Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:23

Суриядаги жангда ўлган ўзбекистонликка Туркияда жаноза ўқилди


Сурияда шаҳид кетди, дея хотирланаётган ўзбекистонлик Бахтиёр Мирзабей жанозасига тайёрланган палакат сурати WhatsApp орқали Озодликка йўлланди.
Сурияда шаҳид кетди, дея хотирланаётган ўзбекистонлик Бахтиёр Мирзабей жанозасига тайёрланган палакат сурати WhatsApp орқали Озодликка йўлланди.
Истанбул шаҳридаги Фотиҳ жоме масжидида Суриядаги жанг майдонида ўлдирилган ўзбекистонлик Бахтиёр Мирзабейга ғойибона жаноза намози ўқилди. Ўзбекистонда диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ қатор айбловларда айбланган Мирзабейнинг сўнгги йиллар ичида Сурияда бир неча юз аскарлик жангчилар гуруҳига қўмондонлик қилгани айтилди.


Ғойибона жаноза

21 июн куни Истанбулдаги йирик Фотиҳ жоме масжидида жума намозига йиғилганлар Сурияҳукумат қўшинларига қарши жангда ўлган ўзбекистонлик Бахтиёр Мирзабейга ғойибона жаноза намози ўқидилар.

(Ғойибона жаноза намози марҳумнинг жасади бўлмаган тақдирда ўқиладиган намоздир.)

Бу ҳақда WhatsApp орқали Истанбулдан Озодликка хабар йўллаган манбаларга кўра, Бахтиёр Мирзабейга шаҳидлик мақоми берилган.

Истанбулдан WhatsApp орқали Озодликка йўлланган сурат.
Истанбулдан WhatsApp орқали Озодликка йўлланган сурат.
"Bugun Turkiyaning Istanbul shahrida Fotih jomea masjidida juma namozidan sung Suriyada inshaAlloh shahid bulgan Bahtiyor amir Sabriy Uzbekiyni goyibona janozasi uqildi. ba'zi odamlarni qullarida amir Sabriy Uzbekiyni rasmlari bor edi", деб ёзди WhatsAppдан хабар йўллаган манба.

Хабарга кўра, Мирзабейнинг суратлари ва унинг хотирасига сўзлар битилган плакатларни кўтарган намозхонлар бу ўзбекистонликни Ислом дини ва мусулмонлар ҳимояси учун жон берган қўмондон "амир Сабрий Ўзбекистоний", деб улуғлаган.

Жаноза намозида иштирок этган ўзбекистонлик муҳожир, Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Истанбулдаги фаолларидан бири Алибой Йўляхшиев марҳумни хотирлаб юзга яқин одам келганини айтди:

- Бахтиёрни хотирлаб, қўлларида унинг номига плакат тутганларнинг сони 100 чоғли бор эди. Бу йигит Суриядаги жанг майдонида шаҳид кетган қўмондон сифатида алоҳида қадрланди. Мен "Ўзбеклар бирлиги" ташкилотининг бир аъзоси ўлароқ бу намоздан хабар топдим ва унда иштирок этдим, деди Йўляхшиев.

Истанбулнинг Фотиҳ жомеси жойлашган мавзесида Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидан борган қочинларнинг каттагина жамоаси истиқомат қилади.

Бахтиёр Мирзабейга ўқилган жаноза намозининг Фотиҳ масжидига тайинланиши ва намозхонлар сафида аёллар, ёш болаларнинг ҳам кўп бўлгани айнан шу сабаб билан изоҳланди.


Шаҳидлик

Турк матбуоти берган хабарларга кўра, сўнгги икки йил ичида Сурияда Башар Ассад ҳукуматига мухолиф бўлган исёнчи гуруҳлар сафида жанг қилган 36 яшар Бахтиёр Мирзабей 17 май куни жанг майдонида ўлган.

WhatsApp орқали Озодликка йўлланган сурат.
WhatsApp орқали Озодликка йўлланган сурат.
Турк матбуотида Бахтиёр Мирзабейнинг жанг майдонида тушган ва жанг майдонидан олиб чиқилган жасади суратлари ҳам чоп этилган.

