираëтган омиллардан яна бири саноати ривожланган мамлакатлар аҳолисининг келаси 30 йил мобайнида 25 фоизга камайиши мумкинлигидир.

Демографик бўҳрон кучайиб бораëтган айрим Европа давлатлари¸ қолаверса Россия иқтисоди иш кучига бўлган асосий эҳтиëжини айнан муҳожирлар ҳисобидан тўлдиришига тўғри келади.
XS
SM
MD
LG