Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:27

Обид қори суиқасдига алоқадорлар 3 июн куни яна суд қилинади


Обид қори Назаровга нисбатан суиқасдда гумон қилинган Юрий Жуковский исмли шахсга жиноий шерикликда айбланган, кейинчалик оқланиб, суд залидан озод қилинган икки ўзбек - Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларга қарши аппеляция тартибидаги маҳкама 3 июнга белгиланган.

"Айбловчилар судга жиддий ҳозирланган"

Швецияда Обид қори Назаровга суиқасдга алоқадорликда гумон қилинган Нодира Аминова ва Баҳодир Пўлатовлар устидан маҳкама 3 июн куни белгиланган.

Обид қорининг сафдошлари ва швед журналистлари бундан хабардор топганини айтмоқдалар.

- Мендаги маълумотларга кўра, айблов томонининг аппеляция тартибида киритган аризаси бўйича маҳкама 3 июн куни Сундсвалл шаҳрида бошланади. Биз бу вазиятни кузатиб боряпмиз, деди швед журналисти Ула Вестерберг.

Бундан хабардорлигини билдирган Обид қорининг яқин сафдоши Аҳмаджон Валиев ҳам маҳкамани кутаётгани ва унга жамоатчилик диққатини тортиш учун тез кунларда махсус баёнот тарқатишга ҳозирлик кўраётганини айтди.

Обид қори Назаровга 2012 йилнинг 22 февралида уюштирилган суиқасдга алоқадорликда гумон қилинган икки ўзбек — Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар ўтган йили 26 апрел кунги маҳкама қарори билан оқланган эди.

Исботини топмади, дея суд томонидан бекор қилинган айбловда бу икковлоннинг Обид қорига ўқ узгани гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийга жиноий шерик экани иддао қилинган.

Айбловни илгари сурган швед прокурор Кристер Петерссон (Krister Petersson) суд қароридан норози бўлган ва қарор устидан шикоят қилишини билдирган эди.

Яқинда прокурор билан мулоқот қилган швед журналист Ула Вестербергга кўра, айблов томони маҳкамага жиддий тайёргарлик кўрган.

Бу борада прокурорнинг ўзидан бирор маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.


Пўлатов ва Аминоваларнинг қаерда экани номаълум қолмоқда

Нодира Аминовани таниган ва у билан мулоқотда бўлганлар ярим йилча муқаддам у билан алоқалари узилиб қолганини айтмоқдалар.

Ўтган йилнинг кузида Озодликка интервю берган Нодира Аминова Юрий Жуковскийни таниши, унга кўмак берганини тан олган, аммо унинг асл ниятини билмаганини айтган эди.

- Жуда соддадил инсон бўлиб кўринди у бизга. Жиноятчига сира ўхшамайди. Акамнинг ўртоғи сифатида уйимизда меҳмон қилдик. Лекин, нима қилаётгани ҳақида бизга ҳеч нарса гапирмасди. Бир неча кундан кейин шу хабарни Интернетда ўқиганимиздан сўнг шок бўлиб қолдик. Чунки биз унга ёрдам берганмиз, ниятини билмаганмиз¸ деган эди Нодира Аминова.

Шунингдек, Нодира Аминова ўзбек тилидаги қатор ахборот воситалари, жумладан Озодлик радиосидан ҳам уни айбдорга чиқарган ва қоралаган муштарий ҳамда тингловчилар мулоҳазалари учун норози эканини айтган эди.

Ўша кезда 28 яшар Аминова турмуш ўртоғи Баҳодир Пўлатов ва фарзанди билан Швецияда яшаётгани, кейинги маҳкамани кутаётганини ҳам билдирган.

Шундан сўнг Озодликнинг ҳам у билан алоқалари узилиб қолди.

Бу аёл билан суҳбатлашган, мактуб ёзишган Швециядаги бошқа журналистлар ҳам Аминова билан алоқа узилгани, уни топиш имконсиз қолаётганини айтмоқда.

Ўз вақтида швед прокурори Кристер Петерссон икковлоннинг визаси тугаши ва уларнинг мамлакатни тарк этиши мумкинлигидан огоҳлантирган ҳамда уларни Ўзбекистонга депортация қилишни сўраган эди.

Маҳкама бу борадаги сўровларни ҳам қондирмаган.


Юрий Жуковсийнинг қаерда экани ҳам номаълум

Швед прокурори илгари сурган айбловга кўра, Обидхон қорига ўқ узганликда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси, 1978 йил туғилган Юрий Жуковскийнинг қаерда экани ҳам ҳозирча кенг жамоатчиликка номаълум қолмоқда.

Ўтган йили 12 октябр куни унинг Россияда қўлга олингани ҳақида норасмий хабар пайдо бўлган ва прокурор Петерссон бу маълумотларни шарҳламаган ҳолда қатъий хулосани тилга олган эди.

- Мен айнан жиноятни содир этган шахс қўлга олинганми ёки йўқми - бу ҳақдаги хабарни шарҳламайман. Чунки, матбуот орқали манфаатдор шахсларга маълумот беришни истамайман. Лекин очиқ айтишим керакки, суиқасдни содир этишда гумонланган шахсни қўлга олишга ордер берганмиз ва бу шахс, охир-оқибат, Швецияга келтирилади, деган эди прокурор Петерссон.

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати бу хабарни тасдиқламаган, аммо, инкор ҳам қилмаган эди.

Ҳозирча ҳар икки давлатнинг мутасадди идораларидан бу борада бирор аниқ маълумот олиш имконсиз қолмоқда.

Швед прокурори таниқли ўзбек имоми Обид қорига нисбатан суиқасдни унинг сиёсий ва диний фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблашини айтган.

Бироқ, Обид қорига уюштирилган суиқасд ортида Ўзбекистон ҳукумати ва унинг махсус хизмати турибди¸ деган иддаони аниқ тасдиқлайдиган далил йўқлигини ҳам таъкидлаган.

54 яшар Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди.

Яқинларидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, ўшандан бери Назаров шифохонада беҳуш қолмоқда.
XS
SM
MD
LG