Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:27

“Фарғона Азот” ишчилари икки ойдан бери ҳақсиз ишламоқда


"Фарғона Азот" Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхоналаридан биридир.
"Фарғона Азот" Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхоналаридан биридир.

Фарғона шаҳридаги “Азот” заводи ишчиларига икки ойдан бери ойлик маош берилмаяпти. Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланган “Фарғона Азот” очиқ акциядорлик жамияти корхонасидаги бир гуруҳ ишчилари Озодликка йўллаган мактубида феврал ойидан бери заводнинг асосий цехларида ишлаб чиқариш тўхтаб қолгани корхонанинг бошқа тармоқларидаги ишга ҳам таъсир ўтказаётганини ёзишди. “Азот” заводи ва Ўзкимёсаноат давлат ширкати мутасаддилари Озодлик билан бу хусусда гаплашишни истамади. Айни пайтда Фарғона шаҳар ҳокимлигининг иқтисодий масалалар бўлими расмийси корхона ишчиларига ойлик берилмаётганини тасдиқлади.


Ўзларини “Фарғона Азот” заводи ишчилари деб таништирган бир гуруҳ Озодлик муштарийларидан келган мактубда ёзилишича, корхона раҳбарияти икки ойдан ошиқ вақтдан бери ишчилар ойлик маошини тўлашдаги муаммони ҳал қилмаётир.

Мактубда ёзилишича, “Заводнинг асосий объекти ҳисобланган аммиак ишлаб чиқариш цехи шу кунларда тўхтаб қолган. Аммиак бўлмаса, селитра, карбамид ўғитларини ишлаб чиқариш ҳам тўхтаб қолади”.

“Фарғона Азот” корхонасидаги асосий ишлаб чиқариш объектининг феврал ойидан бери тўхтаб қолгани хўжалик ҳисобидаги корхона бўлган завод маҳсулот чиқармай қўйишига сабаб бўлган. Бу эса ўз навбатида икки ойдан ортиқроқ вақтдан бери ишчиларга ойлик тўланмаётганига олиб келган.

Озодликка келган мактубда яна айтилишича, ишлаб чиқариш тўхтаб қолишига корхона бош инжинери Нормад Иброҳимов ва бошқа мутасадди раҳбарларнинг ишни бошқариш усуллари нотўғрилиги олиб келган.

“Шу масалани ёритсангиз. Қачонгача оддий ишчилар қийналиб ишлаб, ойликларини ололмай юришади”, дея илтимос қилишади яна мактубда “Фарғона Азот” ишчилари.

Озодлик мухбири мактубда исмлари келтирилган “Фарғона Азот” раҳбарияти билан боғланишга ҳаракат қилди. Қабулхона телефон гўшагини кўтарган ходим раҳбарият ҳозирда йўқлиги, бу масала хусусида корхона юристи Насиба Маҳкамовага мурожаат қилишимизни маслаҳат қилди.

Корхона юристи эса Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

- Бизникилар ëзибдими сизларга?

Озодлик: Ҳа, Фарғона азот заводининг бир гуруҳ ишчилари.

- Бу можаро бўйича мен билан эмас, фақат раҳбарият билан гаплашасиз,- дея гапни қисқа қилди “Фарғона Азот” очиқ акциядорлик жамиятининг юристи Насиба Маҳкамова.

Айни пайтда, Фарғона шаҳар ҳокимлигининг иқтисодий масалалар бўлими мутасаддиси, “Фарғона Азот” корхонасидаги вазиятдан хабари борлигини тан олди. Озодлик билан микрофонсиз ва исми сир қолиши шарти билан гаплашган мулозим корхона ишчилари ҳақиқатан феврал ойидан бери маош олмаганини тасдиқлади. “Ҳозир бу масалани ҳал қилиш йўллари қидирилмоқда, корхонага қисқа муддатли кредит олиб бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу кредит ҳисобидан май ойи бошларида маошдан тўпланиб қолган икки ойлик қарздорлик ёпилишига умид қиляпмиз”, деди Фарғона шаҳар ҳокимлиги мулозими.