Истанбулда яшаётган ўзбекистонлик журналист Камолиддин Йўлдош турк матбуоти ва туркиялик мусулмонларнинг Бахтиёр Мирзабей тақдирига бўлган эътиборини унинг айнан ўзбекистонлик қўмондон бўлгани билан изоҳлади:

- Бахтиёр қўмондон бўлгани учун, бир неча юз аскарнинг бошида бўлгани учун, Ўзбекистондай узоқ бир ўлкадан келиб, туркий бир қардош уммат учун жиҳод қилaяпти, деган ёки Каримовга қарши чиққан мусулмонлар бу ерларда ҳам уммат учун жиҳод қилаяпти, деган бир маъно касб этгани учун шундай бир эътибор кўрсатилди, деди Камолиддин Йўлдош.

Бахтиёрнинг тақдирини ўрганган Туркиядаги "Ўзбеклар бирлиги" ташкилоти раиси ўринбосари Aдам Челик бу ўзбекистонлик Сурияда 700 аскари бўлган жангчилар гуруҳига қўмондонлик қилганини айтади:

- У Суриядаги жангларда 700 аскарга қўмондонлик қилган. Унинг гуруҳида Туркистон ўлкаларидан борган ўзбек, қирғиз, қозоқ, уйғур ва шу каби миллатлардан йигитлар бор, деди Aдам Челик.


Жиҳод йўли

Одам Челик тўплаган маълумотларга кўра, Бахтиёр Мирзабей бундан уч йилча муқаддам Афғонистондан Туркияга келган:

- Афғонистонга эса 8 йилча муқаддам Ўзбекистондан борган. У ерда жанг қилиб юрган пайтда Америка ҳарбийлари томонидан асир олиниб, Бағром ҳибсхонасига келтирилган. Ҳибсхонадан омадли тасодиф билан ошпаз кўринишида қочишга муваффақ бўлган. Уч йилча муқаддам эса Туркияга келган, деди Адам Челик.

Унга кўра, Афғонистон, Эрон ва Туркиянинг чегара олди ҳудудларида Бахтиёр каби жиҳод қилиш истагида бўлган мусулмон йигитларни Сурия, Ироқ, Фаластин каби давлатлардаги жанг майдонларига юбориш билан шуғуллануви яширин гуруҳлар бор:

- Улар яширин йўллар орқали бундай йигитларни жиҳодга йўллаш билан шуғулланишади. Табиийки, очиқ йўллар билан эмас, дейди Челик.

Ундан олинган маълумотларга кўра, аслида Бахтиёр Мирзабей Туркияга келиши билан Қочқинлар бўйича БМТ Олий комиссарлигининг бу давлатдаги бўлимига бошпана сўраб мурожаат қилган:

- У қочқинлик мақомини олган эди. Лекин шунга қарамасдан турк хавфсизлик хизматлари ва полицияси Бахтиёрни мунтазам таъқиб қилди. Телефон сўзлашмаларини кузатди. Бахтиёр ва оиласига тинчлик бўлмади бу ерда. Кейин эса Бахтиёр Сурияга жангга кетган. Оиласи эса Мисрга кетди, деди Адам Челик.

Бахтиёр Мирзабейнинг оиласи — хотини ва 12 яшар ўғли айни дамда Мисрда жон сақламоқда.

Озодлик мухбири Адам Челик воситасида бу оила билан боғланишга муваффақ бўлди. Аммо Мирзабейнинг хотини ва ўғли хасталик сабаби билан Озодликка интервю беришни кейинга қолдирди.


Бахтиёр Мирзабей — Бекмирзаев?!

Истанбулдаги масжидда "Сурияда шаҳид кетган ўзбек қўмондони амир Сабрий Ўзбекистонийга ғойибона намоз ўқилгани" ҳақидаги хабар WhatsApp тармоғида ёйилиши билан бу йигитни таниган-билганлардан унинг шахсиятига оид хабарлар кела бошлади.

Жумладан, бир манба бу йигитнинг асли тошкентлик Бахтиёр Бекмирзаев экани ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан "Ваҳҳобийлик" диний-эктсремистик гуруҳи етакчиларидан бири сифатида айбланган аниқли уламо Обидхон қори Назаровга алоқадорликда гумон қилиниб, қидирувга берилгани ҳақида ёзди:

"Hohlasez davlat tomonidan quyilgan film linkini sizga yuboraman. u filmda ham Bahtiyorni familiyasi va fotosi kursatilgan", деб ёзган манба WhatsApp тармоғига бир неча йил муқаддам Ўзбекистон расмий телевидениесида намойиш қилинган "Xунрезлик" номли ҳужжатли филмнинг Youtubeдаги линкини ташлади.




