Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:23

Москвада миллатчиларнинг муҳожирларга қарши чиқишлари кўпаймоқда


Айрим маълумотларга кўра, “Москва қалқони” кремлпараст “Россия Молодая” миллатчи ёшлар ташкилоти лойиҳасидир.
Айрим маълумотларга кўра, “Москва қалқони” кремлпараст “Россия Молодая” миллатчи ёшлар ташкилоти лойиҳасидир.

Москвада ўзларини ноқонуний мигрантларга қарши “жамоатчилик ташкилотлари” деб атаётган ёшлар тузилмалари фаоллиги ошаётгани кузатилмоқда. Ўтган жума куни “Москва қалқони” номли миллатчилар ташкилоти томонидан ўтказилган рейдлардан бирида оммавий муштлашув чиқишига сал қолди. Кейинги пайтларда кўпайиб бораётган мигрантларга қарши рейдларга кремлпараст ёшлар ташкилотларининг алоқаси борлиги айтилмоқда.


Москва полицияси муштлашув бўлганини хабар қилди

29 июн куни Москванинг Тушино туманида “Москва қалқони” номли миллатчилар ташкилоти нолегал мигрантларни аниқлаш рейдини ўтказди.

Москва шаҳри бўйича Ички ишлар бошқармаси жума куни кечки 8:30 ларда Жанубий Тушино туманидаги Фабрициус кўчаси, 36 уй, 1 корпус ёнида оммавий муштлашув рўй бергани тўғрисида хабар келиб тушганини тасдиқлади.

“Ҳодиса жойига етиб келган ходимларимиз шаҳар жамоатчилик ташкилотларидан бирининг фаоллари мустақил рейд ўтказиб, ётоқхонадаги хорижликларнинг яшаётгани қонунийлигини текшираётганини анқилаган. Бу ерда истиқомат қилаётганларга текширишни уюштирган бу одамларнинг ҳатти-ҳаракатлари ёқмаган, жанжал келиб чиққан. Полиция ходимлари иккала томондагиларни тафтиш учун полиция бўлимига олиб келган,” дейилади Москва полицияси расмий хабарномасида.

“Биз сизлардан хабар олгани келдик!”

Бироқ, мазкур рейдга доир Youtube порталида пайдо бўлган видеода ниқоб тақиб олган бир гуруҳ тақирбош ёшлар травматик тўппончалар ва газ баллончалари билан қўрқитиб, нима бўлаётганини тушунмаётган марказий-осиёлик муҳожирларни қўпол тарзда ташқарига олиб чиқаётгани ва “тергов” қилаётгани тасвирланган.

- Ҳамманг забор ёнига тур! Бўл тез! Қайси бири қўл кўтарди? Бу ёққа чиқ гаплашиб қўямиз! Қаерда яшаётганингни унутдиларингми? Ҳаммангни газ билан шу ерда ўтқизиб ташлайман!- деб тинимсиз бақираётган “жамоатчилик фаоллари” талабларига ўзбек мигрантлардан бири қолганларга қараб тақирбошлар талабларини бажаришга чақирди:

- Булар ҳаммаси вахший, ҳозир отади! Ўт, битта-битта анаву ёқа туриб ол,- дея буйруқ беради муҳожирлар катталаридан бири.



Видеода рейд ўтказаётган йигитчалардан бири гангиб қолган муҳожирларга тўппонча ўқталаётгани, яна бирининг қўлида газ баллончаси кўринади. Бақир-чақир давомида травматика пистолетидан отилаётган ўқ овозлари ҳам янграйди.

“ВКонтакте”даги саҳифасида ҳам эълон қилинган видеода тасвирланган рейдни ўзини “Щит Москвы”, яъни “Москва қалқони” жамоатчилик ташкилоти вакиллари деб атаётган шахслар ноқонуний тарзда бу ерда яшаётган муҳожирларни аниқлаш ва полицияга топширишни ўзига мақсад қилиб қўйганини иддао қилган.

- Менга қулоқ сол! Биз бу ерга сизларни ургани келмадик. Биз бу ерда қандай яшаётганингизни текширгани келдик, қонуний яшаяпсизми-йўқми – шуни билгани... Ҳеч ким сизларни урмайди. Биз бошлиқларингни жавобгарликка тортмоқчимиз! Хўш, яна кимга нима ёқмапти?– дея “тушунтириш” берди “қалқончилардан” бири.

Видеодан полиция хабарида айтилган ҳеч қандай “оммавий муштлашув” бўлмагани, муҳожирлар текширишга келган тақирбош йигитлар назорати остида полицияга олиб келингани тасвирланган, холос.

