Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:50

Термиздаги бузилишларга оид янги видеолар пайдо бўлди


Термиз шаҳрида ободончилик ишлари доирасида мевали ва манзарали дарахтлар аёвсиз кесилаётгани ҳақидаYouTube порталига яна иккита лавҳа қўйилди. Видеолавҳада уйлари бузилаётганидан шикоят қилган одамлар билан милиция ходимлари ўртасида юзага чиққан можаро ҳам тасвирланади. Бу муаммолар хусусида Интернетда чиқиш қилган 75 ёшли Ўлмас опа Очилдиеванинг яқинлари таъқиб қилинмоқда.

Термиз шаҳрида дарахтларнинг кесилаётгани ҳақида YouTube порталига қўйилган видеолавҳаларнинг биринчиси “Термиз шаҳрида экология ходимлари экологияни бузмоқда”, иккинчиси эса “Сурхондарё вилояти раҳбарлари табиат бойликларини буткул йўқ қилмоқда”, деб номланади.

Бундан икки ой муқаддам бу порталга “Термизда аҳолини ўз уйларидан кўчиришмоқда” сарлавҳали видеолавҳа қўйилиб, унда 75 ёшли онахон мамлакат президентига мурожаат қилар экан, Термиз шаҳридаги бузилишлар зўравонлик билан олиб борилаётганини таъкидлаган эди.



Янги видеолавҳада эса, дарахтларни кесишга қаршилик қилаётган термизлик аёл ва милиция ходимлари ўртасидаги можаро акс этади:

- Буни нима деса бўлади, яна бир тўғри гапни айтсангиз думингизгача пойлаб юради. Тўғри гапни айтмаслик керак буларга. Хуллас борку она, эшитиб қўйинг, агар мана шу куни бир нарса бўлса мен ўзимни ўзим ўлдираман, деган нотаниш аёлнинг овози эшитилади.



Яна бир лавҳада эса кесилган дарахтлар, автокранлар, тракторлар ва тўп-тўп милиция ходимлари кўрсатилади. Милиция бошлиқлари билан аҳоли ўртасида қуйидаги гап сўзлар бўлиб ўтади:

- Она туққан бўлганда шундай қилмасдиларинг, дейди аёл овоз.
- Сиз ифлоссиз, дейди милиция бошлиқларидан бири.
- Майли ака, сиз тозасиз, хўш, жавоб беринглар, шу қилганларинг тўғрими? дейди термизлик аёл.

Иккинчи видеолавҳада эса термизлик 75 ёшли онахон Ўлмас Очилдиева кесиб ташланган дархатлар кундаларини бирма-бир кўрсатиб чиқар экан, дейди:

- Табиатни қўриқлайман деб вайрона қилдилар. Мана қаранг, мана бу энг катта дарахт эди. Ноинсофлар, шундай серсоя, бўстон жойни чўлга айлантирдилар қўйдилар. 40-50 йиллик манзарали ва мевали дарахтларни кесиб ташладилар, дейди онахон Ўлмас Очилдиева.



Озодлик 11 июл куни онахон Ўлмас опа билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ, унинг фарзандларидан бири: “онамнинг руҳи тушиб кетган, ҳеч ким билан гаплашишни истамаяпти, ҳақиқат қарор топмаганидан куйиниб ётибди, деди.

Ўлмас Очилдиеванинг бошқа фарзандлари ҳам Озодлик билан гаплашишни истамади.

Бундай истак йўқлигининг сабаби, шу муаммолардан яхши хабари бор ва оилани яқиндан биладиган термизлик ўқитувчилардан бири билан суҳбатлашилгандан сўнг англашилгандек бўлди. Бу ўқитувчи Озодликка микрофонсиз гапирди:

- Термиздаги ободончилик ишлари баҳонасида хонавайрон қилинган хонадонлар дардини фақат мана шу Ўлмас опа айтиб, уни Интернетларга чиқариб юборди. Бундан, бузилишлар тепасида турган раҳбарлар жуда қўрқиб кетди ва онахонга тазйиқ ўтказишни турли йўлларини қўллай бошлашди.

Энг аввало, милиция онахоннинг катта қизи Термиз Давлат университети ўқитувчиси, филология фанлари номзоди, доцент Олия Қодировани ҳеч бир асоссиз, зўрлик билан 5 суткага қамаб қўйди. Ундан онангни рози қиласан¸ деган розилик олишга ҳаракат қилинди. Университет ректори бу олима опани "халқ душмани", деб атади. Онахон қизини чиқариб олиш учун уйининг томи кўчирилишига розилик беришга мажбур бўлди.

Иккинчидан, онахоннинг уч ўғли бизнес билан шуғулланади. Ҳозир уларнинг бизнеси тўхтатиб қўйилган, дўконлари ҳам ёпилган. Ва яна бир кичик қизига ҳам ишхонасидан таъқиблар бўляпти, деди Термиз Давлат университетининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиси.

Термиз шаҳар ҳокимиятидан бу сафар ҳам бу масала бўйича муносабат олишнинг имкони бўлмади. Ҳокимлик мулозими Озодлик сўзини эшитиши билан алоқани узди.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилдан буён Термиз шаҳрида ободончилик ишлари доирасида аҳоли яшайдиган юзлаб уйлар бузилди. Шаҳар ҳокимининг қарори билан уйини бўшатмаган одамлар милиция ва хавфсизлик ходимлари томонидан сиқувга олинган эди.

2013 йилда ҳам уйларни бузиш ишлари давом этаяпти. Аҳолига шаҳар четидан ва жой кўрсатилгани, уйларнинг товон пуллари жуда ҳам кам берилаётгани термизликларнинг норозилигига сабаб бўляпти.
XS
SM
MD
LG