Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:32

“Шўртан” футбол клуби шифокори ўз жонига қасд қилди


Шарифжон Каримовнинг жасади Қашқадарё вилояти Қарши тумани Қовчин қишлоғи қабристонидаги дарахтга осилган ҳолда топилди.
Шарифжон Каримовнинг жасади Қашқадарё вилояти Қарши тумани Қовчин қишлоғи қабристонидаги дарахтга осилган ҳолда топилди.

Футбол бўйича Ўзбекистон олий лигасида тўп сурувчи “Шўртан” футбол клуби бош шифокори Шарифжон Каримов ўз жонига қасд қилди. Шифокорнинг ўзини осишига ҳозирда футбол клуби ходимлари ва унинг ҳомийларига нисбатан олиб борилаётган жиноят иши сабаб бўлгани айтилмоқда.



22 август куни футбол бўйича Ўзбекистон олий лигасида тўп сурувчи “Шўртан” футбол клуби бош шифокори, 51 яшар Шарифжон Каримов ўз жонига қасд қилди. Шифокорнинг жасади Қашқадарё вилояти Қарши тумани Қовчин қишлоғи қабристонидаги дарахтга осилган ҳолда топилди.

Қашқадарё вилояти суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Каримов асфиксия ва бўғилиш оқибатида жон таслим этган.

Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ва 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан айбланиб, терговларга жалб қилинган Шарифжон Каримовнинг жавобгарликдан қутулиш мақсадида ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда.

Қарши тумани ИИБ ходимининг исмини очиқламаслик шарти билан Озодлик мухбирига айтишича, Каримов ўлими олдидан хат қолдириб, унга “Шўртан” футбол клуби ва “Шўртангазкимё” мажмуасида содир этилаётган қонунбузарликларни тилга олган.

Ҳозирда шифокорнинг ўлими юзасидан қўзғатилган жиноят иши ҳамда у сўнгги хатида ёзиб қолдирган иддаолар “Шўртан” клуби маъмуриятига нисбатан қўзғатилган жиноят ишига қўшиб ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони назорат тафтиш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан “Шўртангазкимё” мажмуасига нисбатан олиб борилаётган режали текшириш ҳамда жиноят иши доирасида “Шўртан” клуби бошлиғи И. Норчаев ҳамда Қашқадарё вилояти собиқ прокурори Х. Турдибоевлар ҳибсга олинган. Улар порахўрликда айбланишмоқда.

Қашқадарё вилоят прокуратурасининг матбуот хизмати 22 август куни Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, собиқ прокурорнинг лавозимдан четлатилганини тасдиқлади. Лекин унинг ҳибсга олинганига оид хабарни изоҳсиз қолдирди.

Шунингдек, жиноят иши доирасида “Шўртан” клуби бошлиғи Илҳом Норчаев ҳам ҳибсга олиниб, Бухородаги Отбозор қамоқхонасига жойлаштирилган.

Текширишлар натижасига кўра, адлия катта маслаҳатчиси бўлган Турдибоев гўё клуб бошлиғи Илҳом Норчаев воситасида “Шўртангазкимё” маъмуриятини “Шўртан” футбол клуби фахрийларини спорт формалари ва анжомлари билан таъминлаш, шунингдек, мўъжаз стадион қуриб беришга мажбурлаш орқали мансаб ваколатини суиистеъмол қилган.

Маълумотларга кўра, футбол баҳонасида вилоятнинг Касби туман прокурори Абдувоҳид Жўралов ҳам лавозимидан четлатилган.

Ўзбекистонда футболга мажбурий ҳомийлик ҳукумат раҳбарлари томонидан рағбатлантирилиши ва бу иш мулозимнинг хизмат пиллапоялари бўйлаб ўсишига замин бўлиши маълум.
XS
SM
MD
LG