Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:55

Қорасувдаги сайловдан норозилар митингга чиқишмоқчи


Қирғиз-Ата партияси лидери Тўлўгўн Келдибаев 19 август куни Ўшда ўтказилган матбуот анжуманида.
Қирғиз-Ата партияси лидери Тўлўгўн Келдибаев 19 август куни Ўшда ўтказилган матбуот анжуманида.

Ўш вилояти Қорасув шаҳар кенгашига 18 август куни ўтказилган сайлов натижалари сайловда иштирок этган айрим партиялар томонидан тан олинмайди. Бу ҳақда сайловда иштирок этган Қирғиз-Ата партияси лидери Тўлўгўн Келдибаев 19 август куни Ўшда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.


Тўлўгўн Келдибаевга кўра, якшанба куни ўтказилган сайлов қатор қонунбузарликлар билан бўлиб ўтган. Келдибаев ўз партияси 20 август куни Ўш шаҳрида сайлов натижаларидан норозилик ва бир қанча амалдорлар истеъфосини талаб қилган ҳолда митинг ўтказишини айтди:

- Сайловда жиноят олами вакилларининг барчаси иштирок этди. Биз сайловда сиёсий партиялар билан бирга иштирок этдик, деб айтолмаймиз, уларнинг барчаси жиноий гуруҳлар экан. Сайлов комиссияларига минг доллардан пул тарқатилди, сайловга ким борган бўлса, барчасига бюллетен берилди. Ўшдан жиноят оламининг барча вакиллари бориб, сайловда хоҳлаганича овоз беришди. Бунга ҳеч эътибор бермади. Милициянинг кўчадаги итчалик ҳам қадри бўлмади. У ерда милиция раҳбарининг ҳам сўзи ўтмади. Биз, Қирғиз-Ата партияси, сайлов натижаларини тан олмаймиз. Шу билан бирга, Қорасув шаҳар маҳаллий ҳукумат вакиллари, ҳукуматнинг Ўшдаги вакили Сўўранбай Жээнбеков, Байиш Юсупов, Қанибек Муратов, ҳоким, божхона ва туман ички ишлар бошқармаси раҳбари, прокуратура, шифохона ҳодимлари ва бир гуруҳ одамларни вазифасидан бўшатилишини талаб қилиб, эртага Ўш шаҳрида катта митинг ўтказамиз, - деди 19 август куни Қирғиз-Ата партияси лидери Тўлўгўн Келдибаев.

Эслатиб ўтамиз, 18 август куни Қорасув шаҳар кенгашига сайлов чоғида Социал-демократлар ва “Ўнугуу” (Тараққиёт) партияси вакиллари ўртасида можаро чиққан. Натижада бир одам травматик қуролдан, яна бири пичоқдан яраланган.

Сайлов участкасидаги отишма

Қорасув шаҳрининг Нурохунов кўчасида жойлашган 5266-сайлов участкасида содир бўлмиш воқеага нодавлат ташкилоти вакили Бектур Эркинали ўғли ҳам гувоҳ бўлган.

- Сайлов бошлангандаёқ ҚСДП партияси йигитлари сайловни хоҳлагандай тарзда ўтказишга ҳаракат қилишди. Сайлов комиссияси, кузатувчилар, ўша ердаги милиция улар учун ҳеч ким бўлмай қолди. Улар хоҳлаган ишини қилгани учун “Ўнугуу” (Тараққиёт) партияси йигитлари улар билан тортишиб кетди. Икки партия йигитлари аввалига тортишишди, кейин муштлашиб кетишди, сўнгра ўқ отишгача боришди. Бир томон бир йигитни пичоқлаб қўйди. Мен кузатувчи сифатида буларнинг барчасини ўз кўзим билан кўрдим, - деди Бектур Эркинали ўғли.

Қорасувдаги отишмада Ислам Каримов яраланган

Мазкур можарода 3 одам тан жароҳати олгани айтилмоқда, бироқ улардан икки нафаригина шифохонага мурожаат қилган.

- Бизга икки одам мурожаат қилди. Мунарбек Райимбеков 1988 йилда туғилган. У буйрагига 2-3 марта пичоқ еган. У операция қилинди, ҳозир реанимацияда. Ўзига келиб қолди, аҳволи келганидан кўра яхши десам бўлади. Кейингиси Исламбек Каримов исмли бола, 1983 йил туғилган. У қўлига ўқ текканини айтган. Ўнг қўлидан жароҳатланган экан, уни бизнинг шифокорлар даволашмоқда. Шифохонада ётиши керак эди, бироқ у: “Уйга бориб келай”, деб кетган. Келса, ётқизамиз, - деди Қорасув туман ҳудудий шифохонаси бош шифокори Қанибек Муратов.

Маълумотларга кўра, Мунар Райимбеков Социал-демократлар партияси, Исламбек Каримов эса “Мекен Интимағи” партияси аъзоси. Кўкрагига ўқ теккани айтилаётган Нурмуҳаммед исмли йигит эса “Ўнугуу” (Тараққиёт) партияси вакилидир. Унинг аҳволи борасида ҳозирча маълумот йўқ. Гувоҳларнинг айтишича, ўқни ҚСДП партияси вакили отган.

Воқеа ҳозирда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам ўрганилмоқда. Бу борада Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Жўрабой Абдраимов маълум қилди.

- Бундай воқеа бўлгани рост. ҚСДП вакили билан “Ўнугуу” (Тараққиёт) партияси йигитлари урушиб, бири пичоқ еб, бири ўқ егани айтилаяпти. Қолган тафсилотлар аниқланаяпти. Воқеа яна текширилади, - деди Жўрабой Абдраимов.

Қорасув шаҳар кенгашидаги 31 та депутатлик ўрнига 7 партия - “Қирғиз-Ата”, “Замондош”, “Бир бўл”, “Ота Макон”, “Мекен Интимағи”, Ўнугуу ва Қирғизистон социал-демократлар партиясининг 325 аъзоси кураш олиб борди.

Қорасув шаҳри Ўш вилоятидаги энг катта туманларнинг бири бўлган Қорасув туманининг маркази ҳисобланади. Шаҳар Марказий Осиёдаги энг катта савдо маркази ҳисобланган бозори билан ҳам машҳур.
XS
SM
MD
LG