Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:20

“Ўздонмаҳсулот” собиқ раҳбари сиртдан 9 йилга кесилди


Uzbekistan - former minister Olim Otaev
Uzbekistan - former minister Olim Otaev
“Ўздонмаҳсулот”нинг қочқинликда юрган собиқ раҳбари 65 яшар Олим Отаев Тошкент шаҳар Жиноят ишлари суди ҳукми билан иқтисодий жиноятларда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.


19 июл куни Баҳром Тошпўлатов ҳакамлик қилган суд ҳукми билан Олим Отаевга 9 йил, унинг фарзандлари Надежда Отаева ва Қаҳрамон Отаевга етти йиллик шартли қамоқ жазоси берилди.

Бу оиланинг бутун мол-мулки мусодара қилинадиган бўлди.

Олим Отаевнинг қизи Надежда Отаева ҳали суд ҳукми нусхасини қўлига олмагани¸ аммо унинг мазмунидан хабардорлигини Озодликка айтди.

Суҳбатдошга кўра, Отаевлар оиласи зиммасига давлат мулкини ўта йирик миқдорда ўғирлаш айби юкланган.

"Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси" раҳбари Надежда Отаеванинг Озодликка айтишича, бу суд қарори ва ундан олдин ўн йил давом этган таҳдид ва қоралаш маъракаси унинг инсон ҳуқуқлари фаолияти билан боғлиқ.

Тўқсонинчи йиллар охирларида “Ўздонмаҳсулот” раҳбари бўлиб ишлаган Олим Отаев Озодлик билан суҳбатда суд ҳукмининг ўзи учун кутилмаган бўлганини айтар экан¸ қарорини адолатсиз, деб билишини айтди.

- Мутлақ асоссиз ҳукм бу. Мен бу қарор устидан мавжуд қонунлар доирасида шикоят қиламан. Адвокатларимиз ишни бошлади. Биз аппеляцияга бериб ўз ҳуқуқларимизни тиклашга ҳаракат қиламиз.Қизим Надежданинг ҳуқуқ ҳимоячилиги фаолияти боис оиламиздан олинган қасос амалиëти, деб биламан бу ҳукмни, - дейди 2005 йилда Францияда сиëсий қочқинлик мақомини олган собиқ вазир Олим Отаев.

Тошкент маҳкамаси собиқ мулозимни иқтисодий жиноятда айблар экан, Олим Отаев билан бирга ишлаган 69 нафар гувоҳнинг кўрсатмаларига асосланади.

Бу кўрсатмаларда Олим Отаев ва унинг фарзандлари Давлат мулк қўмитаси назорати остида бўлган 10 та мини нонвойхонани ўғирлашда айбланади.

Олим Отаевнинг қизи назарида бу абсурд бир айблов:

- Бу айблов илк бор илгари сурилган 2000 йилларда бу корхоналар Ўзбекистон Давлат мулк қўмитаси тасарруфида эди ва отам, ҳаттоки, бу корхоналар ишига аралаша олмасди ҳам. "Уч Қаҳрамон Нон" корхонаси эса амаким томонидан қонуний асосда хусусийлаштирилган эди. Бизга қўйилган айбловларга ҳеч қандай далилий асослар келтирилмаган, - дейди Надежда Отаева.

"Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси" раҳбари Надежда Атаева Озодлик билан суҳбатда гувоҳлар таҳдид¸ қўрқитув¸қийноқ ва исканжа воситасида иқрорномага қўл қўйган, деб ҳисоблашини айтади.

- Мен бу ишга гувоҳ сифатида жалб этилганлар билан гаплашгандим. Улар тергов жараёнида қатнашиш учун чақирилганмидилар ё маҳкама ишидами, шуни ҳам тушунмай чиққанларини айтишганди. Шу билан бирга уларни кўпчилигига қийноқ қўлланилгани ҳам айта оламан¸ - дейди Надежда Отаева Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, 19 июл кунги суд ҳукми Отаевлар оиласига қарши йиллардан бери давлат тарафидан олиб борилган қоралаш маъракасининг чўққиси бўлган.

Ўтган йили март ойида Тошкент телеканалидаги кўрсатувда собиқ вазир Олим Отаев ва унинг қизи Надежда Отаева 13 миллион АҚШ долларини ўзлаштирганликда айбланган эди.

Ҳозир 65 ёшни қоралаган собиқ вазир Олим Отаев 2000 йилларда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддасига биноан ўз касбий ваколатларини суистеъмол қилганликда айбланган.

Надежда Отаеванинг сўзларига кўра, аслида отаси Олим Отаев ва бу оиланинг айбланиши ортида сиёсий сабаблар бор.

- Отам Ўзбекистон ҳукуматининг буғдой мустақиллиги ҳақидаги иддаоларни асосли равишда шубҳа остига олган илк раҳбарлардан бири бўлган. Ўзбекистон буғдойининг сифати нақадар ёмон аҳволда эканини ҳозир ҳамма билади. Мен отамнинг бугунга келиб ўзбекистонликларни оммавий заҳарлаётган "буғдой мустақиллиги" компаниясига қўшилмаганидан фахрланаман,- дейди Отаева.

Озодлик билан суҳбатда “Ўздонмаҳсулот”нинг қочқинликда юрган собиқ раҳбари Олим Отаев ҳам қизи Надежданинг инсон ҳуқуқлари борасидаги курашидан бир ота сифатида ва Ўзбекистоннинг ватанпарвар ватандоши сифатида фахрланишини айтди.

- Менга қизингнинг фаолияти боис шу кунларда тазйиққа учрадинг, деганларга жавобан шуни айтаман: Мен қизимнинг ҳуқуқ ҳимоячилигини тўғри деб биламан ва қўллаб қувватлайман. Агар давр яна 10 йил орқага сурилиб бошқадан бошлаш имкони бўлса, ўшанда ҳам мен қизим Надежданининг инсон ҳуқуқлари ҳимояси фаолиятига оқ фотиҳа берган бўлар эдим, - дейди Олим Отаев.

"Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси" раҳбари Надежда Атаева Ўзбекистондаги қийноқлар ҳақида кенг қамровли ҳисобот эълон қилгани ва президентнинг иккинчи қизи Лола Каримова даъвоси кўрилган судда Каримовлар оиласига қарши гувоҳлик берганидан кейин унга қарши тазйиқлар кучайгани кузатилган эди.

Шу билан бирга Надежда Отаева таниқли уламо Обид қори Назаровга уюштирилган суиқасд буюртмачиси расмий Тошкентдир¸ дея берган баëнотлари ҳам Ўзбекистон мулозимлари тарафидан совуқ қаршиланган эди.

Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева Обид қори Назаровга уюштирилган суиқасдни "сиёсий", деб баҳолаган ва бунинг ортидан Ўзбекистон махсус хизматлари тургани ҳақида баёнот тарқатган эди.

Ҳуқуқ фаолига кўра, 2000 йилдан кейин Отаевлар оиласи Интерпол қидирувига берилган ва бир неча бор Франция ҳукуматидан уларнинг Ўзбекистонга топиширилиши сўралган.

4 йил муқаддам Франция ҳукумати бу оилага нисбатан таъқибларни ноқонуний деб топиб, уларнинг Ўзбекистонга берилишидан қатъиян бош тортган.
XS
SM
MD
LG