Унинг айтишича, ўтган йилнинг охирида ҳам “Фарғона Азот” корхонаси ойлик маошларни қисқа муддатли кредит ҳисобидан тўлаган.

“Фарғона Азот” хўжалик ҳисобидаги корхона бўлгани учун ҳозир молиявий масалада қийинчиликлар юзага келган. Сабаби қишлоқ хўжалиги объектлари заводдан чиқадиган ўғитларни олиб бўлишган. Ҳозир талаб йўқлиги боис корхонада ишлаб чиқариш вақтинча қисқарган”, деди шахси сир қолишини истаган мулозим.

“Фарғона Азот” заводидаги аммиак ишлаб чиқариш цехи нима сабабдан тўхтаб қолганига оид савол билан эса суҳбатдошимиз бу масалалар бўйича мутасадди ҳисобланган Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Нурали Назаровга мурожаат қилишимизни маслаҳат қилди.

Озодлик у берган телефон рақамига қўнғироқ қилди. Лекин телефон гўшагини кўтарган киши Озодлик мухбири билан гаплашаётгани ва “Фарғона Азот” масаласини суриштараётганини эшитгач, суҳбат бундай бўлди:

Озодлик: Нурали аками бу?

- Ҳа.

Озодлик: Нурали ака, яхшимисиз? Менинг исмим Фаррух. Журналист бўламан. Озодлик радиосидан телефон қилаяпман сизга. "Азот" заводи ишчилари бизга мактуб йўллаб “Икки ойдан бери ойлик беришмаяпти бизга. Шуни суриштириб кўринглар. Бошлиқлар айтмайди. Завод цехларининг баъзилари тўхтаб қолди” дейишаяпти.

Ака, мен сизни тушунмаяпман. Қаерга телефон қилаяпсиз?

Озодлик: Менга Нурали Назаров деган одамнинг номери деб шу номерни беришди. Сиз бўлсангиз керак шу.

- Йўқ, нотўғри беришибди.

Озодлик: Сиз Нурали акамисиз?

- Йўқ, мен бошқа одамман.

Озодлик: Бошқа одаммисиз?

- Бошқа одамман.

Озодлик: Бошида “Мен Нуралиман” дедингизку.

- Нотўғри беришибди. Мен бошқа Нуралиман.

Озодлик: Фарғона шаҳар ҳокимининг ўринбосари эмассиз.

- Йўқ,- деди Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосарига тегишли экани айтилган телефон гўшагини кўтарган шахс.

Ўз навбатида “Фарғона Азот” корхонасини назорат қилувчи “Ўзкимёсаноат” давлат ширкати мутасаддилари ҳам Озодликнинг ишчилар ойлиги билан боғлиқ саволига жавоб беришни истамади. Давлат ширкати вакилларидан бири саволларни ёзма тарзда юборишимизни маслаҳт қилди, лекин ёзма мурожаатни кимга ва қайси адресга юборишимизни айтмади.

“Фарғона Азот” очиқ акциядорлик жамияти Ўзбекистонда минерал ўғит ишлаб чиқарувчи энг йирик ва саноқли корхоналардан биридир. Ундан 7 минг одам меҳнат қилади. Корхонада аммиак селитраси, суюқ аммиак, карбамид, натрий хлорати, целлюлоза каби маҳслуотлар ишлаб чиқарилади.

“Фарғона Азот” ишлаб чиқарган маҳсулотлар Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Хитой, Эрон ва Афғонистон каби мамлакатларга экспорт қилинади.

Ўзбекистонда йирик корхона ишчиларига ойлаб маош берилмаслиги кейинги пайтларда одатий ҳолга айланмоқда.

Ўтган йил ноябрида Қибрайдаги Тошкент иссиқлик электр станцияси ва Ширин шаҳридаги Сирдарё иссиқлик электр станцияси ишчилари бир неча ой мобайнида маошларини ололмагани Озодликда ёритилганидан кейин бу масала ҳал бўлган эди.
XS
SM
MD
LG