Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Қизини эрта эрга берганларга жазо кучайди


Ўзбекистонда “турмуш қуриш ёшига етмаган шахс билан амалда турмуш қурган”ларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова маълум қилди.

Сенаторга кўра¸ 18 ёшга тўлмаган шахс билан турмуш қурган одам энг кам иш ҳаққининг бир неча ўн баробаригача бўлган миқдорда жаримага тортилиши, ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши ёки ҳибсга олиниши мумкин:

- 18 ёшга тўлмаган фарзандларини турмушга берган ёки уйлаган ота-оналар ёхуд уларнинг васийлари энг кам иш ҳақининг 30 дан 50 даражагача бўлган миқдорида жаримага тортилиши, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши ёки тўрт ойгача ҳисб қилиниши мумкин¸ деди Светлана Ортиқова Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда¸ сенатор Ортиқова қонунда гуманизм ғояларидан келиб чиқилган истиснолар мавжудлигини ҳам таъкидлади:

-Эслатиб қўяман, Ўзбекистон Оила кодексида никоҳ ëши эркаклар учун 18, аëллар учун 17 ëш қилиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлган тақдирда туман ëки шаҳар ҳокими истисно тариқасида никоҳ ëшини пасайтириши мумкин. Аммо ҳоким никоҳ ëшини фақат бир йилга пасайтира олади¸ деди сенатор.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:23 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон парламенти томонидан 29 апрел куни қабул қилинган мазкур қонунни 30 апрел куни президент Ислом Каримов имзолаган.

Қизларни эрта эрга бермаслик борасида тарғибот

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида ишлайдиган мулозима қиз Озодлик радиоси мухбири билан микрофонсиз суҳбатда аҳоли орасида қизларни эрта эрга бермаслик борасида тарғибот олиб борилаëтганини айтади.

Суҳбатдош бу борада ўз шахсий фикри ҳам борлигини таъкидлади:

- Менимча¸ қизлар учун турмушга чиқиш ëшини 20 ëш қилиб кўтариш керак. Бу ëшга келиб қизлар ўқишни тугатиш арафасида бўлади¸ оқ-қорани танийди¸ дейди мулозима.

Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари борасида Тошкентдаги Республика саломатлик ва тиббий статистика институтида қатор тадбирлар ўтказиб келинади.

Бу тадбирларда ўз маърузалари билан қатнашганини айтган тошкентлик врач Дилобар Аҳмедова ўзбек аëллариниг эрта турмуш қуришига принципал тарзда қарши эканини таъкидлайди:

- Қонунчиликда никоҳ ёши 17 ёш деб белгиланган. Менимча бу ёшда турмушга чиқиш эрта. Биринчидан, турмушга чиқаётган қиз жисмонан, руҳан тайёр эмас. Уни оилада келинлик вазифаларига тайёр эмаслигини ҳисобга олсак, турмушга чиқиш ёшининг қизлар учун 20-22 ёш, йигитлар учун 23-25 ёш деб белгилангани маъқул¸ дейди Дилобар Аҳмедова.

Суҳбатдошимиз бўлган тошкентлик врач 18 ёшгача фарзанд кўрган аёлларнинг чақалоқлари орасида ўлим ҳолатлари 20 ёшдан кейин она бўлган аёллардагига қараганда кўпроқ учрашини ҳам таъкидлади.

Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова қизини эрта эрга берганларга жазо кучайганлигини жамиятдаги эҳтиëж билан изоҳлади:

- Биз мутахассис олимлар¸ гинекологлар ва социологлар фикрини инобатга олиб¸ Ўзбекистон Оила кодекси бўйича жавобгарликни кучайтирдик. У ëки бу қонун жамият эҳтиëжи боси қабул қилинади. Демак¸ бу соҳада жавобгарлик кучайишига эҳтиëж мавжуд экан¸ дейди Светлана Ортиқова.

Урф-одатлар босими

Қонунлардаги чекловларга қарамасдан, Ўзбекистонда қизларни 15-16 ëшида эрга бериш ҳолатлари кўп кузатилади.

Врач Дилобар Аҳмедовага кўра¸ бундай ҳолларда никоҳ расман қайд қилинмайди ëки келиннинг гувоҳномаси сохталаштирилади:

- Жамоатчилик зеҳнияти бундай ҳолларда қари момо ва бувиларимиз ҳикоясига таянади. Бувиларимиз 11-14 ёшларда турмушга чиққанини фаxрланиб гапиришади. Бу ўринда ҳар доим ҳам кексалар гапи тўғри эмаслигини тушунишимиз лозим, дейди суҳбатдош.

Жамоа фикри-устивор бўлган Ўзбекистон жамиятида ëши сал ўтган қизларга салбий муносабат шаклланган.

Бухоро ва Самарқандда бундай қизларга нисбатан “пирдухтар”¸ Тошкентда “қариқиз”¸ Фарғона водийсида эса “ўтириб қолган қиз “ тарзида ҳақоратомуз калималар қўлланилади.

Социолог олимлар зеҳниятни қонуний чекловлар билан ўзгартириш мушкуллигини айтиб келишади.
XS
SM
MD
LG