Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:36

Тошкентда масжид қурилиши учун уйлар бузилмоқда


Тошкент шаҳар Юнусобод туманига қарашли Минор маҳалласида қурилажак янги жоме масжидига жой очиш учун ўнлаб аҳоли уйлари, тижорат масканлари бузилмоқда.



Уйсиз қолганларга¸ Озодлик манбаларига кўра¸ бошқа туманлардан ер майдони таклиф қилинмоқда.

– Бузилаётган уйларнинг аксарияти эски уйлар бўлиб, шу уй эгаларига ўрнига ўрин уй ёки ер жой бериляпти,- деб билдирди шу маҳаллада яшовчи аҳоли вакилларидан бири.

Минор маҳалласидаги уй эгаларидан бири эски уйлар бузилиши ҳақида маҳалла аҳолиси жуда кеч, июл ойи охирларида огоҳлантириш олганликлари ва бузиш ишлари икки ҳафта ўтиб бошланганини айтишади.

– Ҳеч-ким ҳеч нарса билмайди, нимага бузишаётганини. Масжид қурилармиш деган гап бор. Ҳозир Intranservis ва унга яқин участкалар ҳам бузилмоқда,- деди ўз исмни айтмаслик шарти билан Озодлик радиосига гапирган Минор маҳалласи вакилларидан бири.

Минор маҳалласидаги Intranservis автомобилларга техник ҳизмат кўрсатиш корхонасининг шохобчаси ҳам бузилмоқда.

– Ҳозир мойкани бузишяпти, заправка ишлаяпти. Келажакда нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Шу ерда масжид қурилар экан,- деди Intranservis ходимларидан бири.

Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси расмийларидан бири Минор маҳалласидаги уйлар янги қурилажак масжидга жой очиш учун бузилаётганини тасдиқлади.

– У ерда масжид қурилиши ҳақида президентнинг фармони бор, бу фармон икки ҳафта олдин қабул қилинган. Шу маҳаллада яшайдиган фуқароларнинг диний ва дафн маросимлари учун шароитни яхшилаш борасидаги мурожаатлари эътиборга олиниб, у ерда масжид қурилсин, деб ёзилган шу фармонда,- деди бошқарма расмийси.

Аммо, қанақа масжид қурилиши ҳақида гап кетяпти, бу ҳақда бошқарма расмийси маълумот беролмаслигини айтди.

Минор маҳалласида масжид қурилиши ҳақида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги Диний ишлар қўмитаси расмийлари ҳам Тошкентдаги Диний идора масъуллари ҳам ҳеч-нарса билмасликларини айтишди.

Айни пайтда, Минор маҳалласида қуриладиган масжидни россиялик ўзбек миллиардери Алишер Усмонов молиялаштираётгани, бунга катта маблағ ажратгани ҳақида гап-сўзлар бор.

Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси расмийси масжид қурилишини ким молиялаётгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Зангиота, Янгийўл, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманлари ҳудудидан ўтадиган 22 километр узунликдаги янги қурилаётган ҳалқа йўли боис ушбу туманлардаги ўнлаб аҳоли уйлари бузилди.

Бузилаётган уйлар хусусий қурилиш ташкилотлари томонидан бозор нархларидан бир неча баробар кам бўлган нархда баҳоланаётгани ҳақида ҳам шикоятлар бор.

Уй эгалари эса бузиш ҳақида огоҳлантириш олган пайтдан бошлаб судга шикоят билан мурожаат этиш имкониятга эга бўлсалар-да, кўпчилик ҳокимият билан судлашишни истамай, ўз хонадонларини бузувчиларга бўшатиб беришдан бошқа чораси қолмаган.
XS
SM
MD
LG