Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:44

Тадбиркорлардан Гулноранинг "Асрлар садоси" учун ўлпон олинмоқда


Бухорода "Асрлар садоси"
Бухорода "Асрлар садоси"

Ўзбекистондаги кичик тадбиркорлар Фонд Форум жамғармасининг лойиҳаси бўлган “Асрлар Садоси” анъанавий маданият фестивали учун пул тўлашга мажбурланмоқда¸ деб хабар йўллади Озодликка ўз манбалари.

Олтинчи "Асрлар садоси" анъанавий маданият фестивали 2013 йил 4-5 май кунлари Навоий вилоятининг Сармишсой қишлоғида бўлиб ўтади.

Сармишсойлик тадбиркорлардан бири¸ исмини айтмаслик шарти билан Озодликка гапирар экан¸ янги ўлпондан сира рози эмаслигини таъкидлади:

- Бу тадбир учун Навоий вилоятидаги ҳар бир тадбиркор камида 200 минг сўм тўлашга мажбурланди. Ҳисобида пул борми-йўқми¸ сўраб ҳам ўтиришмади.
"Тўлайсан вассалом"¸ дейишди. Ишонмасангиз¸ тўлов қоғозларини сизга юбораман. Биз тадбиркорлар ўзимиз истамаган ҳолда Гулнора Каримова кўнгилхушлигини молиялаяпмиз¸ дейди ўз исми сир қолишини истаган тадбиркор.

Суҳбатдошга кўра¸ бюджетдан ойлик олаëтганлар ва банк ходимлари маошидан ҳам "Асрлар садоси"учун пул ушлаб қолинмоқда.

Айни манба¸ бу янги ўлпоннинг қай тарзда ундирилиши тафсилотларини ҳам айтиб берди:

- Масалан, пул кўчириш учун банкка борасиз. Банк ходими сизга "Асрлар садоси" учун фалонча пул ўтказ, мана бу ҳисоб рақамига, деб айтади. Мен қаршилик қилсам¸ ичкаридан бошқарувчи чиқиб ялинди. Охири "Асрлар садоси"га пул кўчиришга мажбур бўлдим¸ дейди тадбиркор.

Мазкур суҳбат ортидан Озодлик манбаси¸ ўзининг Каримова фондига пул ўтказганини исботловчи тўлов топшириқномаси нусхасини таҳририятга йўллади.

Гулнора Каримова тадбирига "ҳомийлик" ҳақидаги банк тасдиқномаси.
Гулнора Каримова тадбирига "ҳомийлик" ҳақидаги банк тасдиқномаси.
Ўзбекистон Миллий банкининг вилоятлардан бирида ишловчи ўзини Гулбаҳор деб тақдим қилган ходими тадбиркорларни ҳомийликка мажбурлаш тизимини тушунтириб берди.

Суҳбатдошга кўра¸ аввалига банк бошқарувчисига фалон тадбирга фалон сўм ундириб берасан, деган оғзаки буйруқ ҳокимликдан келади:

- Ëзма буйруқ эса тавсиявий мазмунда бўлади. Тадбиркорлар ўртасида тарғибот- ташвиқот олиб бориб, уларни давлат ўтказаëтган тадбирларда ҳомий бўлишга чорлаш ҳақида гап боради бу ҳужжатларда¸ деб таъкидлаган суҳбатдош айни пайтда бу жараëннинг амалда мажбурийлигига эътибор қаратди.

Озодлик тасарруфидаги бир ҳужжатда хориждан Ўзбекистон ҳудудига кириб келаëтган ширкат зиммасига "Асрлар садоси" тадбирига ҳомий бўлиш мажбурияти юклатилгани ҳам ўз исботини топган.

Бунинг эвазига бу ширкат Ўзбекистонда қудратли “ҳомий” га эга бўлади.

“Асрлар Садоси” анъанавий маданият фестивали¸ аслида¸ пул майсаларини ўрадиган машина сифатида кўрилади.

2008 йилда Фестивал Шаҳрисабз яқинида, 2009 йилда эса Тошкент вилоятида ўтказилди. 2009 йилдан бошлаб "Асрлар садоси" анаъанавий санъат фестивалига хориждан яна бир ҳомий - ЮНЕСКО ҳам қўшилди.

2010 йили фестивал Хивада Ичан-Қалъа тарихий ёдгорлиги ҳудудида ўтказилди.

2011 йили "Асрлар садоси" Бухоро шаҳрида бўлиб ўтди. 2012 йилда "Асрлар садоси" анъанавий маданият фестивали Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги қадимий Тупроққалъа ёдгорлигида ўтказилди.

Ўлпонлар остидаги тадбиркор

Қонунда белгиланган солиқларга илова бўлган “ўлпон” тадбиркорлар учун фақат “Асрлар садоси” байрами учун тўланадиган тўловдангина иборат эмас.

Мамлакат¸ вилоят ва туман миқëсида ўтадиган байрам ва бошқа тадбирлар асосан тадбиркорлардан “юлинган” пул ҳисобидан амалга ошириб келинади.

Масалан¸ Хоразмда Жалоллиддин Мангубердига ҳайкал қўйилганида тадбиркорлар қатори Мусулмонлар идорасидан ҳам ўлпон олинган эди.

Маҳаллий имом¸ “Биз ҳайкалга пул йиғиб бера олмаймиз¸эътиқодимизга ва масжид низомига тўғри келмайди"¸ деганида вилоят ҳокими ғазабига дучор бўлган эди.

Бундан ташқари¸ Озодлик манбалари таъкидича¸ тадбиркорлар орасида “Спорт солиғи” деб аталадиган ўлпон ҳам бор.

Ўзбекистон президентнинг Болалар спорти жамғармасига оид 2012 йил 13 феврал кунги қарорида жамғармага қайси корхона неча пул ўтказиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Президент қарори билан солинган “Спорт солиғи”ни тўловчилар рўйхатида ҳаммаси бўлиб 66 та корхона, ташкилот ва банк-кредит муассасаси бор ва бу
корхоналарнинг жами 41 ярим миллиард сўмдан кўпроқ пул ўтказиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Саодат Нишоновага кўра , бу хилда сиёсат юритиб солиқдан бошқа тўловларга тадбиркорларни мажбурлаш пировардида иқтисодни чўктиради:

- Чунки, ҳукумат у ёки бу баҳона билан пул талаб қилаверганидан кейин корхоналарда ривожланишга сарфлаш учун пуллари қолмайди, дейди Саодат Нишонова.
XS
SM
MD
LG