"Xунрезлик"

Ушбу филмнинг олтинчи дақиқасида Обидхон қорига алоқадорликда айбланган ўзбекистонлик Шавкат Маҳмудов исмли шахснинг ҳозирда қидирувда бўлган Бахтиёр Бекмирзаев исмли шахс ёрдамида Қозоғистондан Ўзбекистонда қурол-яроғ олиб киргани иддао қилинган.

"Ҳунрезлик" номли ҳужжатли филмдан олинган сурат.
"Ҳунрезлик" номли ҳужжатли филмдан олинган сурат.
Озодлик ихтиëрида Сурия ҳукумат қўшинларига қарши жангда ўлгани айтилаëтган Бахтиёр Мирзабейнинг ушбу филмда тилга олинган Бахтиёр Бекмирзаев эканини тасдиқловчи конкрет далил йўқ.

Аммо марҳумнинг Туркия ва Сурияда кечган сўнгги йилларидан хабардор муҳожиратдаги ўзбеклардан бири Сайфуллоҳ Ўзбек ҳам бу икки шахснинг айни одам эканини иддао қилди.

WhatsApp тармоғи орқали Озодлик билан алоқага чиққан ва ҳозирда ўзи ҳам Сурияда жиҳодда эканини айтган Сайфуллоҳ:

"Ha shu (Бахтиёр Мирзабей - филмда кўрсатилган Бахтиёр Бекмирзаевдир - Таҳр.). ammo obid qoriga (алоқадор - Таҳр.) deyilganini eshitmaganman. Ohirgi paytlar turkiyaning qoya shahar degan joyida yashayotgan edi", деб ёзди.

Сайфуллоҳдан олинган маълумотга кўра, аслида Бахтиёр Мирзабей-амир Сабрий Ўзбекистонийнинг 200 аскарлик гуруҳи бор ва бу гуруҳ Суриядаги ўзбекистонлик жиҳодчилардан иборат қатор гуруҳдан биридир.

Озодлик мухбири Сайфуллоҳга Ўзбекдан нега жиҳод қилаётгани ва ўзбекистонликлик йигитлар нега айнан Сурияда жиҳод қилаётгани ҳақидаги саволларни берди.

Сайфуллоҳ аввал ўйлаб кўриши лозимлигини айтиб, ўзбек йигитларининг жиҳодчилик ҳаракат ҳақидаги саволлар жавобини кейинга қолдирди.


"Шаҳид" оиласи ёрдамга муҳтож

Истанбулдаги "Ўзбеклар бирлиги" ташкилоти вакили Адам Челик ҳам Бахтиёр Мирзабейнинг қидирувга берилгани ва Ўзбекистондан қочиб чиққанини тасдиқлар экан, Мирзабей ва Бекмирзаевнинг аслида бир шахс эканини билвосита тасдиқлади:

- Бу одам Ўзбекистондан Ислом Каримов ҳукуматининг зулмидан қочган ва Афғонистонга кетган. Ўзбекистондаги хоними ва икки боласи отасининг ортидан қочқинликка чиқа олмади. Улар бунга эришиш учун расман ажрашишган ҳам. Лекин ҳукумат бу оиланинг бирлашишига тўсқинлик қилди. Кейин Бахтиёр Туркияда қирғизистонлик бир ўзбек аёлига уйланди. Мирсда қолаётган иккинчи оиласидир, деди Aдам Челик.

Озодликда Бахтиёр Бекмирзаев (эҳтмолий Бахтиёр Мирзабей)га қарши Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари илгари сурган айбловларга оид конкрет маълумотлар йўқ.

Лекин туркиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Челик, Мирзабей-Бекмирзаевнинг Мисрдаги оиласи ҳам ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари тақиби хавфи остида қолаётганини таъкидлади.

Шунингдек, айни дамда 12 ёшли ўғли билан ёлғиз қолган ўзбек аёлининг молиявий ёрдамга ҳам муҳтожлиги таъкидланди.
XS
SM
MD
LG