Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:14

“Марказий Осиë Хитой учун хом-ашë базасига айланди”


Марказий Осиëга сафарини сешанба куни Ашхободдан бошлаган Хитой президенти¸ бу ерда туркман гази экспортини йилига 65 миллиард куб метрга етказишга оид кўп миллиард долларлик шартнома имзолади.
Марказий Осиëга сафарини сешанба куни Ашхободдан бошлаган Хитой президенти¸ бу ерда туркман гази экспортини йилига 65 миллиард куб метрга етказишга оид кўп миллиард долларлик шартнома имзолади.
Хитой президенти Си Цзинпиннинг Тошкентга қиладиган ташрифи арафасида икки давлат матбуоти ўзаро сиëсий-иқтисодий муносабатлар тадрижига юқори баҳо бермоқда. Аммо мустақил кузатувчилар Хитойнинг Марказий Осиë¸ қолаверса Ўзбекистон иқтисодидаги ўрнини “хавфли ва емирувчи” дея баҳоламоқдалар.

Марказий Осиë - Хитой келажаги гарови

Жорий йил Хитой президентлигига тайинланган Си Цзипин дунëнинг иккинчи йирик иқтисодига айланган Пекин раҳбари сифатида Марказий Осиë сафари доирасида 8 сентябр куни Ўзбекистонга илк бор расмий ташриф қилади.

Пекин раҳбарининг Марказий Осиëга 10 кун сафари қилиши¸ мустақил таҳлилчиларга кўра¸ мисли кўрилмаган воқеа ва бу мазкур минтақанинг Хитой учун аҳамияти қанчалик катта эканидан берилган муждадир:

- Хитой президенти Марказий Осиëнинг собиқ беш республикасидан тўрттаси пойтахтига сафар қилмоқда. Бу мисли кўрилмаган воқеа. Хитой давлат раҳбари бу сафарга жуда кўп вақт сарфламоқда. Бу эса мазкур минтақанинг Хитой келажаги учун нақадар муҳим эканини кўрсатмоқда¸ дейди Озодлик мухбири суҳбатлашган америкалик хитойшунос Жеймс Андерсон.

Ўзбекистон ўз зарарига Хитойни юксалтирмоқда

Мустақил кузатувчилар фикрича¸ Марказий Осиëнинг Хитой кўз ўнгида ошиб бораëтган аҳамияти минтақанинг энергетик ресурслари билан боғлиқ ва Пекин минтақа ëнилғи заҳираларини арзон нарх билан ўзига ташиб олиш сиëсатини устивор даражага кўтарган.

Айни шу мақсадда¸ минтақани ўз ҳудудига бевосита боғловчи қувурлар ва магистрал йўл қурилишига миллирадлаб доллар сармоя ажратмоқда.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Малик Абдураззоқов¸ коррупция ботқоғига ботган Марказий Осиë¸ хусусан¸ Ўзбекистон сиëсий бошқаруви¸ ўз давлатини иқтисодий жиҳатдан қолоқликка тортиш эвазига Хитой иқтисодини юксалтиришга хизмат қилаëтганини таъкидлайди:

- Хитой учун ҳозир асосий муаммо ўзининг чегара ҳудудларидаги минтақаларини иқтисодий ривожлантириш учун Марказий Осиë энергетик ресурсларини сўриб олиш¸ унинг ëқилғи қувватини ўз манфаатлари учун ишлатишдир. Хитойнинг бу минтақа¸ хусусан¸ Ўзбекистонда бошқа қизиқиши йўқ.Марказий Осиëда қанақа ҳукумат бўлмасин¸ диний¸ дунëвий¸ миллатчи бўладими¸ Хитойга барибир. Чунки Пекин бу ҳукуматдагиларни пора эвазига¸ ўз арзон технологиялари эвазига сотиб олишини яхши билади. Мен Хитой билан алоқаларни кучайтиришда минтақа ва Ўзбекистон учун ҳеч қандай истиқбол кўрмайман. Бу минтақа ўтмишда мажбуран Россия учун хом-ашë базасига айлантирилган бўлса¸ бугунга келиб¸ порахўр сиëсий элита ихтиëри билан Хитой учун ëнилғи хом-ашëси базасига айланди¸ дейди мустақил кузатувчи.

