Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:02

“Мафтунингман” филмининг бош қаҳрамони оламдан ўтди


Илк ўзбек мусиқали комедияси бўлган "Мафтунингман" филмида Замира ролини ижро этган актриса Раъно Ҳамроқулова 31 август куни 81 ёшда оламдан ўтди. Мутахассислиги бўйича ўқитувчи бўлган Раъно Ҳамроқулова ўзбек киносида ўнлаб ёрқин образларни яратган эди.

Раъно Ҳамроқулова "Мафтунингман"фильмидаги Замира ролини ўйнаб танилган ва кейинчалик педагогик фаолият билан шуғулланган санъаткор эди.


Раъно Ҳамроқулова 1958 йилда таниқли киночи Йўлдош Аъзамов ва Совет киноси пойдеворини яратган афсонавий кинотасвирчилардан бири деб билинадиган Михаил Краснянский тарафидан суратга олинган "Мафтунингман" филмида суратга тушганида 28 ëшда эди.

Совет томошабинлари тарафидан яхши қаршиланганига қарамасдан, Раъно Ҳамроқулова киноактерлик фаолиятини давом эттирмади.

Раъно Ҳамроқулова Ўзбекистон Миллий университетида ўзбек талабаларига рус тили ва адабиётидан 40 йил давомида дарс бериб келди.

Дунëнинг олтидан бирини мафтун қилган фильм

Дунë киноси қомусида русча варианти “Очарован тобой” бўлган “Мафтунингман” фильми 1958 йилда суратга олинган рангли совет мюзикли, дея тақдим қилинади.

Шоир Туроб Тўла сценарийси асосида 1958 йилда “Ўзбекфильм” студиясида суратга олинган бу асарга ўз даврининг таниқли уч бастакори - Икром Акбаров¸ Мутал Бурхонов ва Манас (Минасай) Левиевлар куй басталашган.

Кинонинг визуал тарафдан ëрқин бўлишини таниқли рассом Варшам Еремян таъминлаган. Мюзикл жанридаги бу фильмга жозиба бағишлаган анимацион трюклар ҳам Варшам Еремянга оид.

Кинодаги рақсларни Мукаррама Турғунбоева дохил “Баҳор” ансамбли раққосалари ижро қилган.

Фильмда таниқли қўшиқчи Ҳалима Носирова ҳам иштирок этган.



81 дақиқа давом этадиган бу филмда ëш қўшиқчилар ҳақида кино суратга олиш мақсадида Самарқанд, Бухоро ва Хоразмга сафар қилган киночининг кўрган-кечирганлари акс этади.

Филмда Клара Жалилова, Ғани Аъзамов, Турғун Азизов, Аббос Бакиров, Санъат Девонов, Наби Раҳимов, Раззоқ Ҳамраев, Раъно Ҳамроқулова, Соиб Хўжаев ва Марям Ëқубова каби таниқли ўзбек актёрлари иштирок этган.

Ўзбек театр мунаққиди Эсонбой Ўриновнинг Озодликка айтишича, бу филм 1958 йилда дунëнинг олтидан бирини эгаллаган Совет Иттифоқи кинопрокатида рекорд сондаги томошабинлар тарафидан кўрилган.

Мафтункор Санъат Девонов

Ўзбекистон халқ артисти Санъат Девонов “Мафтунингман” фильмида тракторчи Шариф ролини ижро қилади.

Uzbekistan - A screen shot from first Uzbek comedic film, undated
Uzbekistan - A screen shot from first Uzbek comedic film, undated
Шу кунларда 82 ëшга кирган Санъат Девонов “Мафтунингман” филмининг яратилишга сабаб бўлган бир воқеани айтиб берди.

1957 йилда ëзувчи Туроб Тўла театр артисти Санъат Девонов ҳамроҳлигида Хоразмни айланишади.

Сафар давомида улар рақсга тушаëтган ва қўшиқ айтаëтган оддий колхозчиларни кўришади.

-Халқ ичидаги оддий одамлар мукаммал бир тарзда қўшиқ айтаëтгани Туроб Тўлага “Мафтунингман” филми учун сценарий ëзишга туртки бўлди¸ - дейди Санъат Девонов Озодлик билан суҳбатда.

Орадан бир йил ўтиб, Йўлдош Аъзамов бошчилигидаги киногуруҳ “Мафтунингман” фильмини суратга олишга киришади.

Оддий тракторчидан кино юлдузига айланган Шарифжон роли Санъат Девоновга шуҳрат келтирди.

Москва¸ Ленинград¸Рига¸ Таллин каби шаҳарлардаги кинотеатрларда фильм тақдимоти бўлганида томошабинлар Шарифжон-Шарифжон деб бақиришади.

Кино муаллифи Йўлдош Аъзамов биринчи қаторда ўтирган Санъат Девоновни қўлидан ушлаб саҳнага олиб чиқади.

-Йўлдош ака мени рус томошабинларига тақдим қилди. Гулдурос қарсаклар бўлди. Гуллар тақдим қилишди. Гулларни олиб саҳнадан чиқиб кетаëтсам¸ томошабинлар қўшиқ айтсин деб талаб қилишди. Кинодаги қўшиқни бир тожик ҳофизи айтган. Йўлдош ака мени қўшиқ айтишимни билмас эди. Нима қилишини билмасдан типирчилаб қолди. Мен рус тилида мафтун бўлдим қўшиғини айта бошладим. Зал тўла одам мен билан қўшилиб куйлади, - дейди суҳбатдош.

Ойбекнинг назари тушган санъатчи

Санъат Девонов 82 ëшда бўлишига қарамасдан Тошкентдаги Сатира театрида ишлайди.

Ўз вақтида саҳнада Ҳамлет ролини ўйнаган Санъат Девонов ўзбек театрининг фақат кўнгилочар маскан бўлиб қолганидан афсус билдиради:

-Театр артисти одамларни нурли ғоялар сари бошловчи бир сардор бўлиши керак. Афсус бугун артистлар бачкана қилиқ қилиб одамларни кулдирадиган забун масҳарабозларга айлантирилди¸- дейди афсус билан суҳбатдош.

Санъат Девонов илк марта 1947 йилда “Амирликнинг қулаши” фильмида суратга тушди. 1956 йили Ойбекнинг "Қутлуғ қон" романи асосида фильм суратга олинганида бош ролга юзлаб актерлар синовдан ўтказилди.

Бу синовлар бирор самара бермагач, Йўлчи ролини ўйнашга номзодлар ичидан лойиғини танлашга ëзувчи Ойбекнинг ўзини чақиришди.

Тошмуҳаммад Мусо ўғли Ойбек хоразмлик артист Санъат Девоновни танлади. Ана шундан кейин Санъат Девоновнинг омади чопди.

1957 йилда суратга олинган “Ленин йўлланмаси билан” деган фильмда Ғафур образини¸ 1968 йил тасвирга туширилган “Қизилқум” фильмида Жума ролини ижро қилган санъаткор дунë таниган киночилар назарига тушди.

Санъат Девонов Довженко киностудиясида суратга олинган “Юлдуз нури”¸ Болгарияда суратга олинган “Ралли”¸ Хиндистонда суратга олинган “Али Бобо ва қирқ қароқчи” фильмларида суратга тушди.

Санъат Девонов 1976 йилда Ўзбекистон ССР халқ артисти унвонига сазовор бўлган.
XS
SM
MD
LG