Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:44

Чироқчида миршаблар ўғирлик ва совуққонликда айбланаяпти


2013 йилнинг 14 июнь куни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани прокуратураси томонидан туман ИИБ бўлимининг бир неча ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси (Ўғирлик) ва 207-моддаси (Совуққонлик) билан жиноят иши қўзғатилди.


Жиноят иши материалларига кўра, ИИБ ходимлари шу йилнинг 17 май куни маҳаллий фуқаро Ҳусниддин Оққўзиевни фуқаро Дилфуза Ботировага нисбатан безориликда айблаб, сўроқ учун ИИБга олиб келишган. Орадан бир неча соат ўтиб, номаълум сабабларга кўра, гўё гумондор ўз жонига қасд қилган ва вафот этган.

Чироқчи тумани ИИБ ходимлари марҳумнинг ёнидаги “Нокиа” русумли мобиль телефон аппаратини олиб, ишлатиб юришган.

“Ҳолбуки, укам ўз жонига қасд қилган эмас. Уни Чироқчи тумани ИИБ ходимлари ғайритабиий қийноқ усуллари билан қийнаб, уриб ўлдиришган”, дейди бу ҳақдаги видеоматериалларни ”Озодлик” мухбирига тақдим қилган Фахриддин Оққўзиев.

Марҳумнинг яқинлари Ўзбекистон Республикаси президенти, Миллий хавфсизлик хизмати раиси, Бош прокурор номига ёзган аризаларида Ҳусниддин Оққўзиевни Чироқчи тумани ИИБ ходимлари ўткир қаттиқ жисм билан уриб ўлдиришгани, сўроқ пайтида унга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланилгани иддао қилинади.

Арзгўйлар тақдим этаётган видеоматериаллар ва фотосуратларда марҳум Ҳусниддин Оққўзиевнинг баданидаги тан жароҳатлари яққол кўринади.

Бироқ, орадан роса бир ой ўтганига қарамай, ҳалигача суд тиббий экспертиза хулосаси эълон қилингани йўқ.

Мазкур жиноят ишини яқиндан ўрганаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов жиноят ишида ўта қўпол процессуал қонунбузарликларга йўл қўйилганини таъкидлайди. Хусусан, ҳуқуқ фаолига кўра, Ҳусниддин Оққўзиевнинг ўлими факти юзасидан дарҳол жиноят иши қўзғатилиши лозим эди, аммо прокуратура органи негадир бу иши шу пайтга қадар пайсалга солиб келди, марҳумнинг нега ИИБга келтирилгани, унга нисбатан жиноят ишининг ҳуқуқий ҳолатига баҳо бермади.

Эслатиб ўтамиз, айнан Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ ходимлари томонидан 2012 йилнинг ноябрида 30 ёшли Алмардон Бердиқулов қийнаб ўлдирилган ва мазкур ҳолат юзасидан терговчи Анвар Холиёров жавобгарликка тортилган.
XS
SM
MD
LG