Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:38

"Паровоз" қалбаки дипломдан фойдаланади


Озодлик почтасига Анвар исмли муштарийдан "Имтиҳон сирлари" сарлавҳа билан бир мактуб келди. Ушбу мактубда тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул ҳақида батафсил ҳикоя қилинган.

2. "Паровоз" усули:

Кўпчилик "Паровоз" усулининг десант усулидан фарқини тушунишмайди. Илк марта “Паровоз” атамасини 2000 йили муомалага киритилган.

"Паровоз" десантдан фарқли равишда қалбаки паспорт билан "клиент"нинг ўрнига имтиҳонга кирмайди. Балки ўз исм-фамилияси билан ҳужжат топшириб, имтиҳонга киради.

"Паровоз"- имтиҳон пайти ўз гуруҳидаги вагонлар яъни "клиент"ларга тестни ечиб бериб, ўз жавоб варақасини хато жавоблар билан тўлдириб, чиқиб кетувчи билимдон талабадир.

Маълумки, талабаларнинг мактаб аттестатлари ёки коллеж дипломлари университетнинг кадрлар бўлимида сақланади. Одатда қабул бошланиши билан "Паровоз" бўлувчи мазкур талабалар сессияларини тугатиб, кадрлар бўлимидан ўз аттестатлари ёки коллеж дипломларини олишади. Албатта кадрлар бўлими бошлиғи бу ҳужжатларни шундоқ бериб юбормайди, балки унинг ҳам ўзига яраша муомаласи қилинади.

Шундай қилиб ҳужжатлар жамланади ва талаба абитуриент сифатида ўзининг ҳақиқий ҳужжатларини топширади. Унинг вазифаси ўз гуруҳида жойлашган бир нечта вагонлар яъни клиентларга тестни ечиб беришдан иборат.

Бу усулда бир қанча ўзгаришлар бўлди. 2001 йили Давлат тест маркази республика бўйича барча талабаларнинг электрон маълумотномасини ярата бошлади. Бу эса ўзи талаба бўлиб "Паровоз" сифатида қайта ўқишга топширганларнинг кўпчилиги имтихон куни аудиториялардан чиқариб юборилишига сабаб бўлди.

Шундан кейин 2002 йилдан бошлаб фақат битирувчи курс талабалари ёки ўқишни бир-икки йил олдин тугатган билимдон йигит-қизлар "Паровоз" сифатида танлаб олинадиган бўлди. Чунки уларнинг исм-шарифлари ДТМ электрон базасидан чиқариб ташланган бўлади.

Бу усулда битта кичик муаммо олдиндан пули олинган клиент билан "Паровоз"нинг бир гуруҳга тушиш-тушмаслиги эди. Лекин "Паровоз"лар шу қадар кўп эдики, деярли ҳар бир гуруҳда топиларди.

2003 йилдан бошлаб эса вазият янада оғирлашди. Чунки энди абитуриентларнинг имтиҳон куни қайси гуруҳга тушиши уларнинг қайси йили мактаб ёки коллежни битиргаига қараб тақсимланадиган бўлди. Натижада барча ёши каттароқ абитуриентлар яъни "Паровоз"лар битта гуруҳга тўпланиб қоладиган бўлди. Бу эса барча ишни йўққа чиқариши мумкин эди. Шу сабабли ҳам мана шу йилдан бошлаб коллеж директорлари ёки туман таълим бошқармалари билан келишиб, шу йили бериладиган коллеж дипломларини сотиб ола бошланди.

Албатта бу дипломлар қалбаки эди. Баъзида ишини тоза қилмаган кичик гуруҳлар ушбу қалбаки дипломлар туфайли анча муаммоларга дуч келишган.
Ҳатто жиноий-жавобгарликка тортилган ҳолатлар ҳам бўлган.

Хуллас бу дипломлар "Паровоз" ва "вагон"ларнинг бир гуруҳга тушиш имконини берарди.

Баъзан қалбаки диплом олишнинг иложи бўлмай қолган вақтлари заҳира усулдан фойдаланилган. Бу усул "Паровоз" ва десант усулининг қўшилмасидан иборат. Унга кўра имтиҳон куни эрталаб абитуриентлар саф тортиб турганда "Паровоз" ўзининг эмас "клиент"нинг гуруҳига бориб сафда туради. Албатта "Паровоз"нинг ДТМ варағида кўрсатилган гуруҳ рақами олдиндан ўзгартириб қўйилади. "Клиент" эса имтиҳонга кирмайди. "Паровоз" ўзи билан "клиент"нинг паспорти ва ДТМ варағини яшириб олиб кириши керак. Чунки бино ичига киришда МХХ чиларга ўзининг ҳақиқий паспорти ва ДТМ қоғозини кўрсатиб киради. Аудиторияга кирганда эса ўз ҳужжатларини яшириб, клиент ҳужжатларини кўрсатади. Бу эса "Паровоз"дан уддабуронлик, аудиториядаги кузатувчилар билан тезда келишиб олишни талаб қилади. Шу усулда битта гуруҳга тушириш муаммоси ҳал қилинган.

***** ***** ***** ***** *****

Тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул Озодлик почтасига ўзини Анвар Ибодов деб таништирган муштарийдан келган "Имтиҳон сирлари" сарлавҳали мактубда тилга олинган.

"Озодлик радиоси ходимлари. “Тошкент тўқимачилик институтидаги машмашалар” номли мақолани ўқиб, шу мавзу бўйича бир танишим ҳикоясини сизга юборяпман. Бу одам 15 йил давомида абитуриентларни ўқишга киритиб қўйиш билан шуғулланган, балки бу иш билан шуғулланувчилар орасида энг тажрибалиларидан биридир. У билан бўлиб ўтган суҳбат давомида ўқишга киритиб қўйишнинг жуда кўплаб усулларини санаб ўтди ва уларнинг бир-биридан фарқларига батафсил тўхталиб ўтди. Баъзиларини эшитиб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу усуллардан асосан, Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ), Тошкент давлат университети (ТОШДУ – Ҳозирги ЎзМУ), Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоқ давлат университетларининг юридик факултетлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ), Тошкент молия институти, Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоқ давлат университетларининг иқтисодиёт ва молия факултетларига клиент-абитуриентларни ўқишга киритиб қўйишда фойдаланилган", дейилади Анвар Ибодов хатида.
XS
SM
MD
LG