Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:16

Ўзбекистон Ҳаво йўллари самолёти "гаровга олинди"


Бундан бир неча ҳафта аввал Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкатига қарашли самолёт Бангкок аэропортидан уч кун давомида уча олмай қолиб кетгани маълум бўлди. Самолётнинг учирилмаганига Ўзбекистон ҳаво йўлларининг Тайландга қарашли ширкатдан ёнилғи учун катта миқдорда қарзини тўламагани сабаб бўлгани айтилмоқда. Авиаташувчиларга ёнилғи етказиб берадиган Тайланднинг давлатга қарашли PTT ширкати вакиллари ўзбекларнинг бир неча миллионлик қарзи борлигини тасдиқлади, лекин Бангкок-Тошкент йўналиши бўйича учган самолётнинг тўхтатиб қолинганидан бехабар эканликларини айтмоқда.


HY534 Бангкок-Тошкент рейси уч кун "гаровда қолди"

Ўзбекистон ҳаво йўлларига қарашли самолёт Бангкокнинг Суварнабхуми (Suvarnabhumi) халқаро аэропортида уч кун давомида уча олма, қолиб кетгани ҳақида Озодликка Тошкентдаги манбамиз Скайп орқали хабар қилди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ўтган ойнинг охирларида Бангкок-Тошкент йўналиши бўйича учиши керак бўлган HY534 сонли парвоз амалга ошмай қолган. “Бунга Ўзбекистон ҳаво йўлларининг Тайланддаги маҳаллий ширкатдан катта қарзи бўлгани сабаб бўлган. Тайланд қарзни тўламасаларинг, самолёт гаровда қолади, деган. Тошкентга қайтаётган сайёҳлар уч кун сарсон бўлиб қолиб кетишибди”, деди тошкентлик суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳаво йўллари Бангкок аэропорти маъмурияти билан музокара қилиб, уч кундан кейин самолёт ортга қайтган.

Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатидан бу вазият бўйича изоҳ олишнинг иложи бўлгани йўқ. Лекин Тайландга сайёҳлик турларини ташкил қиладиган Тошкентдаги агентликлардан бирининг ходими HY534 сонли парвозни амалга оширган Boeing 676 русумли самолёт Бангкокда уч кеча қолиб кетганини тасдиқлади, лекин сабабларини билмаслигини айтди. Маълум бўлиши, бу ҳодиса 20-24 март кунлари рўй берган.

- Ҳа, бу воқеа тахминан бундан икки ярим уч ҳафта аввал рўй берди. Лекин аниқ санаси ҳозир эсимда йўқ. Самолёт икки ярим кунга кечикиб учди. Бунинг сабабларини аниқ билмайман, бизга самолёт қолиб кетибди, деб айтишди, бошқа тафсиолтлардан хабарим йўқ. Лекин мижозларимизнинг ортиқча хавотирланишига ҳожат йўқ, ҳозир барча келишмовчиликлар ҳал қилинган ва бундай ҳодиса такрорланмаслигига умид қиламиз. Ҳозир Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳафтасига уч марта парвоз амалга оширмоқда ва самолётлар лиқ тўла. Жуда кўп одам учяпти, шунинг учун энди бунақа кечикишлар бўлмайди, деган умиддамиз,- деди Тошкентдаги сайёҳлик агентлиги ходими.

Бангкокнинг Suvarnabhumi халқаро аэропорти вакили, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистон самолёти нима сабабдан уч кун давомида аэропортдан чиқарилмаганини изоҳлашдан бош тортди. Аэропорт ходими бу масалада Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкатига ёнилғи етказиб бериш билан шуғулланадиган РТТ ширкатига мурожаат қилишимизни маслаҳат қилди.

Ўзбекларнинг қарзи бир неча миллионга тенг

Тайланд давлатига қарашли РТТ ширкатининг ўзини Хун Чайпрют (Khun Chaipruet) деб таништирган вакили Озодликка Ўзбекистон Ҳаво йўлларининг бир неча миллион долларлик қарзи тўпланиб қолганини тасдиқлади, лекин ўзбек самолёти Бангкок аэропортида ширкат талаби билан ушлаб қолиндими, деган саволга жавоб бермади.

- Ҳозир сизга аниқ рақамларни айта олмайман. Лекин бир неча миллионга тенг қарз ҳақиқатан бор. Лекин мижозларимиз орасида қарзларини тўламаган ширкатлар кўп. Улар РТТ билан бу вазиятни ҳал қилиш устида доимий ҳамкорлик қилишади. Ўзбекистон Ҳаво йўлларининг қарзи билан боғлиқ вазият бошқа ширкатлар билан олди-бердимизлаги вазиятдан фарқ қилмайди. Лекин вазият ўзбек самолётининг ушлаб қолинишига олиб келганчалик жиддийми йўқми, сизга айта олмайман. Самолёт ушлаб қолинишига бошқа сабаблар ҳам бўлган бўлиши мумкин, балки аэропорт маъмурияти билан келишмовчилик чиққандир, балки бошқа муаммо бўлгандир,- деди Тайланднинг давлатга қарашли РТТ ширкати вакили жаноб Чайпрют.

Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкати сўнгги йилларда қийин иқтисодий аҳволда экани айтилади. Ширкатнинг халқаро парвозларни ташкил қилиш хизмати вакилларидан бири, Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда, молиявий қийинчиликлар, бир неча йил аввал учувчилар, айниқса, бортпроводик ва йўловчиларга хизмат кўрсатувчи ходимлар маошлари ва хизмат сафари харажатларининг қисқартирилишига сабаб бўлган.

“Ўзбекистон Ҳаво йўллари давлат дотациясига қараб қолган ва йиллардан бери ўзининг зарарига ишлашга мажбур”, дейди суҳбатдошимиз.

Шу йилнинг бошидан Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпанияси ҳам халқаро, ҳам маҳаллий рейслар учун чипталар нархини 20 фоизга оширди.

Лекин иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан, Ўзбекистон Ҳаво йўллари ўтган йили АҚШдан ҳар бирининг нархи 175 миллион долларга тенг Boeing-767-300-ER русмидаги иккита самолёт сотиб олган. Бундан ташқари 220 миллион доллар турдадиган Boeing-787 Dreamliner русумли иккита учқичга буюртма берилган.
XS
SM
MD
LG