Шаҳар полициячининг “мигрантлар ва ташкилот фаоллари ўртасида оммавий муштлашув чиққани” тўғрисидаги хабарини “Москва қалқонининг” раҳбари Алексей Худяков ҳам инкор этиб, полициянинг хабарини “Ёлғон!”, деб атади:

“Ҳеч қандай муштлашув бўлгани йўқ. Мигрантлар бизга ҳужум қилмоқчи эди, лекин биз уларни бу ишни қилмасликка ишонтирдик. Натижада, иш берувчи компанияга 322-модда асосида жиноий иш очилди. 35 нафар мигрант Южное Тушино полиция бўлимига олиб келинди”, деди телефон орқали Озодликка интервю берган Алексей Худяков.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:37 0:00
Бевосита линк


Худяков полицияга 35 нафар муҳожирни 25 нафар "қалқончи" етаклаб келгани, уларни полиция ҳибс этиб олиб келмаганини маълум қилди.

"Щит Москвы" тузилмасининг расмий саҳифасида рейдга чиқишда "ўзингизни ҳимоя қилиш мақсадида рухсат этилган қурол олиш" ва мигрантлардан "инфекция юқтириб олмаслик учун маска ва қўлқопларни" олиш тавсия қилинаётгани эътиборни тортади. Бироқ, айрим "фаоллар"нинг видеодаги тасвирида рейдга театр маскаларида келганини кўриш мумкин.

Москва шаҳар полицияси ва Жанубий тушино туман полиция бошқармасида Озодлик сўровига айтилган расмий хабарномага бошқа изоҳ берилмаслиги, полиция ҳодиса юзасидан тафтиш олиб бораётганини билдиришди.

“Москва қалқони” ётоқхона олдида турган иш берувчи ширкат вакиласи Надежда Кузнецовани учратиб қолди. “Нега сиз ноқонуний муҳожирларни бу ерга жойлаштиряпсиз?” деган саволга, ширкат раҳбари:

- Нима деяпсиз ўзи? Нима, сиз менга келиб ишлайсизми? Сиз суткасига 24 соат ишлайсизми? 18 соат суткасига ишлайсизми? Йўқ!- дея жавоб берди Фабрициус, 36 манзили бўйича яшаётган ўнлаб “фаррош, сантехник ва дворник” бу ерга “фақат овқатлангани ва кийимини алмаштиргани келгани”ни гапирган Надежда Кузнецова.

“Москва қалқони” – Кремл лойиҳасими?


Бундан олдин ҳеч кимга таниш бўлмаган “Москва қалқони” ташкилоти, айрим маълумотларга кўра, кремлпараст “Россия Молодая” миллатчи ёшлар ташкилоти лойиҳасидир. “Москва қалқонини” боқшарадиган Алексей Худяков ташкилот фанатлар, ултраўнгчи тақирбош гуруҳларини ўз қаноти остига бирлаштириб, шаҳарни ноқонуний мигрантлардан тозалашни мақсад қилиб олганини яширмайди.

Айни пайтда, тақирбошларни бошқараётган Худяков Москванинг Манежная майдонида 2010 йилнинг 11 декабрида миллатчилар оммавий юришлари ва ОМОН билан тўқнашувларда иштирок этгани маълум. Миллатчилар орасида “провокатор” номи билан танилган Алексей Худяков ўзининг “сафдошлари”га қарши судда кўрсатмалар бергани ва улар қамалиб кетишида “фаоллик” қилгани ҳам маълум.

Москвада меҳнат қилаётган муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакили Ирина Шелектова Озодлик билан суҳбатда Москвда “ноқонуний мигрантлар ови” билан шуғулланаётган бир нечта ташкилот борлигини гапириб берди.

Ирина ноқонуний рейдларни уюштириб, муҳожирлар ҳуқуқларини поймол қилаётган “Светлая Русь” ҳаракати раҳбари Игор Мангушевни жавобгарликка тортишга уринганини айтади.

- Мангушев рейдлари бўйича биз кўп жойга мурожаат қилган эдик. ОБЭП (Иқтисодий жиноятларга қарши Ички ишлар бошқармаси)дан тортиб, жамоатчилик ташкилотларигача. Тўғрисини айтсам, шунчаки хат жўнатиш билан иш битмайди – улар жавоб бермайди. Биз ҳатто Москва пркуратурасига мурожаат қилганмиз – аллақандай хат олиб шу билан босди-босди бўлиб кетди. Биламанки, бу мурожаатларимиз юзасидан ҳеч қандай текширув олиб борилмаган,- дейди Ирина Шелектова.

“Фуқаровий кўмак” фаоли сўнгги пайтларда ноқонуний миграцияга қарши миллатчи ёшлар ва бошқа жамоатчилик ташкилотларининг фаоллашганини бевосита шаҳар мэри Сергей Собянин ва Россия Президенти Владимир Путиннинг мигрантларга қарши чиқишлари билан боғлайди.

Куни кеча, Москва мэри лавозими учун кураш бошлаган мухолифатчилар Алексей Навалний ва Сергей Удалцовлар ҳам сайловолди дастурини айнан “гастарбайтерларга қарши” шиорлар асосида тузгани маълум бўлди.

“Сова” таҳлил маркази олиб борган сўровга кўра, “Россия – руслар учун!” шиорини россияликларнинг 60 фоизи қўллаб-қувватлайди.
XS
SM
MD
LG