Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:17

“Ўздунробита”ни тугатиш жараëни бошланди



Россияга қарашли МТС ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита” уяли алоқа операторининг 13 та вилоятдаги бўлимларини банкрот деб эълон қилиш ва назоратга олиш жараёни бошланди. 22 апрел куни Тошкент шаҳар хўжалик суди “Ўздунробита” мобил алоқа ширкатини банкрот деб эълон қилган эди.

Россиянинг РИА Новости ахборот агентлиги хабарига кўра, МТС-Ўзбекистон бренди остида фаолият юритган “Ўздунробита”нинг 13 та вилоятдаги бўлимини банкрот деб эълон қилиш жараёни Қорақалпоғистон Республикаси Хўжалик суди ва Ўзбекистон вилоятларидаги Хўжалик судлари ажримларига мувофиқ бошланган.

Судлар қарорига мувофиқ, бўлимларга вақтинчалик бошқарувчилар тайинланган.

Россияда май байрами нишонланаётгани сабабли Россиянинг МТС ширкати расмийларидан муносабат олишнинг имкони бўлмади.

РИА Новостига кўра, “Ўздунробита” кредиторларининг навбатдаги йиғилиши 3 июнда бўлади. 10 июнга белгиланган кредиторлар йиғилишида эса бўлимлар банкротлиги масаласининг муҳокама этиши кутилмоқда.

Жорий йил 22 апрел куни Тошкент шаҳар Хўжалик суди “Ўздунробита” мобил алоқа ширкатини банкрот деб эълон қилган эди.

Тошкент шаҳар Хўжалик судининг 2012 йил ноябр ойида чиқарган қарорига кўра, "Ўздунробита" ширкати ўз зиммасига юклатилган 600 миллион долларлик молиявий даъволарни саккиз ой муддат ичида тўлаб битириши керак эди. Мажбуриятини бажара олмагани учун “Ўздунробита” мол-мулки унинг ҳақдорларига ўтади.

МТС ширкатидаги манбаларнинг Озодликка айтишича, "Ўздунробита" ширкати кредиторлари сони кўп ва уларнинг асосийси Ўзбекистон ҳукумати ҳисобланади. Ҳукумат номидан кредитор сифатида Давлат Солиқ қўмитаси иш юритади.

Мутахассислар "Ўздунробита"дан қоладиган техника воситаларини махсус компьютер программаларисиз ишлатиб бўлмаслигини айтмоқда.

Фаолияти тўхтатилгунига қадар "Ўздунробита" Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа оператори эди.

Алоқа доираси мамлакатнинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олувчи оператор 9 миллиондан ортиқ абонентга хизмат кўрсатган. Бу Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизидан кўпроғини ташкил қилган.

“Ўздунробита” фаолияти тўхтатилиши ортидан унинг миллионлаб мижози мамлакатда фаолият юритувчи бошқа ширкатларга ўтиб кетишга мажбур бўлди.
XS
SM
MD
LG