Бундай иқтисодий муносабатларнинг Ўзбекистон иқтисоди учун қанчалик хатарли эканини¸ Хитой билан алоқалар кучайган 2005 йилдан бери мамлакатда юзага келган энергетик бўҳрон очиқ кўрсатиб турибди¸ деб қўшимча қилади бу сиëсатшунос.

“Хитойга газ¸ қолаверса электр энергияси экспорт қилиш ҳажми ошган сайин¸ Ўзбекистон ҳудудининг аксар қисми¸ экологик ва иқтисодий жиҳатдан зарарли бўлган кўмирга қарам бўлиб бормоқда. Ўзбек ëнилғиси ҳисобига Хитой иқтисоди ўсиб¸ Хитойда иш ўринлари кўпайган сайин¸ Ўзбекистон иқтисодий қолоқлик домига тортилмоқда¸ ишсиз қолган аҳоли яқин ва узоқ хорижга муҳожиратга чииқб кетмоқда”¸ деб таъкидлайди Малик Абдураззоқов.

Хитой сармояси Ўзбекистон иқтисодини ичдан емирмоқда

Хитой президентининг ўзаро дипломатик муносабатлар тарихида алоҳида қайд этиладиган Ўзбекистонга сафари олдидан икки давлат расмийлари 21 йиллик сиëсий ва иқтисодий муносабатлар ривожига баҳо бермоқдалар.

Тошкентда маҳаллий мухбирлар билан учрашган Хитой Халқ республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Чжан Сяо сўнгги 20 йил давомида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш миқдори 50 баробарга кўпайганини маълум қилди.

“2013 йилнинг 7 ой давомида ўзаро савдо айланмаси 60 фоизга ўсди ва 2 миллиард 540 миллион АҚШ долларини ташкил этди”¸ деди элчи маҳаллий матбуотга берган маълумотида.

Элчи шунингдек Ўзбекистонга киритиладиган Хитой сармоя ва кредитлари миқдори камайиши ҳақида айрим Интернет нашрларида тарқаган хабарларни инкор қилди ва амалда бунинг акси бўлажагини таъкидлади.

Икки давлат расмийлари Ўзбекистондаги Хитой инвестицияси миқдорининг ошишини олқишлаб турган бир пайтда¸ мустақил кузатувчилар¸ бу жараëннинг ўзбек иқтисодиëти¸ Ўзбекистондаги сармоя иқлими учун хатарли эканини таъкидламоқдалар.

Мустақил сиëсатшунос Малик Абдураззоқов¸ бу таҳдидни шундай изоҳлайди:

- Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодидаги роли жуда салбий. Биринчидан¸ Хитойдан кириб келаëтган технологиялар ҳозирга қадар ўз истиқболини кўрсатмади (бу асосан японлардан ўғирланган эски технологиялардир).

Иккинчидан¸ Transparency International ташкилоти хулосасига кўра¸ Хитой ва Россия экспорт соҳасидаги коррупция бўйича дунëда биринчиликдадир. Бу эса¸ Хитой сармоядорлари¸ улар орқасида турган Хитой давлат корпорацияси ва Хитой давлати¸ содда қилиб айтганда¸ пора орқали¸ откатлар орқали ўз иқтисодий лойиҳаларини киритади¸ деганидир. Бу фаолият қилинадиган давлат элиталарини сотиб олиш ва ўзаро муносабатларда уларни шунақа технологияга ўргатиш орқали қилинади. Хитой ҳеч тортинмасдан пора беришга тайëр ва Ўзбекистон элитасини шунга ўргатиб қўйди.

Бу эса¸ пора бермайдиган бошқа сармоядорлар Ўзбекистонда ўз имкониятини йўқотади¸ биз учун ўта зарур бўлган юқори технология ва сармоя лойиҳалари Ўзбекистонга кира олмайди¸ деганидир. Бу Ўзбекистон каби давлатлар учун жуда катта хавф¸ дейди мустақил сиëсатшунос Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG