Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:14

Прогулчи ўқувчилар Бош прокурор назоратида


Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Вазирлар Маҳкамаси нашри “Правда Востока” газетасининг 2 июл сонида эълон қилган мақоласида коллежлар ўқувчилари давоматига оид ўз ташвишларини билдирди.

Рашиджон Қодиров ўз мақоласида коллежлар ва академик лицейлар ўқувчиларининг дарс қолдириши сабабларини таҳлил қилди.

Бош прокурор санаб ўтган сабаблар орасида, негадир, меҳнат миграцияси тилга олинмади.


Бош прокурор мақоласидан мамлакат бош назорат органи учун масаланинг катта-кичиги йўқлиги, коллежлар ўқувчилари давомати ҳам Бош прокуратуранинг доимий ва синчков назорати остида эканлиги маълум бўлади.

Рашиджон Қодировнинг мақоласи “Умумий ўрта ва ўрта махсус, профессионал таълимнинг мажбурийлиги - баркамол ёш авлодни тарбиялашнинг муҳим шарти”, деган вазни оғир сарлавҳа остида берилган.

Мақола, Ўзбекистонда шаклланган таомилга кўра, “мамлакат раҳбари Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилаётган буюк бунёдкорлик ишлари” таърифи билан бошланади.

Муаллиф кўзлаган мақсади баёнига ўтгунича мақола яримлайди.
Мақсад эса, коллежлардаги давомат доимий назорат остида бўлиши лозимлигини ўқтиришдир.

Бош прокурор асосий мавзуга ўтиш учун мана бу позитив маълумотни “кўприк” қилади: “2000 йилга қиёслаганда 2012 йили вояга етмаганлар орасидаги жиноятчилик 30,5 фоизга қисқарди”

(Мақола оригиналида “…в сравнении с 2000 годом в 2012 году преступность несовершеннолетних снизилась на 30,5 процента” -Нега 2000 йилга қиёсланаяпти? 1999 йили, 2001 ёки 2005 йилга қиёсланса кўрсаткич қандай бўлган бўларди?)

Прокурорга кўра, вояга етмаганлар орасидаги жиноятчилик камайдию “лекин керакли назорат йўқлиги натижасида вояга етмаганларнинг ўқув юртларида дарсларга қатнашмаётгани табиий ташвиш уйғотмоқда”.

Қодировнинг ёзишича, 2012-2013 ўқув йилида коллежлар ва академик лицейларнинг 5 мингдан зиёд ўқувчиси систематик тарзда дарс қолдирган.

Мақола муаллифи фикрича, давоматдаги бундай узилишларнинг икки асосий сабаби бор:

а) ўқув юртлари раҳбариятининг жинояткорона ҳаракатлари;

б) ота-оналар ва бошқа масъул шахсларнинг жиноятга тенглашувчи лоқайдлиги;

Бош прокурорнинг хабар қилишича, сўнгги 2 йил ва жорий йилнинг 5 ойи давомида мамлакат бўйлаб таълим соҳасининг 2 минг ходими ўқувчилар давоматини назорат қилмагани учун интизомий жавобгарликка тортилган.

Биргина 2012 йили, прокурорга кўра, 3,5 минг ота-она фарзандаларининг ўқишга қатнашини таъминламагани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига биноан жавобгарликка тортилган.

Яна бир маълумот: 2012-2013 ўқув йилида 2114 ўқувчи эрга теккан, улардан 944 нафари дарсга келмай қўйган.

Хуллас, Бош прокурорнинг мақоласида рақамлар кўп.
Фақат, коллеж ўқувчиларидан неча юз ёки неча минг нафари Россияда юргани тўғрисида ва умуман, меҳнат миграциясининг давоматга таъсири тўғрисида бир сўз ҳам айтилмаган.

Ваҳоланки, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг айтишича, коллеж ёшидаги ўзбекистонлик болаларни Россиянинг ҳар шаҳрида учратиш мумкин.

Бу фикр Россиянинг турли шаҳарларида ишловчи бир неча ўзбекистонлик билан савол-жавобимиздан пайдо бўлди.

Озодлик: Сиз ишлаб турган жойда ўзбекистонлик коллеж ëшидаги болалар ҳам борми?

- Коллеж болалари? Ҳа, бор.

Озодлик: Коллеж ëшидаги-а?

- Ҳа, коллеж ëшидаги болалар бор.

Озодлик: Нима иш қилишади улар?

- Ҳар хил. Любой иш, грузчиклик ҳам қилишади.

Озодлик: Коллеж ëшидаги болалар ëзда келишадими ëки коллежда ўқиш давом этаëтган вақтда ҳам Россияда юришадими?

- Билмадим, қачон келганини мен сўраганим ҳам йўқ. Лекин ҳали ëш болалар эканлиги маълум.

Тулада ишлайдиган яна бир меҳнат мигрантининг айтишича, Россияда ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларини ҳам учратиш мумкин:

- Нафақат коллеж ўқувчиси, даже мактаб ўқувчилари ҳам шу ерда. Кўчада юрганингиздан кейин барибир кўрасиз. Оилавий келганлар бор болалари билан. Бозорда ота-онаси савдо қилади. У болалар перажка сотади.

Озодлик: Перажка сотишдан вақт орттириб Россия мактабига борадими ëки
Ўзбекистонда ҳам ўқимайди, Россияда ҳам ўқимайди - шундай юришибдими?

- Унисига бир нарса дея олмайман. Мен шу бозорда кўрганман. Ота-онаси бозорда савдо қилади. Болалари айланиб юришади, дейди бир неча йилдан бери Тулада ишлайдиган яна бир меҳнат мигранти.

Суҳбатдошларимиз айтаётган, лекин Бош прокурор ўз мақоласида негадир тилга олмаган ҳодиса – вояга етмаганларнинг Россияга иш излаб кетишининг кўлами нақадар катта эканлигини коллежга кираётган ёшларнинг ўқишни ташлаб, хорижга ишга кетишининг олдини олишга маҳалла қўмиталари жалб этилгани, улардан “кафолат хатлари” олинаётгани ҳам ёрқин далилдир.

Бухородаги коллежлардан бирининг раҳбарига кўра,
“Кафолат хати” берган шахс коллеж ўқувчисининг ўқишни тугатгунча Россияга кетиб қолмаслигини таъминлаш масъулиятини ўз зиммасига олади.

Бу янгилик Президент Ислом Каримов 18 июн куни Жиззах сафари давомида Россияда ишлаб юрган меҳнат муҳожирларини "дангаса"ликда айблаб, улар қилаётган ишлардан "жирканиши"ни айтганидан сўнг пайдо бўлган эди.
XS
SM
MD
LG