Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:25

Чироқчилик милиционерлар ўғирликда айбланяпти


Чироқчида истиқомат қилувчи Фахриддин Оққўзиевнинг иддаосича, туман ички ишлар бўлими ходимлари аслида қотилликда айбланиши керак. Унинг айтишича, укаси 17 май куни қўлга олиниб, сўроқ учун ички ишлар бўлимига олиб келинган ва орадан бир неча соат ўтгач, бўлимдан унинг жасади чиққан.


Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани прокуратураси томонидан шу туман ИИБ бўлимининг бир неча ходими устидан мамлакат Жиноят Кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) ва 207-моддаси (Совуққонлик) билан жиноят иши 2013 йилнинг 14 июнида қўзғатилгани “Озодлик”ка 18 июнь куни маълум бўлди.

Чироқчи туман милицияси “Ишонч телефони” ходими бу маълумотни шарҳлашдан бош тортди.

Қашқадарё вилояти прокуратураси вакили хабарни тасдиқлади, лекин бошқа саволларга жавоб бермади.

Чироқчилик 39 яшар Фахриддин Оққўзиевга кўра, ички ишлар ходимлари (уларнинг неча нафар эканлиги маълум эмас) устидан иш очилиши унинг укаси Ҳусниддин Оққўзиевнинг ўлими билан боғлиқ.

Унинг айтишича, шу йилнинг 17 майида укаси, 1981 йил, 5 мартда туғилган Ҳусниддин Оққўзиевни милиция ходимлари Дилфуза Ботирова исмли аёлга нисбатан безориликда айблаб, сўроқ учун ИИБга олиб келган. Орадан бир неча соат ўтиб эса Ҳусниддин Оққўзиев вафот этган.

ИИБ ходимлари Фахриддин Оққўзиевга укасининг “ўз жонига қасд қилгани”ни айтган.

Бироқ Оққўзиев укасининг ўз жонига қасд қилганига ишонмайди. “Озодлик” билан суҳбатда у укасининг жасадида кўргани қийноқ изларини тасвирлар экан, мана бундай деди:

- Унинг ўнг оëғи бош бармоғи, тирноқлари синган. Қорин қисмида ҳамма томони кўкарган. Чап оëғининг тўрт панжаси нима биландир тикилган. Бўйин қисми кўкарган, кесиб ташланган. Чап қўли ҳам худди шунақа кесилган.

Озодлик: Қандай қилиб кесилган?

- Экспертиза қилганда одамнинг фақат орқа мияси билан қорин қисмидан то кўкрак қисмигача кесилади. Буни жиноят изини бекитиш учун бўйинларини кесган. Қулоғининг орқа томонидан то бўйни полний кесилган. Умуман из қолдирмаслик мақсадида қилинган. Кўкрак қисмида ҳамма томон кўкарган. Орқа томон беллари кўкарган. Оëқларининг ҳамма томони кўкарган, деб тасвирлади укасининг жасадини Фахриддин Оққўзиев.

Унга: "Тиббий экспертиза хулосаси борми сизнинг қўлингизда?" деган яна бир саволни бердик.

Бунга жавобан Фахриддин Оққўзиевнинг айтишича, ҳозиргача биринчи экспертиза қилинган ва у прокурорнинг сўровига биноан қилинган.

- Экспертиза қилиниши мумкин бўлмаган жойда прокурор терговчига айтган. Терговчи шуни қилдирган. Қоронғи жойда, бизнинг рухсатимиссиз. Бизнинг турар жойимизни билган ҳолда шу ишга қўл урган, прокурор Поëнов билан терговчи Дилмурод Норқулов. Бундан мен қониқмадим. Чироқчидан Қаршига олиб келиб тўртта доктор ҳамкорлигида қилдирдик. Кўкраги нима учун қорайган? Оëқлари нима учун синиб кетган? Қўллари кўкарган, шилинган. Қулоғининг орқа томонида ëрилган жойи бор. Ҳаммасини айтдим. Ўзидан ўзи одам ўзини осиб ташласмалиги керак. Мен ишонмайман. Шу кунгача экспертиза хулосаларини беролмаяпти. Бир ой бўлди, дейди Фахриддин Оққўзиев.

Хуллас, Фахриддин Оққўзиев укаси Ҳусниддиннинг қийнаб ўлдирилганига қатъий ишонади.

Унинг айтишича, милиция ходимлари укасига тегишли “Нокиа” мобил телефон аппаратини олиб ишлатиб юрган ва уларнинг устидан “Ўғирлик” моддаси бўйича иш қўзғатилгани шу билан изоҳланиши мумкин.

Фахриддин Оққўзиев ва марҳумнинг бошқа яқинлари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий хавфсизлик хизмати раиси, Бош прокурор номига ёзган аризаларида Ҳусниддин Оққўзиевни Чироқчи тумани ИИБ ходимлари ўткир қаттиқ жисм билан уриб ўлдиргани, сўроқ пайтида унга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланилгани иддао қилинади.

Арзгўйлар тақдим этаётган видеоматериаллар ва фотосуратларда марҳум Ҳусниддин Оққўзиевнинг баданидаги тан жароҳатлари яққол кўринади. (“Озодлик” таҳририяти мазкур видеоматериалларни Ҳьюман Райтс Уотч ташкилотига экспертиза учун топширди).

Мазкур жиноят ишини яқиндан ўрганаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов жиноят ишида ўта қўпол процессуал қонунбузарликларга йўл қўйилганини таъкидлади.

“Ҳусниддин Оққўзиевнинг ўлими юзасидан дарҳол жиноят иши қўзғатилиши лозим эди. Аммо прокуратура негадир бу иши шу пайтга қадар пайсалга солиб келди, марҳумнинг нега ИИБга келтирилгани, унга нисбатан жиноят ишининг ҳуқуқий ҳолатига баҳо бермади”, деди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳусниддин Оққўзиевнинг ўлимига ўхшаш ҳодиса Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ички ишлар бўлимида 2012 йилнинг ноябрида ҳам юз берган, ўшанда бўлим ходимлари томонидан 30 яшар Алмардон Бердиқулов қийнаб ўлдирилган ва мазкур ҳолат юзасидан терговчи Анвар Холиёров жавобгарликка тортилган эди.
XS
SM
MD
LG